Компаниямиз суюлтирилган газ ишлаб чиқаради, у биржа орқали истеъмолчиларга реализация қилинади, истеъмолчилар жумласига ёқилғи қуйиш шохобчалари ҳам киради.
Компаниямиз транспорт воситалари учун бензин, дизель ёқилғиси ва газ истеъмолига солиқ тўлаши керакми?
ҚК бош бухгалтери.
– Солиқ кодексининг (Кодекс) 301-моддасига кўра ушбу солиқни тўловчилар охирги истеъмолчиларга бензин, дизель ёқилғиси ва газни реализация қилишни, шу жумладан автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари орқали реализация қилишни амалга оширувчи юридик шахслардир. Бунда Кодексда берилаётган таърифга кўра, автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари деганда автомобилларга компрессор воситасида газ тўлдириш, автомобилларга ёқилғи қуйиш ва автомобилларга газ қуйиш шохобчалари, охирги истеъмолчилар деганда ўз эҳтиёжлари учун бензин, дизель ёқилғиси ва газ олувчи юридик ва жисмоний шахслар тушунилади.
Юқорида баён этилганларни эътиборга олиб, агар сиз суюлтирилган газни биржа орқали охирги истеъмолчи – уни ўз эҳтиёжлари учун олаётган юридик шахсга реализация қилсангиз, мазкур ҳолда сизнинг корхонангиз солиқ тўловчи ҳисобланади. Президентнинг 4.12.2014 йилдаги ПҚ-2270-сон Қарорига 22-иловага кўра 2015 йилда транспорт воситалари учун суюлтирилган газ истеъмол қилишга солиқ ставкаси 1 литр учун 200 сўмни ташкил қилади.
Кейинчалик уни охирги истеъмолчилар (юридик ва жисмоний шахслар)га сотадиган автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларига реализация қилинган суюлтирилган газ ҳажмлари бўйича корхонангиз солиқ тўловчи ҳисобланмайди, чунки мазкур реализация охирги истеъмолчи учун амалга оширилмаяпти.
Сизда ўз автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларингиз мавжуд бўлганда компаниянгиз зиммасига АЁҚШ орқали реализация қилинган ҳажмлар қисмида солиқ тўлаш мажбурияти юкланади.
Дилшод СУЛТОНОВ,
эксперт.