Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2015 год / № 32-33 / Аудитор хабарномаси

Барқарорлик – маҳорат белгиси

Мамлакатимиз аудиторлик хизматлари бозорига юзаки кўз ташлашнинг ўзидаёқ унинг барқарорлигини кўриш мумкин. Бир неча йилдан буён аудиторлик ташкилотлари сони ўзгармайди. Уларнинг кўплари ҳатто беш йилдан ортиқ иш тажрибасига эга. Бинобарин, аудиторлик ташкилотларининг қиймати ошяпти, бу эса хизматлар ҳажми ҳам кўпаяётганидан даракдир. Бозор кўрсаткичлари динамикасининг таҳлили унинг ҳолатига янада кўпроқ холисона баҳо беради. 

 

2012 йилда республикада 104 аудиторлик компанияси бор эди, 2013 йилда улар 101 та бўлди, 2014 йил якунлари бўйича эса яна 104 тага етди. Бундай динамика аудит бозорига бир неча йилдан буён хосдир. У 2007 йилда «Аудиторлик фаолияти тўғрисида»ги Қонунга1 ўзгартиш ва қўшимчалар киритилгандан кейин шаклланган. Ўшанда аудиторлик ташкилотининг штат сонига нисбатан талаб белгиланди. Эслатиб ўтамиз, ушбу чораларнинг асосий мақсади аудиторлик хизматлари сифатини яхшилаш эди.

Аудиторлик ташкилотларининг кўпчилиги Тошкентда ишлайди (2013 йилда 60 ва 2014 йилда 61 ташкилот). Кейинги минтақалар эса 8 аудиторлик компанияси рўйхатдан ўтказилган Фарғона вилояти ва 6 ташкилотга эга бўлган Наманган вилоятидир (2014 йил якунлари бўйича). Республикадаги йирик корхоналарнинг кўпчилиги пойтахтда фаолият кўрсатадиган аудиторлар билан ҳамкорлик қилишни афзал кўради. Чунончи, масалан, Жиззах вилоятида 13 аудитордан ташкил топган биргина аудиторлик ташкилоти рўйхатдан ўтказилган. Таққослаш учун: Тошкентда 333 мутахассис меҳнат қилади. Бундай жойлашиш аудиторлик ташкилотлари асосий мижозлари – акциядорлик жамиятларининг ўзига хос жиҳатлари билан ҳам изоҳланади, зеро улар республиканинг турли вилоятларида филиалларга эгалар. Бош офисга ҳар бир филиалнинг маҳаллий мутахассислар томонидан алоҳида текширувларини ташкил этишдан кўра, аудиторлари «жойнинг ўзига» чиқадиган пойтахтдаги аудиторлик ташкилоти билан шартнома тузиш осонроқ.

2012 йилда республика бўйича 6 363 аудиторлик текшируви ўтказилган. Шундан 3 678 таси (58%) – пойтахтда ва 2 685 таси (42%) – бошқа минтақаларда. 2013 йилда улар сони 6 539 тагача кўпайди: 3 520 таси (54%) – пойтахтда ва 3 019 таси (46%) – вилоятларда. 2014 йил учун маълумотлар бўйича: 6 731 текширув – республика бўйича (ўзаро нисбати 56% ва 44%).

2014 йил охиридаги ҳолатга кўра аудиторлик ташкилотларининг кўпчилиги бозорда 10 йилдан кўпроқ вақтдан ишлайди – 66,4%, 5-10 йилдан буён ишлаётганлари бозор иштирокчиларининг 15,4%ини, «ёшлар» (5 йилдан кам вақтдан буён ишлаётганлари) 18,2%ни ташкил этади. Ўзбекистон бозори шароитида ҳам, бошқа мамлакатларда бўлганидек, аудиторлик ташкилотлари бир ёки икки йил ишлаш билан чекланмайди, балки бунда вақти-вақти билан ўзгариб борадиган қонунчилик талаблари ва улар кўрсатадиган хизматлар сифатига қўйиладиган талабларга риоя этиб, касбда узоқ вақт «ушланиш»ни афзал кўрадилар.

Аудиторлик ташкилотларининг муваффақият билан ишлашига уларнинг тушуми ҳам омил бўлаётир. Бу ҳақда норасмий суҳбатларда ва газеталарда, шу жумладан бизнинг нашримиз саҳифаларида ҳам анчадан бери айтилганидек бозорда демпинг мавжуд бўлишига қарамай, бозор йил якунлари бўйича молиявий кўрсаткичларнинг ўсишини намойиш этяпти. Чунончи, 2012 йилда кўрсатилган хизматлар ҳажми 31 928 млн сўмни, 2013 йилда 35 831,1 млн ва 2014 йилда 38 923,1 млн сўмни ташкил этган. Бозор реалликлари, нархлар ва энг кам иш ҳақи миқдорининг умумий ошишини ҳисобга олганда, ушбу ўсиш табиийдир. Шуни айтиш лозимки, энг кўп ўсиш – 13,8% – 2010 йилга тўғри келди, кейин суръатлар пасайиши кўзга ташланади.

