Корхонамиз тикувчилик буюмлари ишлаб чиқаради. Биз Президентнинг 2009 йил 28 январдаги қарори билан газламалар (ТИФ ТН бўйича коди – 5112 30 300 0) импортига берилган имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқига эгамизми?
ХК директори.
– Президентнинг «Маҳаллий ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқариш кенгайтирилишини рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарорининг (28.01.2009 йилдаги ПҚ-1050-сон) 3-банди билан 2016 йил 1 январгача бўлган даврга ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналарга бир қатор солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференциялари берилган (ПҚ-1050-сон Қарорга 2-илова). Улар жумласида Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича импорт қилинадиган, ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар, республикада ишлаб чиқарилмайдиган хом ашё ҳамда материалларни божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод этиш бор.
ПҚ-1050-сон Қарорни бажариш учун Вазирлар Маҳкамаси Республикада ишлаб чиқарилмайдиган, ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқариш учун фойдаланиладиган, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 28 январдаги ПҚ-1050-сон Қарорига мувофиқ божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод қилинадиган бутловчи буюмлар, хом ашё ва материаллар рўйхатини (ВМнинг 4.09.2012 йилдаги 585-ф-сон Фармойишига 2-илова) тасдиқлади.
Мазкур Рўйхатнинг 42-бандида тараладиган жун калава ёки ҳайвонларнинг ингичка қилидан тараладиган калавадан тўқилган газламалар (ТИФ ТН бўйича кодлари – 5112 11 000 0 – 5112 90 990 0) белгиланган. Тегишинча, ТИФ ТНнинг 5112 30 300 0 коди билан классификацияланадиган, ноозиқ-овқат истеъмол товари ҳисобланган ва тайёр тикувчилик буюмларини ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган товарга ПҚ-1050-сон Қарор билан белгиланган божхона имтиёзлари татбиқ этилади.
«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.