Norma.uz

Қулай муҳит – бизнес ривожининг калити

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида қабул қилинган 2015–2019 йилларда иқтисодиётни янада ислоҳ қилиш, таркибий ўзгартириш ва диверсификациялаш дастурининг изчил ижроси иқтисодиётимизни барқарор юксалтиришда мустаҳкам асос вазифасини бажармоқда. Жорий йилнинг биринчи ярмида мамлакатимизда макроиқтисодий барқарорлик таъминланибгина қолмай, юқори иқтисодий ўсиш суръатлари кузатилгани бунинг яққол исботидир. 

 

Мустақиллик йилларида иқтисодиётимиз 5,5 баробардан ортиқ ўсгани, аҳолининг реал даромадлари жон бошига ҳисоблаганда қарийб 9 баробар ошгани ана шундай саъй-ҳаракатлар натижаси бўлди. Бу жараёнда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг улуши юқори бўлиб, ЯИМнинг 56 фоиздан ортиғи мазкур тармоқ ҳиссасига тўғри келмоқда.

 

Бунда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани, соҳа вакилларига зарур имтиёзлар берилаётгани муҳим омил бўлаётир. Жумладан, жорий йилда юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ставкаси 8 фоиздан 7,5 фоизга туширилган бўлса, микрофирма, кичик корхоналар ҳамда фермер хўжаликлари учун ягона ижтимоий тўлов ставкаси 25 фоиздан 15 фоизга, қурилиш соҳасида фаолият юритувчи кичик бизнес субъектлари учун ягона солиқ тўлови ставкаси 6 фоиздан 5 фоизга камайтирилди.

Ишбилармонлик муҳитининг тобора яхшиланаётгани аҳолининг соҳага бўлган қизиқиши янада кучайишига олиб келди ва ҳисобот даврида 15,2 мингта янги кичик бизнес субъекти ташкил этилдики, бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6,3 фоиз кўпдир. Энг муҳими, соҳада банд бўлганлар салмоғи ўсиб бормоқда. Иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури доирасида жорий йилнинг биринчи ярмида 441,8 минг иш ўрни яратилган бўлди, унинг асосий қисми хусусий сектор улушига тўғри келди.

 

– Тадбиркорлик субъектининг фақат ташкил этилиши эмас, унинг қулай муҳитда фаолият кўрсатиб кета олиши муҳимдир, – дейди Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси бошқарма бошлиғи Зариф Аминов. – Янги иш бошлаган айрим тадбиркорлар банк муносабатларида, солиқ тўлаш ва ҳисобот топширишда етарли билим ва тажрибага эга бўлмагани боис бироз қийналади. Шуни ҳисобга олиб тадбиркорларга бу борада ўз вақтида ёрдам кўрсатилаётгани соҳа вакиллари ва уларнинг иқтисодиётдаги улуши ортишига замин яратмоқда.

 

Бунда миллий ахборот-коммуникация тизими ривожлантирилаётгани, давлат органлари ҳамда тадбиркорлик субъектлари ўртасида ўзаро муносабатлар контактсиз электрон шакллари жорий этилаётганининг аҳамияти беқиёс. Ягона интерактив давлат хизматлари порталига айни пайтда давлат ва хўжалик бошқаруви, жойлардаги давлат ҳокимиятининг 650 органи, уларнинг таркибий ва ҳудудий бўлинмалари улангани тадбиркорларга кенг имкониятлар яратди. Энди улар битта сайт орқали ҳар қандай мурожаатни керакли органга жўнатиб, унга ўз вақтида жавоб олади. Чунки бу тизимда ҳар бир мурожаатнинг кўриб чиқилиши мониторинги мавжуд.

Солиққа оид масалаларда тадбиркорлар нафақат ушбу тизим, балки ДСҚнинг расмий веб-сайти орқали кўрсатилаётган интерактив хизматлардан унумли фойдаланаётир. Солиқ ва молиявий ҳисоботларни электрон шаклда тақдим этиш амалиётининг жорий этилгани ишбилармонларга қатор қулайликлар яратиш билан бирга ҳисоботларни ўз вақтида қабул қилиш, қайта ишлаш, давлат бюджетига ундириладиган маблағлар бўйича маълумотларни тезкор таҳлил қилишда катта аҳамият касб этмоқда.

Жорий йилдан тадбиркорлик субъектларидан солиқ ҳисоботлари тўлиқ электрон кўринишда қабул қилинмоқда. Бунинг афзаллигини кўп мисолларда кўриш мумкин. Агар авваллари ҳисоботни шакллантириш ва топширишга камида 2-3 соат вақт сарфланиб, навбат кутишга тўғри келган бўлса, ҳозир бу жараён бир неча дақиқада якунига етказилади.

Яна бир янгилик: яқинда ДСҚ томонидан Марказий банк билан ҳамкорликда замонавий аxборот-коммуникация технологиялари ёрдамида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни банк муассасаларига бормасдан, масофадан туриб, яъни онлайн тартибда тўлаш имконияти йўлга қўйилди.

 

Тизимнинг афзаллиги шундаки, солиқ тўловчилар солиқ ҳисоботларини тайёрлаб, электрон шаклда жўнатганидан сўнг ҳосил бўлган солиқ мажбурияти суммасини тўлашга ихтиёрий розилик бериши билан тўлов топшириқномаси автоматик равишда шаклланиб, солиқ тўловчининг ҳисобрақамига хизмат қилувчи тижорат банкига ҳимояланган алоқа каналлари орқали етказилади. Агар ҳисобрақамда пул маблағи етарли бўлса, шу заҳотиёқ тўлов амалга оширилиб, солиқ тўловчининг шахсий карточкасига қайд этилади ёки тўлов топшириқномаси 2-картотекага олиниб, бу ҳақда тадбиркорга электрон хабар юборилади. Муҳими, ушбу хизматдан фойдаланиш бепул ва у узлуксиз ишлайди.

 

Бу имкониятлар электрон рақамли имзони олиш ва ундан фойдаланишда қатор қулайликлар яратилаётгани туфайли ривожланмоқда. Бунга Президентимизнинг «Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони (15.05.2015 йилдаги ПФ-4725-сон) йўл очди. Фармонга асосан 2015 йилнинг июнь ойидан бошлаб ДСҚнинг ягона электрон рақамли имзони рўйхатга олиш маркази томонидан бериладиган электрон рақамли имзодан давлат ва бошқарув органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва тижорат банклари томонидан кўрсатилаётган барча хизматларда эркин фойдаланиш имконини берувчи тартиб ўрнатилди.

Бу, ўз навбатида, тадбиркорлик субъектларига кўрсатилаётган барча электрон хизматлардан эркин фойдаланиш ҳамда давлат органлари фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

 

Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, ДСҚ томонидан яратилаётган шарт-шароитлар, ахборот тизимининг ривожи нафақат аҳоли ва тадбиркорлар, балки мутахассислар эътирофига ҳам сазовор бўлмоқда. Хусусан, жорий йилда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги «Электрон ҳукумат» тизимини ривожлантириш ва Ахборот хавфсизлигини таъминлаш марказлари экспертлари томонидан юздан ортиқ давлат, хўжалик бошқаруви ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятида ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва ривожлантиришнинг ҳолати баҳоланган рейтингда ДСҚ биринчи ўринни эгаллади.

 

ЎзА материали асосида тайёрланди.

Прочитано: 1394 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика