Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 6 / Бухгалтернинг бухгалтергагина айтадиган гапи

Бунга ёшнинг фарқи йўқ

Ҳисоб-китоб билан шуғулланувчи қайси мутахассис бош бухгалтер бўлишни орзу қилмайди дейсиз?! Баъзилар йиллар мобайнида оддий бухгалтерлик заҳматини чекиб, тажриба орттиргач, ўзларини кўрсатиш пайига тушадилар. Бошқалар эса, раҳбар қадримизга етиб, ҳақли равишда бизга тегиши лозим бўлган лавозимни ахир таклиф этади-ку барибир, деб сабр билан кутадилар. Яна шундайлар ҳам борки, улар ўз олдиларига бош бухгалтер бўлиш мақсадини қўядилар ва муддаога эришиш йўлида далил ҳаракат қиладилар.

Бухгалтерия соҳасида хизмат пиллапоясидан тез кўтарилиб, юксак мартабаларга эришишга Кира КИМ ибрати яхши мисол бўла олади. Эндигина 25 баҳорни кўрган бу омилкор аёл International Tashkent Hotel меҳмонхонасининг бош бухгалтери вазифасини, мана бир йилдирки, адо этиб келмоқда. Хизмат борасида юқорилаб бориш «сир-асрорлари»ни у бажонудил газетхонларимиз билан ўртоқлашишга рози бўлди.

 

– Кира, йирик ташкилотнинг бунчалик ёш бош бухгалтери билан, гапнинг рости, биринчи бор суҳбатлашаётирман. Мендан бошқаларда ҳам бу таажжуб уйғотса керак-а?

– Дарҳақиқат, ҳамкорларимиз ва контрагентлар кўпинча учрашганимизда, мендан «Бош бухгалтерингиз қани?» деб сўрашади. Бош бухгалтер ўзим эканлигимни айтганимда, кўпчилик ажабланишга тушади, бироз довдираб қоладиганлар ҳам бўлади. Бундай муносабатдан сира ранжимайман, аксинча, ич-ичимдан қувониб қўяман.

– Бухгалтерлик фаолиятига сизда қачон қизиқиш пайдо бўлган?

– Мактабда ўқиб юрган пайтимдаёқ ким бўлмоқчи эканлигимни билардим. Шунинг учун ҳам, иқтисодиёт коллежини танлаганман. Менга айниқса амалий машғулотлар ёқарди. Амалиёт ўташ учун ҳозир ўзим ишлаб турган меҳмонхонага йўлланма беришди. Бу ерда ўзимни яхши томондан кўрсата олган бўлсам керакки, ярим йил ўтар-ўтмас, мени ярим ставка билан шу меҳмонхонада ишлашга таклиф этишди. Лекин ўқув машғулотлари жадвали бу йўсин ишлашимга имкон бермади.

Коллежни тамомлагач, Россия олий ўқув юртининг иқтисодиёт факультетига сиртқи бўлимга ўқишга кирдим. Шу зайил ўқишни иш билан қўшиб олиб бориш имконияти туғилди. 2007 йили бухгалтернинг банк бўйича ёрдамчиси бўлдим. «Банк-мижоз» орқали тўловлар билан кўп шуғулланмадим. Тез орада мартабамни кўтаришди – маҳсулот етказиб берувчилар билан ҳисоб-китоб бўйича бухгалтерлик қила бошладим. Шу лавозимда уч йилча ишладим. Сўнгра туғиш таътилига чиқдим. Таътилдан қайтганимда, кутилмаган иш бўлди – мени бош бухгалтер ўринбосарлигига кўтаришди ва ҳеч қанча фурсат ўтмай бош бухгалтер вазифасини бажаришимга тўғри келди.

– Сизга енгил бўлмаган бўлса керак-а, албатта?...

– Яшириб нима қилдим, аввалига чўчидим, ўзимни йўқотиб қўйдим ҳисоб. Биринчидан, фарзандли бўлиб ишга чиқишим биланоқ, вазиятга мослашиб олиш учун фурсат ҳам бермай, лавозимимни кўтаришди. Ҳолбуки, узоқ вақт ишда бўлмаганингдан кейин, мослашиб олишнинг ўзига 3–6 ойча фурсат керак. Иккинчидан, меҳмонхона бизнеси турли хизматларнинг ҳийла мураккаб тизимига эга. Меҳмонхонада муайян фурсат яшаш учун келганларга хизмат кўрсатишдан ташқари, қаҳвахона ва ресторанлар, гўзаллик салонлари, бассейнлар, тренажер зали ва меҳмонхонанинг бошқа таркибий бўлинмалари фаолияти – эҳ-ҳе, ҳазилакам ишми?! Бундай улкан мажмуада ҳисоб-китоб ишини олиб боришнинг ўзи бўладими, ахир? Очиғини айта қолай, қийинчиликлардан асло чўчимадим. Аксинча, коллежда ўқиб юрган кезларимдаёқ, ўзимни шунга чоғлаганлигимни ниҳоят тушуниб етдим.

– Булар барибир омиллигича қолаверади ва ишдаги мураккабликларни енгиб ўтишда афтидан, камлик қилса керак?

– Сизларнинг нашрингиз, бухгалтер кўпгина янгилик ва қизиқарли нарсалардан бохабар бўлиши мумкин бўлган сайт кўп бора жонимга оро кирди. Мен www.norma.uzнинг доимий ошуфтасиман. Тўғри, мен вақт-бевақт маслаҳат сўраб мурожаат этиб турадиган устозлар – бухгалтерия ҳисобининг баобрў мутахассислари кўп ёрдам беришди. Устозинг бўлганига нима етсин! Таассуфки, баъзилар ёши улуғ ҳамкасбларини савол бериб безовта қилишни ноқулай билиб, бундай қилишдан, сўрашдан ийманадилар. Баъзан эса, ўзларига ортиқча баҳо бериб, бошқаларнинг ақл ўргатиши керак эмас менга, деган хаёлга борадилар. Сўраб билиб олишдан сира тортинмаслик керак деб ҳисоблайман. Ўзига ортиқча бино қўйиш, менимча, ҳеч қачон яхшиликка олиб келмайди.

– Бош бухгалтер бўлиб иш бошлаган биринчи йилингиз солиқ текшируви бўлган экан деб эшитдик...

– Ҳа, бу анча мураккаб пайтлар бўлди. Гап шундаки, бизда текширув нақд икки ойга чўзилди. Гарчи, пеня йўсинидаги жазо чорасидан бебаҳра қолмаган бўлсак-да, текширувдан ёруғ юз билан ўтдик. Ана шу тафтиш мен учун яхши сабоқ бўлди. Энг муҳими, солиқ текширувларидан чўчимаслик кераклигини тушуниб етдим. Ҳамма гап бухгалтерия ҳисобини қонун ҳужжатларига қатъий мувофиқ равишда, билимдонлик билан олиб боришда, ўрни келганида, ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига асосланган ҳолда ўз нуқтаи назарингни ҳимоя қила билишда экан.

– Фаолиятингизни таҳлил этиб кўриб, ишда йўл қўйган хатоликларни ўзингиз қайд этган ҳоллар ҳам бўлганми?

– Энг катта нуқсонлардан бири, хатолик бор эканлигини эътироф этишдан чўчишдир. Хатодан қўрқиш ҳисси эса хатарлидир. Улардан чўчимаслик даркор, хатоликларни топа билиш, таҳлил этиш ва уларнинг такрорланишига йўл қўймаслик лозим. Бу, албатта, осон эмас, лекин бемалол уддаласа бўлади. Менинг назаримда, бухгалтерияда бу ғоят зарурдир!

Қўл остингда ишлайдиганлар билан ишончга асосланган мулоқот йўқлиги ҳам анча жиддий камчиликдир. Зотан, бош бухгалтер мурожаат қилган ходимга нималар қилиш кераклигини айтади, зарурати бўлса камчиликларини яшириб туради. Бундай мулоқот, аслида бош бухгалтерга ҳам зарур. Бўлимимда 10 нафар ходим бор. Ҳаммасининг ўзига яраша феъл-атвори, тақдир йўли бор. Хуллас, инсон омилида гап кўп, мен буни ҳамиша ёдда тутаман.

Ишда бирор-бир рағбат омили бўлмаслигини ҳам, жиддий қусурлар сирасига киритган бўлур эдим. Гап масаланинг моддий томонидагина эмас. Мутахассис хизмат пиллапоясидан кўтарилиб боришга ҳаракат қилиши ва бундан ўзи мамнуният ҳосил қилиши зарур. Бироз сийқа туюлса ҳам, ўз ишига меҳр қўйиш кераклигини алоҳида таъкидлаган бўлур эдим. Ҳар ким ўзига ишонмоғи, кўзланган мақсад йўлида баъзан таваккалчилик қилишдан чўчимаслиги керак. Бир пайтлар каттароқ ютуққа эришиш учун қобилиятимни рўйи-рост кўрсатишда, таваккалчиликлардан асло тап тортмаганлигимдан хурсандман.

– Суҳбатимиз поёнида болалик орзуларингиз тўла ушалдими деб сўрамоқчиман...

– Унчалик эмас – болалигимда юрист бўлишни орзу қилар эдим. Бахтимга онажоним менинг нимага кўпроқ мойил эканлигимни вақтида пайқай олдилар – бухгалтерия мен орзу қилган соҳа эканлигини тушуниб етдим. Эндиликда эришилган марралар билан чекланиб қолиш ниятим йўқ. Бухгалтерия ҳисоби мен учун комилликнинг янги уфқларини очиб берди. Ўз бизнес ишимни очсаммикан деб ўйлаб юрибман. Энг муҳими, одам ўзига, ўз кучига ишонмоғи керак.

 

Бошловчи бухгалтерларга Кира КИМнинг бир неча маслаҳати

Мақсад-муддаони ва унга эришиш босқичларини белгилаб олинг. Бу нарса натижаларни кузатиб, уларга асосланган ҳолда хизмат пиллапоясидан кўтарилиб боришда мўлжални тўғри олишингизга ёрдам беради.

Ортиқча тараддудланиб ўтирмай, муносиб мураббий топинг. Бош бухгалтерингиз ёки четдан бирон-бир мутахассис мураббий бўлиши мумкин.

Дастлабки кезлари одамда қўрқув бўлиши мумкин, аммо ундан асло чўчиманг. Агар қўрқув доимий ҳамроҳингизга айланиб қоладиган бўлса, бағоят хатарлидир. Бу ишончсизлик ёки билим етарли эмаслиги натижаси бўлиши ҳам эҳтимол.

Ўзингизга ишонинг, аммо салоҳиятингизга ортиқча баҳо бериб юборманг.

Ўз устингизда муттасил ишлашдан эринманг, билимни ошириб, кўникмаларни такомиллаштириб боринг. Уларни янада ривожлантириш ва кўпайтириш имкониятларини изланг.

Раҳбариятга ўзингизни яхши тарафдан кўрсатишга ҳаракат қилинг. Балки бош бухгалтер лавозимига муносибдирсиз, аммо раҳбарият ҳозирча бундан бехабар, бўлиши мумкин-ку, ахир!


Мухбиримиз
Наталья СПИРИДОНОВА,

суҳбатлашди. 

Прочитано: 2188 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика