Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2015 год / № 32-33 / Криминалист эксперт ён дафтаридан

Машинани олиб бориб урманг

Расмий статистикага кўра, Ўзбекистонда автомобилда юк ташишларнинг ҳажми 2000 йилдан 2013 йилга қадар 8,9 млрд тонна-километрдан 29,2 млрд тонна-километрга – 228%, йўловчи ташиш ҳажмлари эса 23,3 млрд йўловчи-километрдан 83,3 млрд йўловчи-километрга – 257% ошган. Шубҳасиз, бундай шароитларда йўл ҳаракатининг хавфсизлигини таъминлаш мушкуллашади. Ўзбекистон Республикаси ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси матбуот хизматининг маълумотларига қараганда, ҳар йили мамлакатимизда 2 мингдан 2,5 минг нафарга қадар киши автомобиль аварияларининг қурбонига айланади, 10 мингдан 11,5 мингга қадар киши эса турли даражадаги оғирликда тан жароҳати олади. Жабрланувчиларнинг катта қисмини пиёдалар ташкил этади.

 

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ҳаракат хавфсизлиги ва транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларини бузишлар билан боғлиқ жиноятларнинг тезкор ва тўлиқ очилиши жабрланувчилар, айниқса уларнинг энг заиф қисми – пиёдаларнинг ҳуқуқларини таъминлаш гарови ҳисобланади. Бунда терговчига трассологик экспертиза беқиёс ёрдам кўрсатиши мумкин. Амалиётнинг кўрсатишича, бундай экспертиза кўпинча пиёдани машинада уриб кетиш ҳолатининг ўзини, ҳодиса механизмини, шунингдек йўл-транспорт ҳодисаларининг бошқа ҳолатларини белгилашда асосий ўрин тутади. Буларни тергов жараёнида ўтказилган трассологик экспертизалар ҳам яққол кўрсатади.

Ўтган йил февралида «Нексия» автомобили ҳайдовчиси йўл-транспорт ҳодисасига хос бўлган шикастланишлар билан бир фуқарони касалхонага олиб келди. Жабрланувчи ўзига келмай вафот этди. Ҳайдовчининг кўрсатишича, у ўзини билмаган ҳолда йўлнинг транспорт юрадиган қисмида қонга беланиб ётган кишини кўрган, уни автомобилга ётқизиб, яқин орадаги касалхонага олиб келган.

Ҳайдовчининг кўрсатмаларини текшириш ва унинг уриб кетишга дахлдорлиги ёки дахлдор эмаслигини аниқлаш учун терговчи автомобиль ва жабрланувчи кийимининг трассологик экспертизасини тайинлади. Эксперт олдига автомобиль кузовида пиёдага бориб урилганда ҳосил бўлган шикастланишлар ва (ёки) изларнинг борлиги ҳамда дастлабки зарба қаерга берилганлигини аниқлаш вазифаси қўйилди. Жабрланувчининг кийимига қараб эса унда машинада бориб уриш учун хос бўлган шикастланишлар ва (ёки) изларнинг борлигини ҳамда киши бу вақтда қандай ҳолатда – тик ёки ётган бўлганлигини аниқлаш зарур эди.

Трассологик экспертиза автомобиль кузовида пиёдага бориб урилиш учун хос бўлган бирор-бир шикастланишларнинг – чўзиқ ўйиқлар, лок-бўёқ қопламининг сийқаланиши, сирпаниш излари, кийимдаги излар, копотнинг орқага ўтиб қолиши, олд ойнанинг шикастланиши ва ҳоказолар мавжуд эмаслигини аниқлади. Буларнинг ҳаммаси ҳайдовчидан шубҳа-гумонларни олиб ташлаш имконини берди.

Ўтган йилнинг июлида юз берган бошқа ҳолда ҳайдовчи пиёдани уриб юборганлигини тан олди, бироқ унинг устидан ўтиб кетганлигини рад этди. Трассологик экспертиза натижалари ушбу кўрсатмаларнинг ишончсиз эканлигини белгилади. Хусусан, автомобилнинг таг қисмида ифлосланишлар ўчирилган, кардан валида эса кийим материалининг яққол изи топилди. Ўз навбатида жабрланувчининг кийимида йўл сатҳи бўйлаб судралишдан кенг сийқаланишлар; ёпишиб қолиш, чўзилиш ва ишқаланишдан учбурчаксимон ва лахтаксимон юлуқ матолар; қонга ўхшаган қўнғир модда доғи; ёнилғи-мойлаш материаллари қуйқалари бор эди. Бундай излар ва шикастланишлар эса узала ётиб қолган пиёданинг устидан машина ўтиб кетганигадир.

Ушбу мисоллар трассологик экспертизасиз баъзан бундай жиноятларни очиш мумкин эмаслигини кўрсатади. Бироқ йўл-транспорт ҳодисаларини текширишда экспертизанинг бошқа турлари аҳамиятини ҳам камситиб бўлмайди. Бунинг устига машина билан уришда автомобиль кузови ва деталларида, шунингдек жабрланувчининг кийимида ҳосил бўладиган изларни идентификациялаш кўпинча мушкул бўлади. Шу боис трассологик экспертиза доим ҳам жабрланувчига айни шу транспорт воситаси бориб урилганлиги тўғрисида қатъий хулоса чиқариб беролмайди. Кўпинча фақат ундаги излар пиёдага бориб урилиш натижасида ҳосил бўлганлиги эҳтимолини қайд этишга тўғри келади. Дарвоқе, бундай хулоса ҳам терговчининг ­эътиборидан четда қолмаслиги керак, терговчи ундан бошқа далиллар билан жамликда фойдаланиши мумкин.

Ишнинг барча ҳолатларини тўлиқ ва холисона аниқлаш учун эса терговчилар пиёдага бориб урилиш билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаларини тергов қилаётганда суд экспертизалари мажмуини – суд-автотехник, суд-биологик ва суд-тиббий, трассологик, шунингдек моддалар ва буюмлар материалларининг криминалистик экспертизасини тайинлашлари керак. Уларнинг ҳар бири ўзига хос бўлган махсус вазифаларни ҳал қилади.

Мисол учун, суд-автотехник экспертизаси пиёдага бориб урилиш пайтида автомобилнинг бузуқ эмаслиги, унинг ҳаракати траекторияси ва тезлиги, бориб урилиш ёки тўқнашувнинг олдини олиш аслида мумкинлиги ва ҳоказоларни белгилайди. Моддалар ва буюмлар материалларининг криминалистик экспертизаси терговчига жабрланувчининг кийимида кузовнинг лок-бўёқ қоплами, ёнилғи-мойлаш материаллари зарраларининг бор-йўқлигини белгилаш, уларнинг автомобилда топилган кийим юлуқлари ва унинг майда зарралари билан идентификациялашда ёрдам беради. Бироқ шуни эслатиш лозимки, бундай экспертизадан кўпинча идентификациялаш мақсадларида қатъий тарзда фойдаланиб бўлмайди. Чунончи, у одатда қопламнинг ранги ва автомобиль бўёғига мансублиги, шунингдек ёнилғи-мойлаш материалларининг транспорт воситаларидан фойдаланиш чоғида фойдаланиладиган ЁММга тегишлилигини аниқлаши мумкин.

Суд-тиббий экспертизасига келсак, у танадаги шикастланишлар пиёдага бориб урилиш натижасида олинганлигини аниқлаши мумкин. Улар тилимлар ва қонталашлар кўринишида шилинган жойлар, оёқ-қўл суякларининг кўплаб синиқлари ва бош суягининг майдаланиб синиши, синган ойна деталидан майда тилинган яралар ёки қирилган жойлар, ички органларнинг шикастланган қисмлари, автомобиль покришкалари нақшининг излари ва ҳоказолар бўлиши мумкин.

Ўз навбатида суд-биологик экспертизаси автомобиль кузови ва деталларида пиёдага бориб урилгандан кейин қолган биологик материалларнинг борлигини (қон, тери, соч, мия моддаси ва ҳоказоларнинг зарралари) аниқлашда ёрдам беради. Бунинг устига, қон гуруҳини белгилаш, ДНК таҳлили усули ва биологик материалларнинг бошқа замонавий текширувлари уларнинг аниқ бир кишига мансублигини ғоятда юқори даражада аниқ белгилаш имконини беради.

Одатда барча ушбу экспертизаларнинг натижалари фақат жамликдагина юз берган воқеа ҳақида аниқ тасвирни бериши мумкин. Шу боис терговчиларга Жиноят-процессуал кодексининг 173-моддасига қатъиян амал қилиш тавсия этилади, унинг биринчи қисмида назарда тутилишича, башарти иш бўйича портлашлар, ҳалокатлар ва бошқа фавқулодда ҳодисаларнинг техникавий сабабларини аниқлаш зарур бўлганда суд экспертизасини тайинлаш ва ўтказиш шарт. Гарчи бу ерда бундай ҳодисаларнинг бутун механизмини аниқлаш мақсадида экспертизани мажбурий тарзда тайинлаш назарда тутилмаса-да, бироқ ЖПК 173-моддасининг иккинчи қисмига кўра, иш учун аҳамиятга молик бўлган бошқа ҳолатларни аниқлашда ҳам, агар бунинг учун махсус билимларни қўллаш зарур бўлса ва бу ҳолатлар исботлашнинг бошқа воситалари билан пухта аниқланмаган бўлса, экспертиза ўтказиш шарт.

Криминалистика ҳам, ҳар қандай бошқа фан каби, бир жойда турмайди. Криминалистлар – олимлар ва амалиётчилар – трассологик экспертизаларни ўтказиш услубиятларини такомиллаштириш ва бу натижаларнинг идентификациявий хоссаларини ошириш устида ишлаяптилар.

 

Фотима ҲАМРОЕВА,
ЎзР Адлия вазирлиги ҳузуридаги

РСЭМ давлат суд эксперти.

 

Самир ЛАТИПОВ,

Тошкент давлат юридик университетининг
«Криминалистика» кафедраси ўқитувчиси.

Прочитано: 1592 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика