Авиация билим юртини битирганимдан кейин 1975 йил февралда Камчатка вилояти Коряк мухтор округининг Корф қўрғонидаги «Тиличики» аэропортига ишга юборилдим. У ерда 1993 йил июнигача турли лавозимларда ишладим. 1993 йилда ўз хоҳишим билан ишдан бўшадим ва Ўзбекистондаги доимий яшаш жойига кўчиб келдим.
2011 йил апрелида ёшга доир пенсияни расмийлаштирдим. Иш стажини ҳисоблаш чоғида «Тиличики» аэропортида ишланган 18 календарь йилни ҳисобга олишди. Бироқ уларга Чекка Шимолга тенглаштирилган жойлар учун туман коэффициентини қўллашмади. (Рўйхати СССР Министрлар Кенгашининг 10.11.1967 йилдаги 1029-сон Қарори билан тасдиқланган туманлар ва жойларда ишлайдиган шахслар учун имтиёзлар тўғрисидаги СССР Олий Совети Президиумининг 10.02.1960 йил ва 26.09.1967 йилдаги фармонларига кўра, давлат пенсияларини тайинлашда Чекка Шимол туманларига тенглаштирилган жойларда ишланган ҳар йил илгари Чекка Шимол туманларида 1,5 йил ишлаш деб ҳисобга олинган).
Ижтимоий таъминот бўлими ходимлари менинг пенсиям ҳисоб-китобини имтиёзларни ҳисобга олмасдан амалга оширганликлари қанчалик тўғри?
Ш.Махсумов.
Чирчиқ шаҳри.
– Пенсия жамғармаси бўлими ходимларининг ҳаракатлари тўғри. Қонуннинг1 38-моддасида иш стажига имтиёзли тарзда қўшиб ҳисобланадиган фаолият даврлари белгиланган. Унда Чекка Шимолда ва унга тенглаштирилган туманларда иш даврлари ҳисобланганда имтиёзни ҳисобга олиш назарда тутилмаган.
1«Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонун (3.09.1993 йилдаги 938-XII-сон).