2014 йил якунлари бўйича ўтказилган рейтинг маълумотларига кўра, ташкилотлар катта йўқотишларга ҳам учрашган. Чунончи, рейтингнинг 104 иштирокчисидан 31 аудиторлик компанияси аввалги йилнинг тушум даражасига чиқа олмаган. Улар жумласида – барча хўжалик юритувчи субъектларни текшириш ҳуқуқига эга бўлган 22 компания, 2 халқаро ташкилот, акциядорлик жамиятлари, банклар ва суғурта ташкилотларидан ташқари барча хўжалик юритувчи ташкилотлари текширувини ўтказадиган 1 ва ташаббусли текширувларни ўтказиш ҳуқуқига эга бўлган 6 ташкилот бор.

Аудиторлар Президентимизнинг «Акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига (24.04.2015 йилдаги ПФ-4720-сон) катта умид боғлаяптилар. Фармонда 3 йил мобайнида молиявий ҳисобот ва аудитнинг халқаро стандартларига (МҲХС ва АХС) ўтиш зарурлигининг белгиланганлиги аудиторлик хизматлари бозорини ривожлантиришга туртки бериши мумкин. Ушбу Фармон, аввало, халқаро тармоқларга кирадиган биринчи гуруҳдаги халқаро ташкилотлар ва аудиторлик компанияларига қўшимча имкониятлар тақдим этади. Ушбу ҳужжатнинг самарасини Рейтинг–2015 кўрсатади.

Бозорнинг ҳолати тўғрисида нафақат аудиторлик ташкилотлари, балки уларда фаолият юритаётган аудиторларнинг ҳам сони ва сифат кўрсаткичлари гувоҳлик беради. Хизматлар ушбу соҳасининг ҳақиқатдаги ривожланиши ва такомиллашувидан айнан улар далолат беради.

2012 йилда республикада аудиторлик фаолияти билан шуғулланишга малака сертификатига эга бўлган 684 аудитор бор эди, улар 2013 йилда 669, 2014 йилда 674 нафар бўлди. Уларнинг кўпчилиги ўз профессионализмини тасдиқлайдиган халқаро сертификатларга эга. Чунончи, 2014 йил рейтинги маълумотларига кўра аудиторлик ташкилотларида жами 1 176 мутахассис меҳнат қилиб, улар жумласида тўлиқ ставкада ишлайдиган штатдаги 583 сертификатланган аудитор бор. Қолган ходимлар – аудиторларнинг ёрдамчилари, маъмурият ходимлари ва бошқалар. CIPA, ACCA ва CPA сертификатларига 52 мутахассис, CAP сертификатига 420, ДипИФР сертификатига 23, солиқ маслаҳатчиси сертификатига 36, қимматли қоғозлар бозори мутахассиси сертификатига 76 мутахассис эга.

Аудиторларнинг энг кўпи республикадаги барча ташкилотларда аудит ўтказиш ҳуқуқига эга бўлган компанияларда ишлайди. Улар кўрсаткичлари ва халқаро ташкилотларнинг таҳлили қизиқарли манзарани кўрсатади: биринчи гуруҳда тўлиқ ставкада ишлайдиган 478 сертификатланган аудиторга CIPA, ACCA ва CPA сертификатларининг 37 таси (7,7%дан камроқ), халқаро ташкилотларнинг 23 аудиторига эса 11 киши (47,8%) тўғри келади. Бироқ CAP сертификатларига биринчи гуруҳ аудиторларининг 72,8%и эга, халқаро соҳага ихтисослашганлар орасида эса – 56,5%.

Эътибор қаратиш керак бўлган яна бир ҳолат – аудиторларнинг ёши. 2013 йилда аудит соҳасидагиларнинг энг катта улушини 45-55 ёшдаги мутахассислар ташкил этган (умумий миқдорнинг 29%и). Бироқ 2014 йилдан аудиторлар орасида ёшлар кўпаяётганлигини кўрамиз. Уларнинг 28%ини 25-35 ёшдагилар ташкил этади. Ёши катталар (45-55 ёш) биринчиликни уларга бериб, 27,9%ни эгаллашди. Аудиторларнинг 23,1%и 35-45 ёшлардаги энг сермаҳсул паллада. Яна бир қизиқарли далил. Агар бухгалтерлар орасида аёллар устун турса, 2014 йил якунлари бўйича аудиторларнинг 66,5%и эркаклардир.

Буларнинг ҳаммаси умуман олганда аудит бозори ривожланаётганлигидан далолат беради. Ушбу соҳада қонун ҳужжатларига киритилган сўнгги ўзгартиришлар 2015 йил натижалари ғоятда қизиқарли бўлишини башорат қилмоқда.

Шарҳни тайёрлашда «Аудиторлик хизматларини ошириш ва аудиторлик ташкилотларининг ишбилармонлик фаоллигини кўтариш» конференциясидаги материаллардан фойдаланилди. 

 

19.12.1992 йилдаги 734-XII-сон, 26.05.2000 йилдаги 78-II-сон Қонун таҳририда.

 

Мавзувий сонни
Ольга КИРЬЯКОВА олиб боради.

Прочитано: 1892 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика