Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2015 год / № 32-33 / Аудитор хабарномаси

Муваффақият омиллари

Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда юздан ортиқ аудиторлик ташкилоти ўз фаолиятини амалга оширяпти. Уларнинг 72 таси мулкчилик шаклидан қатъи назар барча корхоналар ва ташкилотларнинг, башарти ушбу ташкилот Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Давлат рақобат қўмитасининг йиллик рўйхатига киритилган бўлса, аудитини ўтказиш ҳуқуқига эгадир. Бунинг учун камида олти нафар сертификатланган аудитор бўлиши, уларнинг икки нафари САР халқаро сертификатига эга бўлиши; устав фонди ЭКИҲнинг камида 5 000 бараварига тенг бўлиши; суғурталаш ҳужжати мавжуд бўлиши даркор. Аудиторлик ташкилотларининг кўпчилиги ўз фаолиятини амалга ошираётганда ушбу энг кам талаблар билан кифояланади. Бироқ аудит бозорида муваффақиятли фаолият юритиш учун бу етарли эмаслиги аниқ.

 

Аудиторлик ташкилотининг кўп фойда олиши, яхши молиявий натижалари аввало аудиторлик хизматлари ҳажмига боғлиқ – у қанча кўп бўлса, фойда ҳам шунча кўпдир. Хизматларнинг етарлича катта ҳажмларига эга бўлиш учун республика минтақалари бўйлаб таркибий бўлинмаларга эга бўлган йирик акциядорлик компаниялари, холдинглар, бирлашмалар ва бошқаларни аудитдан ўтказиш лозим. Танловларни ўтказишда буюртмачилар одатда махсус қиёсий жадвал тузадилар, унда талабгорларга ҳар бир кўрсаткич учун муайян миқдорда балл берилади. Балларнинг якуний суммаси аудиторлик текширувини ўтказиш учун аудиторлик ташкилотини танлаш чоғида эътиборга олинади. Хуллас, буюртмачини нималар жалб этади?

Сертификатланган аудиторлар сони. Амалиёт йилларида шунга ишонч ҳосил қилдикки, йирик ташкилотни тўлақонли ва тўғри текшириш учун штатда камида 10–12 нафар аудиторга эга бўлиш ва уларнинг ёрдамчиларини яқиндан жалб этиш лозим. Бу йирик компаниялар билан шартномалар тузиш имконини беради. 6 нафар аудитор республиканинг барча минтақаларида бўлинмалари бўлган йирик компаниянинг аудитини амалга ошира олмайди. Ёрдамчи пудратчиларни жалб этиш зарурати юзга келади, жойлардаги бўлинмаларни текшириш учун етарлича вақт ажратилмайди, бу эса, табиийки, аудит сифатига салбий таъсир кўрсатади.

Аудиторлик хизматлари сифати. Бу ҳақда бир талай кўрсаткичлар далолат беради: аудит қилинган хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан назорат қилувчи органлар даъволарининг йўқлиги; аудиторлик ҳисоботининг тўлиқлиги; таклиф этилаётган тавсияларнинг ҳаммабоплиги ва тушунарлилиги; текширув давомида аниқланадиган хатоларни тузатишда ўз вақтида кўрсатилган ёрдам; аудиторларнинг киришимлилиги ва мижозлар билан тил топа олиши.

Ўз жиҳозланган офиси. Унинг мавжудлиги аудиторлик ташкилотининг нуфузидан дарак беради. Шунчаки офис эмас, фикримизча, «идеал офис»га эга бўлган маъқул. Аудиторлик ташкилоти учун унинг мезонлари бўлиб қуйидагилар ҳисобланади: жойлашган жойи (шаҳар марказий ҳудудларида, метро билан ёнма-ён бўлгани мақбул); кабинетлар (раҳбарники, аудиторларники), маиший хоналар (дам олиш хонаси, ошхона ва ҳоказолар) билан таъминланганлик; компьютерлар, шу жумладан рангли босмали кўпайтириш техникаси, ёзув тахталари, проекторлар билан жиҳозланганлик; қулай таркибланган архив, махсус адабиётлар кутубхонасининг бўлиши; алоҳида жойлашиш (кириш ва чиқиш эшикларининг алоҳида бўлиши).

Профессионал ташкилотга аъзолик. Ҳозирги вақтда аудиторлик ташкилотларининг мутлақ кўпчилиги бирор-бир жамоат ташкилоти – ЎзБАМУ, Ўзбекистон Аудиторлар палатаси, Ўзбекистон Бухгалтерлар федерациясининг аъзоси ҳисобланади. Аъзолик йиллик аъзолик бадалини расмий тўлаб боришнигина назарда тутмайди. Аъзо мақомидан фаол фойдаланиш: жамоат ташкилотларидан зарур амалий ва услубий ёрдам олиш, улар ўтказадиган тадбирларда фаол иштирок этиш жуда муҳим. Буларнинг ҳаммаси пировард натижада аудиторларнинг профессионал даражасини оширишга ёрдам беради.

Аудиторлик ташкилотларининг халқаро тармоғида аъзолик. Ушбу хизматларнинг миллий бозорида фаолият юритадиган кўпчилик аудиторлик ташкилотлари бирор-бир халқаро аудит тармоғининг аъзосидир. Бироқ аъзо бўлиш далилининг ўзи кўп нарсани билдирмайди. Халқаро тармоқда тўлақонли иштирок этиш у тақдим этадиган имкониятлардан фаол фойдаланишни тақозо этади. Бунинг учун эса расман аъзо бўлиш етарли эмас. Чунончи, аудит ривожланишининг долзарб масалалари бўйича доимий ахборот айирбошлаш учун штатда хорижий тилларни биладиган мутахассислар бўлиши зарур. Халқаро ташкилотнинг сайтидан фойдаланиш учун унга кириш калитига эга бўлиш лозим. Бизнинг ташкилотимиз бош офиси Иллинойс штатида (АҚШ) жойлашган энг йирик мустақил аудиторлик ва консалтинг фирмаларининг бутунжаҳон уюшмаси – Leading Edge Alliance халқаро тармоғининг аъзоси ҳисобланади. Алоқаларимизни ривожлантириш ва ташқи бозорга чиқиш истиқболларини белгилаш учун биз Leading Edge Alliance тармоғига инглиз тилини пухта биладиган ходимимизни юбордик.

Аудиторларнинг малакасини ошириш. Бунда биз нафақат ихтисослаштирилган ташкилотларда курсни ҳар йили мажбурий тинглашни тушунамиз. Профессионализмнинг ўсишига «Бухгалтерия ҳисоби ва аудит», «Солиқ солиш», «Қимматли қоғозлар бўйича мутахассис» йўналишлари бўйича хорижий сертификатлар олиш учун курсларда ўқиш; турли семинарлар ва конференцияларда, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва муҳокама қилишда иштирок этиш; агар бундай имконият мавжуд бўлса, курсларда дарс бериш хизмат қилади. Ва, албатта, ихтисослаштирилган босма ва электрон ОАВ бўйича ҳам танланган фаолият соҳасида қонун ҳужжатларидаги янгиликларни доимий кузатиб борамиз.

Касбий танловларда иштирок этиш. Ҳар йили ўтказиладиган «Йилнинг энг яхши аудитори», «Йилнинг энг яхши бухгалтери» ва «Йилнинг энг яхши ички аудитори» танловларига расмиятчилик сифатида қарамаслик, балки уларда иштирок этишдан кўпроқ фойда олиш керак. Чунончи, у аудитор профессионал даражасини оширишнинг яна бир йўлидир. Зеро иккинчи турга ўтиш ва совринли ўринни эгаллаш учун аудитор ўз билимларини янгилайди, аудитни муваффақиятли ўтказиш учун билиши лозим бўлган қоидалар ва қонунларни эсга олади. Тўғри, меъёрий ҳужжатларни доим топиш мумкин. Бироқ уларни муайян ҳолда қўллай билиш, уларнинг қоидаларини тўғри шарҳлаш лозим. Ташкилотимиз аудиторлари 2011, 2012 ва 2014 йиллардаги танловларда совринли ўринларни эгаллаганлар.

Бутун йил мобайнида иш билан таъминлаш. Ҳаммага маълумки, аудиторларнинг иши февраль, март ва апрелда авж олади. Бу жорий йилнинг 1 майига қадар мажбурий аудитни ўтказиш зарурати билан боғлиқ. Шартномалар тузаётганда уларда 6, 9 ой ва йил якунлари бўйича босқичма-босқич аудит ўтказишни назарда тутиш тавсия этилади. Бу аудиторларнинг кўп вақтини олади, чунки республика минтақаларида жойлашган баъзи объектларга йилига 2–3 марталаб бориш керак бўлади. Бироқ пировардида бу аудит сифатини яхшилаш, аудиторларни йил давомида иш билан бир маромда таъминлаш имконини беради. Ходимларнинг бандлигини фаолият соҳасини кенгайтириш билан ҳам таъминлаш мумкин. Чунончи, ташкилотимизнинг олти нафар аудитори ички аудитор сертификатини олишга имтиҳон топшириб, биз аудит ўтказмайдиган ташкилотларда ички аудитор сифатида муваффақият билан ишлашмоқда.

Аудиторларни йил мобайнида иш билан бир маромда таъминлашнинг яна бир йўли – уларни турли курслар ўқитувчилари сифатида ишга йўллашдир. Тошкент давлат иқтисодиёт университети билан биргаликда таъсис этганимиз «Халқаро ҳисоб ва аудит маркази» НТМ бизга ана шундай имконият беряпти. Деярли барча аудиторларимиз унинг курсларида дарс беришади. Марказ мактабида таҳсил олган аудитор ёрдамчилари эса амалда биринчи уринишданоқ Молия вазирлиги ўтказадиган аудитор сертификатини олишга малака имтиҳонларини топширдилар.

Шу тариқа биз барча буюртмачилар – кичик хусусий корхонадан тортиб йирик акциядорлик компаниясигача аудиторлик хизматлари кўрсатишга қодир бўлган ҳамфикрлар жамоасини тўплашга муваффақ бўлдик.

 

Бизнинг маълумотнома

«FTF-Audit» МЧЖ аудиторлик ташкилоти:

2001 йилда «Ҳисоб ва аудит» МЧЖ аудиторлик ташкилоти (1996 йилда ташкил топган) негизида барпо этилган.

«Leading Edge Alliance» халқаро аудиторлик ташкилотининг аъзоси.

2008, 2010 ва 2014 йиллар якунлари бўйича рейтингларда биринчи ўринларни эгаллаган.

Жами ходими – 20;

сертификатланган аудиторлари – 12;

аудиторлар ёрдамчилари – 8.

Улардан халқаро CIPA сертификатларига 4; САР сертификатларига – 17, DipIFR сертификатларига 3 киши эга;

профессионал молиявий менежер дипломига – 4;

солиқ маслаҳатчиси сертификатига – 4;

қимматли қоғозлар бўйича мутахассис дипломига – 2 киши эга;

иқтисод фанлари номзоди, доцент – 2.


Тоҳиржон ФАЙЗИЕВ,

«FTF-Audit» МЧЖ молиявий директори, САР.

Прочитано: 1898 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика