Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 6 / Тадбиркор ён дафтарига

Аутсорсингми, ноодатий-ку, аммо ишлатишга қулай, арзон ва ишончли

Ҳамма нарсани ўз қўлинг билан қилганга нима етсин! Аммо бу гап эндиликда долзарблик доирасидан чеккароққа чиқиб бормоқда.

Ҳозирги ишбилармонлар дунёсида кўпгина компаниялар бор эътиборни ўзларининг аниқ фаолиятларига қаратганлар, бошқа унча-мунча иш ва вазифаларни эса аутсорсингга1 ўтказиб қўя қолмоқда.  

 

АУТСОРСИНГ – ЗАМОНАВИЙ УСУЛ

Аутсорсингнинг ўзига хос хусусияти шундаки, одатда, аутсорсинг компанияси хизмат кўрсатиши учун узоқ муддатли контракт асосида ишлаб чиқариш ёки бизнес билан боғлиқ айрим вазифаларни унга – профессионаллар зиммасига ўтказмоқдалар. Аутсорсинг айни шуниси билан бир-икки галги сервис хизматларидан фарқ қилади.

Аутсорсинг замонавий бизнеснинг кўпгина соҳаларини, хусусан, бухгалтерия ҳисоби, маркетинг хизматлари, логистика, кадрлар ҳисобини олиб бориш, аутсорсинг соҳасидаги ахборот технологияларини қамраб олади. Ушбу мақолада эътиборни асосан, бухгалтерия ҳисоби соҳасидаги аутсорсингга қаратамиз.

Бу борадаги чет эл тажрибасини ўрганиш асносида қизиқ бир нарсани таъкидлаб ўтишга тўғри келади. Молиявий инвестициялардан манфаатдор-у, аммо бунда аутсорсингдан фойдаланишни ўйламаётган ташкилотлар кўпинча инвестордан рад жавобини олиш таҳликаси остида фаолият кўрсатадилар. Ресурслар жамланмаганлиги, штат ҳаддан ташқари қаппайиб, корхона зиммасидаги вазифалар ошиб-тошиб кетганлиги режалаштириш яхши эмаслиги, оқилона иш олиб борилмаётгани сифатида баҳоланади.

 

ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИ РУХСАТ ЭТАДИ-Ю, АММО ТАЛАБ ҚИЛМАЙДИ

«Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонуннинг (30.08.1996 йилдаги 279-I-сон) 7-моддасида айтилишича, ташкилот раҳбарлари бухгалтерия ҳисоби юритишни шартнома асосида ихтисослаштирилган бухгалтерия фирмасига юклаши мумкин. 2013 йилнинг ёзида микрофирмалар ва кичик корхоналар учун мўлжалланган 20-сон БҲМСнинг2 янги таҳрири тасдиқланди. Стандартда бухгалтерия ҳисобини юритишнинг соддалаштирилган тизимини ташкил этиш тартиби ва услубияти белгилаб берилган. Аммо бухгалтерия ҳисобини юритиш ихтисослаштирилган фирмага топширилган тақдирда ишни ташкил этишга тааллуқли қоидалар йўқ. Бундай ташкилотларга нисбатан аниқ талаблар ҳам мавжуд эмас. Шу сабабли, аутсорсинг хизматлари билан шуғулланувчи ҳар бир бухгалтерия фирмаси фирма раҳбариятининг билим доираси ва тажрибасига асосланган ўз сифат стандартларини жорий этиб келмоқда.

Ҳолбуки, халқаро аудит стандартлари ва бошқа профессионал регламентларни ишлаб чиқаётган Халқаро бухгалтерлар федерацияси (IFAC) 2009 йил 15 декабрдан эътиборан 1-Халқаро сифат назорати стандартини (1-ХСНС) амалиётга жорий этди. Унда бухгалтерия фирмалари ходимлари ва менежментининг малакасига доир талаблар, шунингдек бундай фирмаларнинг тузилмаси белгилаб берилган. Бу аудиторлик стандарти эмаслигига эътибор берайлик. Мазкур стандартнинг амал қилиши бухгалтерия хизматлари кўрсатувчи ташкилотларгагина татбиқ этилади. Ана шу ҳужжатнинг талаблари ва қоидаларини бизнинг мамлакатимизда ҳам бухгалтерия фирмасига нисбатан мезонлар ва талабларни белгилашда асос қилиб олиш мумкин.

Бухгалтерия ҳисоби юритишни аутсорсингга ўтказган корхоналар ҳамда молия ҳисоботини ҳар йили текширадиган ташқи аудиторлар бухгалтерия фирмаларининг ички назорати айнанлигига (адекватлигига) ишонч ҳосил қилмоқликлари керак. 402-сон Халқаро аудит стандарти бухгалтерия ҳисоби юритилишини аутсорсинг қилишни зиммасига олувчи сервис ташкилотлар сервис аудитидан ўтиб, биринчи ёки иккинчи турдаги ташқи аудитор ҳисоботини олишлари даркор деб тавсия беради. Бундай ҳисоботларни ҳужжатлаштириш ва тузишга доир талаблар IFAC томонидан чиқарилган 3402-сон профессионал стандартда (ISAE) белгилаб қўйилган.

 

ҚАЙСИ БИРИ ЯХШИРОҚ?

Бухгалтерия ҳисобини юритиш учун чет ташкилотни жалб этишни ёқлайдиган асосий далил ёлғиз молиявий фойда (наф)нинг ўзи билан чекланмайди, албатта.

Холислик нуқтаи назаридан вазиятни уч жиҳатдан таҳлил этиб кўрайлик:

1) корхонада штатли бухгалтер бўлганда;

2) корхона вақти-вақти билан (айтайлик, йилнинг ҳар чорагида) бухгалтер хизматларидан фойдаланаётганда (асосан иккинчи имзо ҳуқуқисиз);

3) бухгалтерия фирмасини ишга ёллаганда.

 

Штатли бухгалтер

 

Афзаллик томонлари

 

Камчилик томонлари

 

1. Ҳамиша иш жойида бўлиши.

2. Фирманинг равнақ топиши ва гуллаб-яшнашидан манфаатдорлиги.

3. Шошилинч масалаларни тезкорлик билан ҳал этиши

1. Иш жойини жиҳозлаш харажатлари.

2. Бухгалтерия ва ҳуқуққа оид дастурларни харид қилиш зарурати.

3. Малакали мутахассис меҳнатига катта иш ҳақи тўлаш.

4. Солиқ тўловлари сабабли меҳнатга тўланадиган ҳақ харажатлари (ЯИТ билан бирга 40%га яқин) ортиб кетиши.

5. Ходимнинг малакасини ошириш учун қўшимча сарф-харажатлар.

6. Қонун ҳужжатларига мувофиқ зиммасига ниҳоятда чекланган миқдорда жавобгарлик олиши (етказилган зарар бухгалтернинг жавобгарлиги чорасидан ошиб кетиши мумкин)

 

 

 

Заруратга қараб келиб турадиган бухгалтер

 

Афзаллик томонлари

 

Камчилик томонлари

 

1. Унча катта бўлмаган қиймат

2. Кўпинча алоҳида жиҳозланган иш жойи талаб этилмаслиги.

3. Бухгалтерия ва ҳуқуққа оид дастурларни сотиб олиш ва жорий этиш харажатлари йўқлиги

 

1. Одатда бир неча ташкилотда (эҳтимол, ҳатто рақобатлашувчиларда) бухгалтерия ҳисоб-китобини олиб бориши.

2. Фирманинг равнақ топиши ва гуллаб-яшнашидан манфаатдорлик йўқлиги.

3. Бирламчи ҳужжатларни сифатли тузиш ва тайёрлаш учун, шунингдек ўтказилган хўжалик операцияларини ва умуман олганда фирма ишини таҳлил қилиш учун ҳамиша вақти етишмаслиги.

4. Хизматлар бажарилиши сифати устидан назорат йўқлиги (одатда сифатсиз бажарилган иш учун зиммасида жавобгарлиги бўлмаслиги).

5. Шошилинч масалаларни ҳал этишда қийинчилик бўлиши

 

 

Аутсорсинг фирмаси

 

Афзаллик томонлари

 

Камчилик томонлари

 

1. Жиҳозланган иш жойи мавжудлиги.

2. Ёлланма ходимларнинг иш ҳақи билан боғлиқ солиқ харажатлари йўқлиги (40%дан ортиқ тежам).

3. Бухгалтерия ҳисоби фирманинг бошқа мутахассислари (юристлар, аудиторлар, солиқ маслаҳатчилари) мадади билан олиб борилиши.

4. Сифат назоратининг ички тизими (ички назорат) мавжудлиги.

5. Қонун ҳужжатларидаги барча ўзгаришларга тезкорлик билан эътибор берилиши.

6. Хизматлар сифатсиз бажарилганлиги учун буюртмачи олдидаги жавобгарлик қонун ва шартномада мустаҳкамлаб қўйилганлиги.

7. Суғурта полиси (профессионал жавобгарлик суғуртаси) мавжудлиги.

8. Шошилинч масалаларнинг тезкорлик билан ҳал этилиши.

9. Мутахассиснинг фирмага бориши эҳтимоли.

10. Бухгалтерия ва ҳуқуққа оид дастурларнинг замонавий туркумларини эгаллаганлик.

11. Вазифаларни тезлик билан бажаришдан манфаатдорлик.

12. Буюртмачининг равнақ топишидан манфаатдорлик, узоқ муддатли муносабатлар ўрнатилишига мўлжал қилиш

 

1. Бухгалтерия ҳисобини олиб борувчи мутахассис билан алоқа кўпроқ телефон ёки электрон почта орқали олиб борилиши.

2. Ахборотнинг рақобатчиларга ошкор бўлиши таҳдиди

 

Ҳавола этилган жадвалларга тўхталиб шуни айтиш жоизки, жараёнларни ҳамда уларни бажариш қийматини арзонлаштиришга, ташкилотни бошқариш тизимини яхшилашга, умумий харажатларда тежамкорликка эришишга, керакли экспертлик билимларини, услубиятини ва тажрибасини олишга, солиқ юкини мақбуллаштиришга қаратилган вазифаларни ҳам аутсорсингга оширадилар.

Қайд этиб ўтилган камчиликларга келганда, МДҲга аъзо мамлакатларда, хусусан, Ўзбекистонда аутсорсинг кенг қулоч ёйишига тўғаноқ бўлаётган асосий сабаблардан бири, бизнинг назаримизда, муҳим ахборотларнинг тарқалиб, оммалашиб кетиш таҳдидидир. Ана шу муаммонинг ечими бунга ўхшаш ишда тажрибаси ва ҳамкорларининг ижобий фикр-мулоҳазалари бўлган, кенг кўламдаги ишларни бажаришга қодир баобрў, юқори ишчанлик нуфузига эга бўлган ижрочини танлай билишда деб биламиз.

 

ТАРАҚҚИЁТ ИСТИҚБОЛЛАРИ

Бухгалтерия ҳисобини юритишга аутсорсинг фирмасини жалб этишнинг мақсадга мувофиқлиги шундоққина кўриниб турибди. У, энг аввало, кичик бизнес корхоналари учун қўл келади. Йирик корпорациялар учун айрим бухгалтерия вазифаларини ташқи профессионаллар зиммасига ўтказиш бағоят жўяли ва фойдали иш бўлиб қолиши турган гап.

Бироқ, анчагина тор ихтисослашувга эга бўлган аутсорсинг компанияси бизнес ишини юритишнинг барча ўзига хос, нозик томонларини инобатга ололмаслиги мумкин деган хавф кўринишидаги фикрлар ҳам йўқ эмас. Бундай хавфсирашлар ўринсиз, улар кўпроқ нотўғри олинган ахборотга асослангандир. Ҳар бир бизнес иши, шак-шубҳасиз, ўзига хос хусусиятга эга, аммо бу нарса бухгалтерия ҳисобини юритишга жилла таъсир этмайди. Мавжуд таҳдид-таваккалчиликларни камайтириш учун самарали ички назоратга эга бўлган тажрибали профессионал фирмани афзал билган маъқулдир.

Жаҳон статистикаси ва муваффақиятли ечимларга оид мисоллар мамлакатимизда ҳам аутсорсингдан фойдаланишда умид доирасини кенгайтиради. Шу сабабли ҳам Ўзбекистонда кичик бизнес ривож топиб боргани сари, аутсорсинг ҳам ривожланади ва тадбиркорликнинг барча соҳаларида амал қила бошлайди деб чамалаш мумкин. Бу билан аутсорсинг ташкилотларнинг соҳавий фаолияти самарали тарзда кечишига имкон яратиб беради.

Лекин шу билан бир вақтда ихтисослаштирилган бухгалтерия фирмаларининг хизматлари сифатига оид талабларни, улар фаолиятини, ҳар йили аудитдан ўтишини тартибга солиш зарурати ҳам келиб чиқмоқда. Уларнинг ҳаммаси бухгалтерларнинг профессионал бозорини ривожлантириш, потенциал буюртмачиларнинг кўрсатилаётган хизматлар сифатига ишончини ошириш ва ноинсоф, ғирром бухгалтерия фирмалари билан шартномалар тузиш таҳликасини камайтириш имконини беради.

Бунинг устига, бухгалтерия фирмаларига ўз штатида сертификатланган солиқ маслаҳатчиси бўлиши мажбуриятини юклаш мақсадга мувофиқ кўринади, негаки улар ўз фаолиятлари доирасида солиқларнинг ҳисоб-китобларини тузадилар.

«Солиқ маслаҳати тўғрисида»ги Қонунга (21.09.2006 йилдаги ЎРҚ-55-сон) мувофиқ, солиқ ҳисоботини тузишда мижозга ёрдам кўрсатиш солиқ маслаҳати бўйича хизмат бўлиб, у фақат сертификатланган мутахассис томонидан амалга оширилиши мумкин.

Юқорида айтилган фикрларни якунлаб, шуни таъкидлаймизки, бухгалтерия фирмаларининг ривожланиши малакали бухгалтерлар етишмаслигини қисман қоплаш имконини беради. Бундай бухгалтерларнинг етишмаслиги эса, бухгалтерия ҳисоби ва молиявий бошқарув ислоҳ этилаётган шароитда янада яққолроқ кўзга ташланмоқда. Бухгалтерия фирмаларининг ривож топиши айни бир вақтда молия ва солиқ ҳисоботлари очиқ-ошкоралигини оширади, мамлакатни иқтисодий ривожлантиришга кўмаклашади.

 

Европада ва АҚШда бухгалтерия аутсорсинг бозорининг ривожланганлик даражаси компанияларга асосий фаолият билан хотиржам шуғулланиш, солиқ ҳисоботи ва бухгалтерия ҳисобининг бошқа шохобчаларини эса профессионаллар зиммасига ўтказиш имконини беради. Чунончи, Европада кичик ва ўрта бизнес компанияларининг 86, АҚШда 92, Исроилда 96 фоизи аутсорсерлар хизматларидан фойдаланмоқда. Кичик ва ўрта бизнес компаниялари энг аввало, иш ҳақи ва солиқлар ҳисоб-китоби билан боғлиқ вазифаларни аутсорсинг зиммасига ўтказмоқда.

Аутсорсинг хизматлари провайдерлари тасдиқлашича, корхоналарга бухгалтерия хизматлари кўрсатиш малакали бухгалтерни ишга ёллашга нисбатан 3–5 баробар арзонга тушмоқда.

http:gaap.ru/

 

1Аутсорсинг (инглизча outsourcing) ташқи ресурсдан фойдаланиш деган маънони, бинобарин, ташкилот муайян бизнес жараёнларига хизмат кўрсатишни шу соҳада ихтисослашган ҳамда тегишли билим, тажриба ва техник ресурсларга эга бўлган бошқа компанияга беришини англатади.

2«Кичик тадбиркорлик субъектлари томонидан бухгалтерия ҳисобини юритишнинг соддалаштирилган тартиби» (МВнинг АВ томонидан 14.08.2013 йилда 2501-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган).


Татьяна ДАУРОВА,
«Bizouts» лойиҳаси раҳбари,

Татьяна ШАЛУНОВА,
солиқ маслаҳатчиси, «Rastax Group»
солиқ маслаҳатчилари ташкилоти раҳбари.

Прочитано: 2122 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика