Аёлим билан давлат корхонасида ишлайман. Яқин вақтгача мен директор ўринбосари, у эса бўлинмалардан бирида муҳандис бўлиб ишларди. Икки ой аввал мени корхона директори вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинлашди. Шундан кейин юқори ташкилот кадрлар бўлимининг бошлиғи МКнинг 79-«Қариндош-уруғларнинг давлат корхонасида бирга хизмат қилишларини чеклаш» моддасини рўкач қилиб, аёлимни ишдан бўшатишни талаб қила бошлади. Бироқ унинг бевосита бўлинма бошлиғи бор. Бевосита менга бўйсунмайди. Бундан ташқари, аёлимнинг пенсияга чиқишига икки йилдан кўпроқ вақт қолган.
Юқори ташкилотнинг ишдан бўшатиш тўғрисидаги талаби қонунийми?
Ж.Зокиров.
– Йўқ, қонуний эмас. Бунинг устига, юқори ташкилотнинг расмий қарорисиз кадрлар бўлими бошлиғининг (белгиланган тартибда уни қабул қилишга ваколати бўлмаган) оғзаки талаби асоссиз ҳисобланади.
Қонун ҳужжатларида муайян ҳолатларда яқин қариндош-уруғ ёки қуда-андаларнинг биргаликда ишлашига ҳақиқатан ҳам чекловлар белгиланган. Чунончи, масалан, МКнинг 79-моддасида ўзаро яқин қариндош ёки қуда-анда бўлган шахсларнинг (ота-оналар, ака-укалар, опа-сингиллар, ўғил ва қизлар, эр-хотинлар, шунингдек эр-хотинларнинг ота-оналари, ака-укалари, опа-сингиллари ва болалари), башарти улардан бири иккинчисига бевосита бўйсуниб ёки унинг назорати остида хизмат қиладиган бўлса, бир давлат корхонасида бирга хизмат қилишлари тақиқланади. Қисқаси, аёлингиз сизга бевосита бўйсунган ҳолда ишламаса, биргаликда меҳнат қилишга доир чекловлар сизга татбиқ этилмайди.
Абдусалом РИСҚУЛЛАЕВ,
эксперт-юристимиз.