Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2015 год / № 11 / Криминалист эксперт ён дафтаридан

Жиноятларнинг толали гувоҳлари

Криминалистика амалиётида толали материаллар ва буюмлар (иплар, газламалар, калавалар, трикотаж буюмлар, арқон ва тизимчалар, кийим-кечак ва шу сингарилар) кўпинча ашёвий далил бўлиб қолади. Улар жиноятчилар эгнидаги ва жабрдийдалар устидаги кийим-кечакнинг бир қисми бўлиб, воқеа содир бўлган ердаги нарсаларнинг қопламаси (мебель, автомобиль ўриндиғига сирилган матолар, полга тўшалган гилам ва шу сингарилар)га тегинилганда қолган бўлади.

 

Жиноят содир этилган пайтда толали объектлар у ёки бу йўсинда бир-бири билан тўқнашади. Натижада содир бўлган воқеа иштирокчиларининг кийимида, жиноят қуролларида тўқимачилик толалари, буюмлари парчаси ва микробўлаклари қолади. Улар қимматли маълумот берувчи манба вазифасини ўтайди ҳамда оғирлик даражаси ҳар хил жиноятларни тергов қилиш ва фош этишда кўпгина масалалар ечим топишига ёрдам беради.

 

МАШИНАНИ... ЖАБРЛАНУВЧИНИНГ ПАЛЬТОСИГА ҚАРАБ ТОПИШДИ

Ип ва трикотаж газламалар ва буюмлар, тўқима буюмлар, арқонлар, умуман олганда, барча тўқимачилик буюмлари ғоваксимон таркибли бўлиб, сирти нотекис, ҳурпайганроқ, тукли бўлади. Механик таъсир туфайли, улардан баъзи толалар осонгина ажралиб чиқади. Туртинганда, бўлинганда, қийқилганда толалар кўпроқ ва жадалроқ ажралади. Бошқа материаллар ва буюмларга, уст-бошга, турли юзаларга ёпишиб олиш хусусияти туфайли, бундай толалар ўша ёпишган жойида узоқ сақланиб қолади, ҳатто ўз «изи»ни қолдиришга ҳам муваффақ бўлади.

Жиноятчининг уст-бошидаги мўъжазгина толанинг жабрланувчи кийимида ёки воқеа содир бўлган жойдаги бошқа объектларда топилиши терговга гумон қилинаётган шахснинг текширилаётган жиноятга дахлдор эканлиги ҳақида қимматли ахборотлар бериши мумкин. Кийим-кечак ва олиб қўйилган бошқа буюмлардаги ана шундай «излар» қайд этилиб, процессуал тарзда расмийлаштирилганидан кейин ашёвий далилларга айланади. Уларни экспертлик йўли билан текшириш жиноятнинг муҳим ҳолатларини аниқлаш имконини беради.

Тўқимачилик толаларини экспертиза қилиш кўпинча бошқа криминалистика текширувлари – трассологик экспертиза, ёқилғи-мойлаш материаллари экспертизаси ва лок-бўёқ қоплама экспертизаси билан биргаликда тайинланади. Бу эса, тергов учун муҳим ахборот олиш имконини беради.

 

Бир куни эрта тонгда, катта йўлнинг чеккасида номаълум эркакнинг жасади топилди. Воқеани кўрганларнинг сўзларига қараганда, пиёдани автомобиль уриб, бостириб ўтиб кетган ва фалокат содир бўлган жойдан дарҳол ғойиб бўлган. Қидирув асносида ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза этувчи органлар гувоҳларнинг тавсифларига мос келадиган машинани топдилар.

Автомобилнинг содир бўлган воқеага дахлдорлигини аниқлаш учун толали материалларнинг криминалистика экспертизаси тайинланди. Машина кўздан кечирилганда, ундан бир тутам тўқимачилик толалари топилди. Экспертлар бу толалар жабрланувчининг кийимидаги толалар билан бир хил эканлигини аниқладилар. Ана шу факт трассологик текшириш ва лок-бўёқ қопламаси экспертизаси натижалари билан биргаликда йўловчини уриб, бостириб ўтиб кетиш жинояти гумон қилинаётган автомобилда содир этилганлигини аниқлаб берди.

 

ҲАР БИР ЖИНОЯТ ЖИНДЕК БЎЛСА ҲАМ ИЗ ҚОЛДИРАДИ

Экспертлик амалиёти шуни кўрсатмоқдаки, амалда ҳар қандай жиноий қилмишдан кейин тўқимачилик «излари» қолади. Бундай «излар»га толали материаллар ва улардан тайёрланган буюмлар у ёки бу даражада дохил бўладилар. Ип-ипчиқ, майда толалар кўпроқ жиноятчилар ва жабрдийдаларнинг уст-боши ва пойабзалида топилади, аммо бошқа моддий объектлардан ҳам топилиши мумкин.

Ана шундай нарсаларни собитқадамлик билан излаш содир этилган жиноят турига боғлиқ. Чунончи, талон-торож қилиш ва ўғирликлар содир этишда, жиноятчи кийимидаги толалар жиноятчи бузиб кирган хонада ёки ундан чиқишда учраши мумкин. Дераза ромларида, шунингдек унга яқин жойдаги мебелларда жиноятчи ўзи билмаган ҳолда «тўқимачилик дастхати»ни қолдириши мумкин. Номусга тегиш ва қотиллик жиноятларида бундай толаларни ҳамма жойдан – кийим-кечакдан, жабрланувчининг терисидан, жиноят қуролларидан, воқеа содир бўлган жойдаги ашёлардан топиш мумкин. Автомашина уриб ёки туртиб кетиши билан боғлиқ жиноятларда машинанинг сирти ва деталларида нафақат толалар, ҳатто пиёданинг кийимидаги газлама парчалари ва иплари сақланиб қолиши ҳам мумкин. Шу сабабли ҳам воқеа иштирокчилари тўқинган деб тусмол қилса бўладиган мебель, жиноят қуроли, дераза ва эшик рафлари, тирқишлари, бошқа нарсалар албатта текширилади. Йўл-транспорт ҳодисалари тергов қилинаётганда, кўпинча, воқеа содир бўлган пайтда автомобилни ким бошқарганлиги, руль кимнинг қўлида бўлганлигини аниқлаш, тергов учун жуда муҳимдир. Ана шундай ҳолларда автомашинанинг салони ва унинг турли деталлари жуда синчковлик билан текширилади.

 

Тун яримлай деган пайтда, шаҳар шифохонасига йўл-транспорт ҳодисасидан жабрланган, енгил автомобиль йўловчисини олиб келишди. Маълум бўлишича, сархуш ҳайдовчи машинани бошқара олмай қолиб, катта тезликда бетон четанга бориб урилган. Натижада ўзи ҳалок бўлган, ягона омон қолган йўловчи бир амаллаб автомобилдан чиқиб, «Тез ёрдам» машинасини чақирган. Тергов давомида автомашина рулини айни ана шу омон қолган йўловчи бошқарган деган шубҳа туғилди, у эса бу айбни қатъиян рад этди.

Иш ҳолатларини аниқлаш учун экспертлар руль чамбарагида, ҳайдовчи ўриндиғининг ғилофида тўқимачилик толалари бор-йўқлигини, агар бўлса улар қайси кийимга – ҳалок бўлган ҳайдовчининг ёки омон қолган йўловчининг уст-бошига мансуб эканлигини аниқлаб бериши лозим эди. Чуқур текширув ҳайдовчининг ўриндиғи ғилофида омон қолган йўловчининг кийими таркибидаги толаларга ўхшаш толалар кўп миқдорни ташкил этишини аниқлаб берди. Бу ахборот трассологик экспертиза ва суд-тиббиёт экспертизаси маълумотлари билан биргаликда автомобиль рулини йўл-транспорт ҳодисасида омон қолган ўша йўловчи бошқарганлигига шубҳа қолдирмади.

 

«ГУВОҲЛАР» ҚАТОРИ АНЧА УЗУН

Криминалист экспертлар вазифалари сирасига микрообъектларнигина эмас, балки толали яхлит буюмларни ҳам топиш ва текшириш вазифаси киради. Чунончи, улар гумон қилинувчининг уйидан топилган газлама бўлагининг жабрланувчи кийимига тегишли эканлиги масаласига жавоб топишлари керак. Ана шу фактни аниқлаш терговга содир бўлган воқеада гумон қилинувчининг жабрланувчи билан алоқаси борлигини билвосита тусмол қилиш имконини беради.

Жиноятчилар кўпинча, воқеа содир бўлган жойда шарфларини, қўлқопларини, пальто белбоғини, шахсий уст-бошига мансуб бошқа нарсаларни қолдириб кетадилар. Бундай вазиятларда экспертлар жабрдийданинг уйидан топилган шарф ипи билан гумон қилинувчининг уйидан топилган тўқима қалпоқ ипи бир калавадан тўқилган-тўқилмаганлигини аниқлайдилар. Шундай воқеа ҳам бўлганки, ипи билан юлқиб олинган тугма гумон қилинувчига тегишли костюмга тикиб қўйилганлиги ҳолати аниқланган.

Толали материалларнинг криминалистика экспертизаси анча кенг кўламдаги масалаларни ҳал этади, идентификация қилишдан бўлак вазифаларни ҳам қамраб олади. Масалан, текширувчиларга баъзан ёнғин қолдиқларига қараб, кул таркибида кийим-кечак, тўқимачилик буюмлари бўлган-бўлмаганлигини, уларнинг дастлабки кўринишини ва қай мақсадда фойдаланилганлигини аниқлаб беришга ҳам тўғри келади.

Экспертлик ва тергов амалиётидаги кўпгина мисоллар толали материаллар қолдирган ёки ҳосил қилган «излар»нинг аҳамиятини яққол намойиш этмоқда. Зотан улар бошқа ашёвий далиллар билан биргаликда ҳар хил жиноий ҳуқуқбузарликларни тергов қилиш ва фош этишга, жиноятчиликка қарши самарали тарзда курашишга муносиб ёрдам бермоқдалар. 

 

Элеонора ПАК,

Адлия вазирлиги ҳузуридаги

Республика суд экспертизаси марказининг давлат суд эксперти.

Прочитано: 1666 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика