Мен бир неча йилдан бери пенсия оламан. Бироқ жамғарилган бадалларни олган эмасман. Ҳозир эса соғлиғим ҳолати туфайли уларни шахсан бориб жамғариб бориладиган ҳисобварақдан ола олмайман. Кимдир уларни ишончнома бўйича олиши мумкинми? Бундай ҳолда нима қилишим керак?
Г.Андреева.
Тошкент шаҳри.
– Жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағидан пул олиш учун сиз аввало ўз Пенсия жамғармаси бўлимингиздан жамғариб бориладиган пенсия тўловларини олиш ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳнома олишингиз лозим. «Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг2 20-моддасига кўра, улар ушбу гувоҳнома асосида бундай тўловларни олувчининг яшаш жойидаги Халқ банки филиали томонидан тўланади.
Банкнинг туман бўлимига шахсан келиш имконияти бўлмаган тақдирда сиз уларни қонун ҳужжатларига мувофиқ берилган ҳужжатлар асосида ишончли вакиллар орқали олишингиз мумкин.
Чунончи, Фуқаролик кодексининг 137-моддасида белгиланишича, пенсиялар, нафақалар, шунингдек банк муассасаларидан суммаларни олиш ҳақидаги ишончнома оддий ёзма шаклда ёки нотариал расмийлаштирилиши ҳамда ваколат берувчи ишлайдиган ташкилот, у яшайдиган уйга хизмат кўрсатувчи уй-жойдан фойдаланиш ташкилоти, ўзининг яшаш жойидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ёхуд фуқаро даволанишда бўлган даволаш муассасасининг маъмурияти томонидан тасдиқланиши мумкин.
2«Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонун (2.12.2004 йилдаги 702-II-сон).