Корхонамиз (у кичик корхона эмас) қўшилган қиймат солиғи тўловчисидир. Унга доир ҳисоботни биз ҳар чоракда топширганмиз. Ўтган йилнинг тўртинчи чораги учун ҳисобот топшираётганимизда бизни январь ойининг якунлари бўйича 25 февралга қадар, ҚҚС ҳисоб-китобини топширишимиз кераклиги тўғрисида огоҳлантиришди. ДСИнинг ушбу талаби қанчалик тўғри?
Бухгалтер.
– Тамомила тўғри талаб.
4.12.2014 йилдаги ЎРҚ-379-сон Қонун билан Солиқ кодексининг 223 ва 225-моддаларига киритилган ўзгартишларда 2015 йил 1 январдан бошлаб микрофирмалар ва кичик корхоналарга кирмайдиган солиқ тўловчилар учун ҚҚС ҳисоб-китобини тақдим этиш ва тўлашнинг ягона муддати белгиланган.
Солиқ кодекси 225-моддасининг янги таҳририга мувофиқ йирик корхоналар ҚҚС бўйича ҳисоботларни ҳар ойда, ҳисобот давридан кейинги ойнинг 25-кунидан кечиктирмай, йил якунлари бўйича эса йиллик молиявий ҳисобот топшириладиган муддатда тақдим этади.
Шуни эслатиб ўтамизки, 2015 йилга қадар микрофирмалар ва кичик корхоналарга кирмайдиган ҚҚС тўловчилари ҳисоботларни йилнинг ҳар чорагида бир марта, ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 25-кунидан кечиктирмай, йил якунлари бўйича эса, йиллик молиявий ҳисобот тақдим этиладиган муддатда тақдим этадилар.
Ихтиёрий асосда ҚҚС тўловчи кичик корхоналар ва микрофирмалар учун ҳисоботни топшириш муддатлари ўзгармади. Улар ҳисоботни ҳар чоракда, ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 25-кунига қадар тақдим этадилар.
Ўз ахборотимиз.