Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2015 год / № 32-33 / Аудитор хабарномаси

Фоизсиз қарз – беғараз эмас

Корхонамиз 2010 йил охирида ташкил топган. Улгуржи савдо билан шуғулланади. 2011 йилда бизнес ҳамкоримиздан товар харид қилишга фоизсиз қарз олдик. Шартнома муддати тугаганидан кейин унинг суммаси тўлиқ қайтарилди.

Режали текширув натижаларига кўра 2015 йилда солиқ органлари бизга 2011 йилда олинган фоизсиз қарз суммасига ягона солиқ тўловини қўшимча ҳисобладилар. Улар буни Солиқ кодексининг 135-моддасига кўра текин олинган мол-мулк, мулкий ҳуқуқлар, ишлар ва хизматлар солиқ солинадиган базага кириши билан асосладилар. Бироқ, фикримизча, мазкур асосланма бизнинг ҳолатимиз учун тўғри келмайди, зеро биз қарзни қайтарганмиз.

Шу муносабат билан тушунтириб берсангиз:

агар фоизсиз қарз шартномаси бўйича бир тараф бошқа тараф мулкига пул берса, у эса қарз берувчига худди шунча суммани қайтариш мажбуриятини олса, қарз олувчида қандай солиқ оқибатлари юзага келади?

Фоизсиз қарз шартномаси бўйича олинган пул маблағларидан вақтинча фойдаланганда нима солиқ солинадиган база бўлиб ҳисобланади?

Шунингдек қарзга нисбатан қўлланиладиган мулкий ҳуқуқларни текин бериш тушунчасини таърифлаб берсангиз, чунки у солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида ҳам, фуқаролик қонун ҳужжатларида ҳам йўқ.

Қарз олувчи қайтариб бериши шарт бўлган қарз суммасини ҳеч ҳам текин олинган мол-мулк деб ҳисоблаш ва даромадларга киритиш мумкин эмас. Равшанки, ишлаб чиқариш, савдо ёки хизматлар кўрсатиш давомида, бошқа ҳар қандай (хусусий) маблағлардан фойдаланиш сингари қарз маблағларидан фойдаланиш имконияти ҳам тадбиркорга кейинчалик солиқ солинадиган даромад олиш имкониятини беради. Кўриб чиқилаётган ҳолда Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкаси қандай асосда қўлланади?

Алевтина Геннадьевна, МЧЖ бухгалтери.  

 

– Солиқ кодексининг 135-моддаси биринчи қисмига мувофиқ солиқ тўловчи текин олган мол-мулк, мулкий ҳуқуқлар, шунингдек ишлар ва хизматлар унинг даромади бўлади. Қарз шартномасининг предмети уларга доир мулкий ҳуқуқлар эмас, балки пул маблағлари ҳисобланади. Пул маблағлари мол-мулкка киритилади (Солиқ кодексининг 22-моддаси ўн тўртинчи хатбошиси). Солиқ кодексининг 135-моддаси мазмунидан келиб чиқилса, текин олинган мол-мулк бўлиб уни қайтариш мажбуриятисиз берилган мол-мулк ҳисобланади. Масалан, ҳадя шартномаси бўйича берилган пул айтиб ўтилган моддага кўра солиқ тўловчининг даромади сифатида баҳоланиши мумкин, чунки у ҳадя қилувчига қайтарилмайди. Қарз шартномаси бўйича эса пул қайтариш асосида берилади – бу битимнинг асосий шартларидан биридир. Шу боис уни Солиқ кодексининг 135-моддаси маъносига кўра текин олинган деб эътироф этиб бўлмайди.

Молиявий ҳисоботни тайёрлаш ва тақдим этиш учун концептуал асоснинг1 (бундан кейин – Концептуал асос) 38.5-бандига мувофиқ даромадлар – ҳисобот даврида активларнинг кўпайиши ёхуд мажбуриятларнинг камайишидир. Бунда:

активлар – субъект назорат қиладиган, келгусида улардан даромад олиш мақсадида аввалги фаолият натижасида олинган иқтисодий ресурслардир (Концептуал асоснинг 38.1-банди);

мажбуриятлар – шахснинг (қарздорнинг) бошқа шахс (кредитор) фойдасига муайян ишни амалга ошириш (масалан, мол-мулкни топшириш, ишни бажариш, пул тўлаш ва бошқа) мажбуриятларидир ёхуд муайян хатти-ҳаракатдан тийилиб туриш мажбуриятидир, кредитор эса қарздордан ўз мажбуриятларини бажаришини талаб қилишга ҳақлидир (Концептуал асоснинг 38.2-банди).

Концептуал асос қоидаларининг, шунингдек 2-сон БҲМС «Асосий хўжалик фаолиятидан тушган даромадлар»2 биринчи бўлими иккинчи хатбошисининг моҳиятидан келиб чиқилса, даромадлар ҳисобот даврида сармоя эгалари томонидан сарфланган маблағ билан боғлиқ кўпайишдан ташқари активларнинг кўпайиши ёки мажбуриятларнинг камайиши кўринишида иқтисодий нафнинг ортиши сифатида аниқланади.

Хусусий сармоя – субъектнинг мажбуриятларни чегириб ташлагандан кейинги активларидир (Концептуал асоснинг 38.3-банди). «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонуннинг (30.08.1996 йилдаги 279-I-сон) 14-моддаси ва Концептуал асоснинг 50-бандига кўра у устав капитали, қўшилган ва захира капиталидан ҳамда тақсимланмаган фойдадан таркиб топади.

Ушбу қоидалардан келиб чиқилса, қарз маблағлари активларга киради, бироқ қарз ўз ҳолича мажбурият ҳисобланмайди. Қарз олиш ва уни қайтариш хусусий капиталнинг кўпайишига, бинобарин, даромаднинг ҳосил бўлишига ҳам олиб келмайди.

Қарздан фойдаланганлик учун фоизлар ва фоизсиз қарзлардан олинган моддий нафга келсак, Фуқаролик кодексининг 734-моддаси биринчи қисмига кўра, агар қарз шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, қарз берувчи қарз олувчидан қарз суммасига шартномада белгиланган миқдорда ва тартибда фоизлар олиш ҳуқуқига эга бўлади. 2-сон БҲМСнинг 4.1-бандига мувофиқ хўжалик юритувчи субъектнинг активларидан бошқа хўжалик юритувчи субъектлар томонидан фойдаланишдан олинган даромад шаклларидан бири хўжалик юритувчи субъектга қарашли бўлган ва ҳақ тўлаш шарти билан фойдаланиш учун берилган пул маблағи ёки пул ўрнини босадиган бойликлар ёхуд сўмни акс эттирувчи фоизлар олишдир.

Кўрамизки, шартномада назарда тутилган фоизларни олиш ҳуқуқи қарз берувчида, уларни тўлаш мажбурияти қарз олувчида вужудга келади. Фақат ушбу ҳолдагина солиқ солиш объекти вужудга келади. Агар тарафлар шартномада қарз фоизсиз ҳисобланишини назарда тутишса, қарз берувчи қарз олувчидан улардан фойдаланганлик учун фоизлар олиш ҳуқуқига эга бўлмайди, қарз олувчида уларни тўлаш мажбурияти йўқ. Демак, даромад ва солиқ тўлаш бўйича мажбурият вужудга келганини эътироф этиш учун асос ҳам йўқ.

Қарз олувчи қарзга олинган пулдан турли мақсадларда: иш ҳақи тўлаш, ишлаб чиқариш учун хом ашё, бошқа товар-моддий бойликларни харид қилиш ва бошқалар учун фойдаланиши мумкин. Ушбу ҳолларда у харажат қилади, бироқ ҳеч қандай даромад (на тўғридан-тўғри, на билвосита) олмайди. Қарз олувчида даромад, масалан, ундан инвестициялар сифатида фойдаланганлик ҳолатида вужудга келиши мумкин, уларнинг шакллари «Инвестиция фаолияти тўғрисида»ги Қонуннинг3 4-моддасида назарда тутилган.

Солиқ кодексининг 135-моддасида фақат солиқ тўловчи олган даромадлар тўғрисида сўз боради, бироқ фаразга кўра олиниши мумкин бўлган даромад хусусида ҳеч нарса дейилмайди, моддий наф тарзидаги даромадлар ҳам белгиланмайди. Солиқ кодексида ҳеч ҳам юридик шахслар учун моддий нафни белгилаш тартиби ва фоизсиз қарзлар олинганда уни баҳолаш усуллари назарда тутилмайди. Моддий наф фақат жисмоний шахсларга нисбатан белгиланган ва уларнинг даромадларига солиқ солиш объекти ҳисобланади (Солиқ кодексининг 177-моддаси). Бироқ ушбу ҳолда ҳам жисмоний шахс фоизсиз қарз тарзида олган пул ушбу моддада назарда тутилган моддий наф тарзидаги даромадлар рўйхатига кирмайди.

Солиқ кодекси 135-моддасининг иккинчи ва учинчи қисмларга кўра мол-мулк, мулкий ҳуқуқлар текин асосда олинаётганда олувчи шахснинг даромадлари бозор қиймати бўйича белгиланади. У ҳужжатлар билан ёки баҳоловчи ташкилотнинг баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботи билан тасдиқланади. Ҳужжатлар билан тасдиқлаш деб қуйидагилар эътироф этилади:

жўнатиш, етказиб бериш ёки топшириш ҳужжатлари;

етказиб берувчиларнинг нархларга оид маълумотлари (прайс-варақлар);

оммавий ахборот воситаларидан олинган маълумотлар;

биржа маълумотлари;

давлат статистика органларининг маълумотлари.

Мазкур рўйхат батафсил ҳисобланади, кўрамизки, унда бозор қиймати Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкаси бўйича белгиланиши назарда тутилмайди. Шуни таъкидлаш лозимки, у МБ томонидан тижорат банкларини кредитлаш чоғида белгиланади, мазкур масала эса, Солиқ кодекси 1-моддасининг моҳиятидан келиб чиқилганда, Солиқ кодексининг тартибга солиш доирасига кирмайди. Бугунги кунда Солиқ кодексида ҳам, солиқ қонунчилигининг бошқа ҳужжатларида ҳам мазкур ставканинг солиққа оид ҳуқуқий муносабатларда қўлланиши белгиланмаган. Тегишинча, ундан солиқ солиш мақсадларида фойдаланиш, шунингдек Солиқ кодексида унинг объекти сифатида назарда тутилмаган моддий нафга юридик шахсларнинг фойдасидан олинадиган солиқ солиниши Солиқ кодексининг 7-моддасида қайд этилган солиқ солишнинг аниқлиги принципига зиддир.

 

1МВ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 14.08.1998 йилда 475-сон билан рўйхатдан ўтказилган.

2МВ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 26.08.1998 йилда 483-сон билан рўйхатдан ўтказилган.

324.12.1998 йилдаги 719-I-сон, 9.12.2014 йилдаги ЎРҚ-380-сон Қонун таҳририда.

 

Валерий КОРНИЕНКО,

ЎзБАМУ эксперти. 

Прочитано: 2110 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика