Norma.uz

Мурожаатлар: уларни кўриб чиқиш, рад этиш масалалари

Ижтимоий муносабатлар жадал суръатлар билан ривожланиб бораётган ҳозирги жараёнларда давлат органларига нафақат жисмоний шахслар, балки юридик шахсларнинг (улар турли жамоат бирлашмалари шаклида) ҳам мурожаатлари ошиб бораётганлиги «Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонун нормаларини давр талабидан келиб чиқиб янгилашни тақозо этди. Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонуни (3.12.2014 йилдаги ЎҚР-378-сон, кейинги ўринлардаҚонун) ана шу талаб-эҳтиёж туфайли қабул қилинди. 

 

Қонуннинг аввалги «Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонундан фарқли жиҳати шундаки, агар эски Қонунда фақат фуқароларнинг давлат органларига мурожаатлари соҳасидаги муносабатлар тартибга солинган бўлса, бу Қонунда жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат органлари ва муассасаларига мурожаатлари соҳасидаги муносабатлар тартибга солинади.

Қонуннинг амал қилиши кўриб чиқиш тартиби маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, фуқаролик процессуал, жиноят-процессуал, жиноят-ижроия, хўжалик процессуал қонун ҳужжатлари ва бошқа қонунлар билан белгиланган мурожаатларга; давлат органларининг, шунингдек улар таркибий бўлинмаларининг ўзаро ёзишмаларига нисбатан татбиқ этилмаслиги белгиланган. Бироқ аввалги Қонунда бу норма мавжуд эмас эди.

Бундан ташқари, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари соҳасида 2014 йил 5 майда «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги Қонуни ҳам қабул қилинган бўлиб, унинг асосий вазифаларидан бири жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисидаги ахборотдан фойдаланишини таъминлаш ҳамда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида ахборот олиш ҳуқуқининг кафолатларини таъминлашдан иборат бўлиб, унинг амал қилиши давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан аризалар, таклифлар ҳамда шикоятларни кўриб чиқиш тартибига нисбатан татбиқ этилмайди. Қонунда эса мурожаатлар оғзаки, ёзма ёхуд электрон шаклда бўлиши мумкинлиги белгиланган.

Қонунда мурожаатларга қўйилган талаблар ҳам кенгайтирилиб, юридик шахснинг мурожаатида юридик шахснинг тўлиқ номи, унинг жойлашган ери (почта манзили) тўғрисидаги маълумотлар ва мурожаатнинг моҳияти баён этилиши, электрон мурожаат электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ва электрон ҳужжатнинг уни идентификация қилиш имкониятини берадиган бошқа реквизитларига эга бўлган электрон ҳужжат шаклида бўлиши кераклиги белгиланган бўлиб, бундай талабларга риоя қилинмасдан берилган мурожаатлар аноним мурожаатлар деб ҳисобланиши кўрсатилган.

Шунингдек, Қонундаги яна бир янгилик шундан иборатки, жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш, агар уларнинг шундай хусусиятга эга бўлган илгариги мурожаати бўйича қарор қабул қилинган бўлса ва бу ҳақда уларга ушбу Қонунда белгиланган тартибда хабар қилинган бўлса, рад этилиши мумкинлиги белгиланди.

Бундан ташқари, мурожаатларни кўриб чиқиш муддатлари қисқартирилди: ариза ёки шикоят масалани мазмунан ҳал этиши шарт бўлган давлат органига келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кун ичида, қўшимча ўрганиш ва текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда эса бир ойгача бўлган муддатлар мустаҳкамланди.

Таклиф киритган жисмоний ёки юридик шахсга ўн кунлик муддатда ёзма шаклда хабар қилиниши белгиланди. Қонун талабларидан келиб чиқиб, адлия органлари тизимидаги барча давлат нотариал идораларида «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қайд этиш китоби» ташкил қилинган бўлиб, унда мурожаат қилувчи жисмоний ва юридик шахсларнинг номи, яшаш жойи (юридик шахснинг почта манзили), мурожаат мазмуни, кўриб чиқиш натижалари қайд қилиб борилади.

Давлат нотариал идораларида жисмоний ва юридик шахсларга ҳуқуқий хизмат кўрсатиш сифатини янада ошириш мақсадида Қонун талабларидан келиб чиқиб, Адлия вазирлиги томонидан Давлат нотариал идораларида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини навбатма-навбат қайд этиш тартиби тўғрисидаги низом (30.12.2014 йилдаги 2646-сон) тасдиқланди. Мазкур Низомга асосан 2015 йил январь ойидан бошлаб нотариус томонидан қабул қилиниш ҳақидаги мурожаатлар Нотариал ҳаракатларни амалга ошириш ҳақидаги мурожаатларни навбатма-навбат қайд этиш дафтарига қайд қилиниб борилиши белгиланди. Бунда, нотариус ёрдамчиси келиб тушган ҳар бир мурожаатни навбат бўйича дафтарга киритади, нотариуснинг иш куни ва вақтини ҳамда мурожаат қилувчи учун қулай вақтни инобатга олган ҳолда, нотариуснинг қабул куни ва соатини белгилайди ҳамда бу ҳақда мурожаат қилувчини хабардор қилади. Мурожаат қилувчи эса мурожаат келиб тушган кундан кейинги иш кунидан кечиктирмасдан нотариус томонидан қабул қилиниши лозим.

Шу билан бирга, аввалги қонунчиликда фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан прокурорлик назорати ўрнатилиши кўрсатилган бўлиб, янги Қонунда мурожаатларни кўриб чиқаётган давлат органлари жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари, жамият ва давлат манфаатлари бузилишини келтириб чиқарувчи сабабларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш мақсадида мурожаатларни бир йилда камида бир марта умумлаштириши ва таҳлил қилиб бориши ҳақидаги янги норма билан ўзгартирилди.

Бундан ташқари, Қонунда мурожаатларни кўриб чиқиш вақтида қонун талаблари бузилганлиги муносабати билан унга етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш билан бир қаторда маънавий зиённи компенсация қилиш тартиби ҳам белгиланди.

 

Алишер БАҲРОМОВ,

республика Юристлар малака ошириш маркази тингловчиси.

Прочитано: 2032 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика