УМИДСИЗ ҚАРЗЛАРНИ ҲИСОБДАН ЧИҚАРИШ ТАРТИБИ ЎЗГАРТИРИЛДИ
Вазирлар Маҳкамасининг 2.03.2015 йилдаги 40-сон Қарори билан муддати ўтказиб юборилган дебиторлик ва кредиторлик қарзларни қисқартириш ҳамда бюджетга тўловлар интизомини мустаҳкамлаш бўйича республика комиссиясининг фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида Ҳукуматнинг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Вазирлар Маҳкамасининг «Молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ва қонунчиликда белгиланган муддатларда ўзларининг устав жамғармаларини шакллантирмаган корхоналарни тугатиш тартиби тўғрисида»ги Қарорига (3.07.1999 йилдаги 327-сон) киритилган ўзгартиришларга мувофиқ молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ва қонунчиликда белгиланган муддатларда ўзларининг устав жамғармаларини шакллантирмаган тугатилаётган корхоналарнинг маблағлари ва мол-мулки етарли бўлмаган тақдирда, уларнинг бюджет ва бюджетдан ташқари жамғармаларга мажбурий тўловлар бўйича тўланмаган қарзлари давлат солиқ хизмати органлари томонидан умидсиз солиқ қарзларини ҳисобдан чиқариш учун белгиланган тартибда ҳисобдан чиқарилади.
Фермер хўжалиги ер майдонини мақбуллаштириш ва уни тугатиш тартиби тўғрисидаги низомга (ВМнинг 31.01.2013 йилдаги 22-сон Қарори билан тасдиқланган) ҳам айнан шундай ўзгартиришлар киритилди.
Шуни эслатиб ўтамизки, илгари мазкур қарзлар Давлат солиқ қўмитаси тақдимномасига кўра Ҳисоб-китоблар механизмини такомиллаштириш ва бюджетга тўловлар интизомини мустаҳкамлаш бўйича Ҳукумат комиссияси қарори билан ҳисобдан чиқарилар эди.
Ҳужжат билан бошқа бир қатор ўзгартиришлар киритилди.
ШАХСИЙ КАБИНЕТ ОРҚАЛИ МУРОЖААТНИ ЖЎНАТИШ
Вазирлар Маҳкамасининг 6.03.2015 йилдаги 50-сон Қарори билан 3.12.2014 йилдаги «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги ЎРҚ–378-сон Қонунга мувофиқ Вазирлар Маҳкамасининг 30.12.2012 йилдаги «Интерактив давлат хизматлари кўрсатишни ҳисобга олган ҳолда Интернет тармоғида Ўзбекистон Республикасининг Ҳукумат портали фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 378-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Киритилган ўзгартиришлар билан аниқлаштирилишича, фойдаланувчилар шахсий кабинет орқали мурожаатларда қўйилган масалаларни ҳал этиш ваколатига кирадиган давлат органларига ўз мурожаатларини юборишлари мумкин.
Фойдаланувчиларнинг шахсий кабинети орқали олувчига юбориладиган мурожаатлари электрон рақамли имзо (ЭРИ) ва уларни идентификациялаш имконини берадиган бошқа реквизитлар билан тасдиқланиши керак. Фойдаланувчига унинг мурожаатига электрон тарздаги жавоб раҳбарнинг ёки олувчининг бошқа мансабдор ваколатли шахсининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланиши керак.
Олувчига шахсий кабинет орқали келиб тушган фойдаланувчининг мурожаати давлат органи раҳбарининг ички буйруғига асосан тайинланган мансабдор шахс томонидан кўриб чиқилади.
Коллеж битирувчиларини ишга жойлаштириш устувор вазифа
2015 йил 10 мартда Вазирлар Маҳкамасининг «Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 52-сон Қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш, аниқ ташкилотларга (иш берувчиларга) бириктириш ва эгаллаган касблари бўйича ишга жойлаштиришни таъминлаш бўйича Республика мувофиқлаштирувчи кенгаши тузилди. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига Қарорда келтирилган намунавий таркибда ҳудудий мувофиқлаштирувчи кенгашларни тузиш топширилди.
Шунингдек, масъул ижрочилар ва бажариш муддатлари кўрсатилган ҳолда касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини, кейинчалик эгаллаган касблари бўйича ишга жойлаштиришни назарда тутган ҳолда, ишлаб чиқариш амалиётини ўташ учун аниқ ташкилотларга (иш берувчиларга) бириктириш ва ишга жойлаштиришни ташкил этиш бўйича ҳар йили амалга ошириладиган тадбирлар белгиланди.
Туманлар (шаҳарлар) ҳокимликларига касб-ҳунар коллежлари ва ташкилотлар раҳбарлари билан биргаликда ўз ҳудудларидаги касб-ҳунар коллежларининг ҳар бир битирувчисини ишлаб чиқариш амалиётини ўташ учун эгаллаган касбига мос йўналишдаги аниқ ташкилотларга (иш берувчиларга) бириктириш ва уч томонлама (ташкилот-битирувчи-коллеж) шартномалар тузиш, бу ҳақдаги маълумотларни ҳудудий мувофиқлаштирувчи кенгашларга тақдим этиш вазифалари юклатилди. Ташкилий-ҳуқуқий ва мулкчилик шаклидан қатъи назар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларига касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш ва эгаллаган касблари бўйича ишга жойлаштиришга кўмаклашиш тавсия этилди.
Қарорга асосан 2015 йилда тижорат банклари томонидан касб-ҳунар коллежлари битирувчилари учун имтиёзли кредит ажратишнинг прогноз параметрлари тасдиқланиб, унга кўра республика бўйича бизнес билан шуғулланишга қарор қилган касб-ҳунар коллежлари битирувчиларига 250,0 млрд сўм миқдорида имтиёзли кредит берилиши назарда тутилган.
Ҳужжатларга қисқача шарҳларни «Norma Profi» экспертлари
Елена ЕРМОХИНА ва
Сардор ЖУМАШОВ тайёрладилар.