Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 6 / Қонун кучга кирди

Тадбиркорлик субъектларининг мурожаатлари қонун ҳимоясида

2014 йил 4 декабрдан Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги ЎРҚ-378-сон Қонуни (кейинги ўринлардаҚонун) кучга кирди 

 

Муқаддам амалда бўлган «Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонунда фақат фуқаролар мурожаатига оид нормалар мужассамлашган, тадбиркорлик субъектларининг мурожаатлари билан боғлиқ ишлар «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 31-моддаси билан тартибга солинарди.

Янги Қонунда ҳар иккала мақомдаги шахсларнинг мурожаатлари соҳасидаги муносабатларга оид нормалар ўз ифодасини топди. Шу тариқа тадбиркорлик субъектларининг давлат органларига мурожаат этиш шакллари ва турлари, мурожаатларга қўйиладиган талаблар, мурожаат қилиш ҳуқуқларининг кафолатлари, мурожаатларнинг давлат органлари томонидан кўриб чиқилиши тартиби ва муддатлари, ушбу қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик ва бошқа тартиб-қоидалар мустаҳкамлаб қўйилди. Чунончи, Қонуннинг 4-моддасига мувофиқ, тадбиркорлик субъектлари нафақат оғзаки ва ёзма тарзда, балки электрон шаклда ҳам мурожаат қилишлари мумкин. Бундай мурожаат эса электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ва электрон ҳужжатнинг уни идентификация қилиш имкониятини берадиган бошқа реквизитларига эга бўлган электрон ҳужжат шаклида бўлиши керак.

Табиийки, ёзма мурожаат мурожаат этувчи якка тартибдаги тадбиркор шахс имзоси ёки мурожаат этувчи юридик шахс ҳисобланмиш тадбиркорлик субъекти раҳбарининг ёхуд ваколатли шахсининг имзоси билан тасдиқланиши лозим.

 

Раҳбар – қабул учун масъул

Қонуннинг 8-моддасида тадбиркорлик субъектларининг оғзаки мурожаатлари бўйича давлат органларида жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш ташкил этилиши, тадбиркорлик субъектларининг вакилларини қабул қилиш давлат органининг раҳбари ёхуд бошқа ваколатли шахс томонидан амалга оширилиши, бунинг учун давлат органларида махсус таркибий бўлинмалар ташкил этилиши, қабул учун масъул бўлган мансабдор шахслар белгиланиши, тадбиркорлик субъектларининг вакилларини қабул қилиш белгиланган кун ва соатларда, қабул қилиш жадвалларига мувофиқ ўтказилиши, қабул қилиш жадваллари ва уни ўтказиш вақти, жойи ҳамда қабулга олдиндан ёзилиш тўғрисидаги ахборот, шунингдек қабул қилиш тартиби давлат органларининг расмий веб-сайтларида эълон қилиш, шунингдек уларнинг маъмурий биносида ҳамма кириши мумкин бўлган жойлардаги стендларга ёки бошқа техник воситаларга жойлаштириш орқали манфаатдор шахслар эътиборига етказилиши белгиланган.

Якка тартибдаги тадбиркорлик субъектлари оғзаки мурожаат этаётганда ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни, юридик шахснинг вакили эса ўз ваколатларини тасдиқлайдиган ҳужжатни, шунингдек ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатиши керак.

Агар шахсий қабул давомида баён этилган масалаларни ҳал этиш давлат органининг ваколатларига кирмаса, тегишли мансабдор ёки бошқа ваколатли шахслар мурожаат этувчига мурожаатда баён этилган масалаларни ҳал этиш учун қайси органга ёки ташкилотга мурожаат қилиш лозимлигини тушунтириши керак. Шахсий қабул давомида давлат органининг раҳбари қарорига кўра ҳамда мурожаат этувчининг ёзма розилиги билан махсус техника воситалари (аудио– ва видеоёзув, шунингдек фотосуратга олиш) қўлланилиши мумкин.

Қонуннинг 14-моддасига асосан мурожаатларни кўриб чиқишда тадбиркорлик субъектларининг фаолияти тўғрисидаги маълумотлар уларнинг розилигисиз, шунингдек давлат сирини ёхуд қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотлар ва, агар бу тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини камситадиган бўлса, бошқа ахборот давлат органлари ходимлари томонидан ошкор этилишига йўл қўйилмайди.

Тадбиркорлик субъектларининг давлат органига келиб тушган ёзма ва электрон шаклдаги мурожаатлари шу орган томонидан ёки унинг мурожаатларни кўриб чиқиш бўйича мажбуриятлар зиммасига юклатилган мансабдор шахси томонидан кўриб чиқилади. Қўйилган масалаларни ҳал этиш ўзининг ваколат доирасига кирмайдиган давлат органига келиб тушган мурожаатлар беш кунлик муддатдан кечиктирмай тегишли органларга юборилиб, бу ҳақда мурожаат этувчига ёзма ёхуд электрон шаклда хабар қилинади.

Агар мурожаатларда уларни тегишли органларга юбориш учун зарур маълумотлар мавжуд бўлмаса, бу мурожаатлар мурожаат этувчига беш кунлик муддатдан кечиктирмай асослантирилган тушунтириш билан қайтарилади.

Мурожаатни тўлиқ, холисона ва ўз вақтида кўриб чиқиш учун қўшимча маълумотлар, маълумотномалар ва материалларга зарурат пайдо бўлган тақдирда, мазкур мурожаатни кўриб чиқаётган давлат органининг мансабдор шахси мурожаат этган тадбиркорлик субъектидан, шунингдек ўз ваколатлари доирасида бошқа давлат органларидан қўшимча ахборотни сўраб олиши мумкин. Агар ахборот давлат сирини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларни ўз ичига олган бўлмаса, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларига, жамият ва давлат манфаатларига зарар етказмаса, давлат органлари, уларнинг мансабдор шахслари ўзларидан сўралаётган ахборотни ўн кун ичида тақдим этиши шарт.

Мурожаатни кўриб чиқаётган давлат органи, зарур ҳолларда, мурожаат жойнинг ўзига бориб кўриб чиқилишини таъминлаши мумкин. Мурожаат этувчи ёки бошқа шахс йўқлигида мурожаатни кўриб чиқиш имкони бўлмаса, улар давлат органининг мансабдор шахси томонидан чақирилиши мумкин. Чақирилган мурожаат этувчи келмаган тақдирда давлат органининг мансабдор шахси мурожаатни унинг иштирокисиз кўриб чиқиш имкони йўқлиги ҳақида жавоб юборади.

Агар мурожаатда қўйилган масалалар бошқа тадбиркорлик субъекти фаолиятига дахлдор бўлса, уларнинг вакиллари мурожаатни кўриб чиқишда иштирок этиш учун давлат органлари томонидан ўз ваколатлари доирасида жалб этилади. Агар мурожаатни кўриб чиқишда тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текшириш, шу жумладан молиявий-хўжалик фаолиятини текшириш (тафтиш қилиш) зарурати юзага келса, текшириш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

 

Мурожаат 15 кун ичида кўриб чиқилиши керак...

Ариза ёки шикоят масалани мазмунан ҳал этиши шарт бўлган давлат органига келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кун ичида, қўшимча ўрганиш ва (ёки) текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда эса бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади.

Ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш учун текшириш ўтказиш, қўшимча материаллар сўраб олиш ёхуд бошқа чора-тадбирлар кўриш зарур бўлган ҳолларда, уларни кўриб чиқиш муддатлари тегишли давлат органи раҳбари томонидан истисно тариқасида узоғи билан бир ойга узайтирилиши мумкин, бу ҳақда мурожаат этувчига хабар қилинади.

Таклиф давлат органига келиб тушган кундан эътиборан бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади, қўшимча ўрганишни талаб этадиган таклифлар бундан мустасно, бу ҳақда таклифни киритган тадбиркорлик субъектига ўн кунлик муддатда ёзма шаклда хабар қилинади.

Қонуннинг 23-моддасига кўра, мурожаатни кўриб чиққан давлат органи мурожаат этувчига кўриб чиқиш натижалари ҳамда қабул қилинган қарор ҳақида мурожаат кўриб чиқилганидан сўнг ёзма ёхуд электрон шаклда дарҳол хабар қилиши шарт.

Мурожаатни кўриб чиққан давлат органи, унинг мансабдор ёки бошқа ваколатли шахслари мурожаатни кўриб чиқиш натижалари юзасидан қабул қилинган қарорнинг ижросини назорат қилиши, шунингдек агар тадбиркорлик субъектига унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари бузилиши натижасида моддий зарар ёки маънавий зиён етказилган бўлса, қонунда белгиланган тартибда моддий зарарнинг ўрнини қоплаш ёки маънавий зиённи компенсация қилиш бўйича чора-тадбирлар кўриши шарт.

 

Мурожаатни кўриб чиқиш тартибини бузган амалдор жавобгарликка тортилади 

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 43-моддасига киритилган ўзгартишга кўра, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қабул қилиш ва кўриб чиқишни қонунга хилоф равишда рад этиш, уларни кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузиш, ёзма ёхуд электрон шаклда жавоб юбормаслик, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига зид қарор қабул қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланишини, мурожаат муносабати билан қабул қилинган қарорнинг бажарилишини таъминламаганлик учун мансабдор шахслар энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жаримага тортилишига сабаб бўлади.

Жиноят кодексининг 144-моддасида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қабул қилиш ва кўриб чиқишни қонунга хилоф равишда рад этиш, уларни кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузиш, ёзма ёхуд электрон шаклда жавоб юбормаслик, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига зид қарор қабул қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланишини, мурожаат муносабати билан қабул қилинган қарорнинг бажарилишини таъминламаганлик ёки жисмоний шахсларнинг шахсий ҳаёти тўғрисидаги ёхуд юридик шахсларнинг фаолияти тўғрисидаги маълумотларни уларнинг розилигисиз ошкор этиш, худди шунингдек жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бошқача тарзда бузиш жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларига, эркинликларига ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ёхуд жамият ва давлат манфаатларига жиддий зиён етказилишига сабаб бўлса – энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма беш бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд олти ойгача қамоқ билан жазоланиши, жисмоний шахсни, унинг вакилини, уларнинг оила аъзоларини, юридик шахсни, унинг вакилини ва юридик шахс вакилининг оила аъзоларини улар давлат органига, давлат муассасасига ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига мурожаат қилганлиги муносабати билан ёхуд билдирилган фикри ва мурожаатидаги танқид учун, худди шунингдек бошқача шаклда танқид қилганлиги учун мансабдор шахс томонидан таъқиб этиш – энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма беш бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланган.

 

Таъкидлаш лозимки, давлат органлари тадбиркорлик субъектларининг мурожаатлари билан ишлаш жараёнида Конституциямиз ва қонунларимиз талабларига қатъий риоя қилишлари, ҳар қандай ариза, шикоят ҳамда таклифни ўз вақтида тўлиқ ва холисона кўриб чиқишлари, тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқлари ва эркинликлари тикланишини ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш юзасидан ўз ваколатлари доирасида чоралар кўришлари лозим.

Феруза ИБРАТОВА,

Савдо-саноат палатасининг

етакчи мутахассиси, юридик фанлар номзоди.

Прочитано: 2560 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика