ҳарбийлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчилар учун қонун лойиҳаси
кексаларга пенсия устамалари
фахрийларга бепул санаторий
Президентнинг 2015 йил 18 февралдаги ПҚ-2302-сон Қарори билан «Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастури тасдиқланди.
Унга кекса ёшдаги кишиларнинг ҳаёти билан боғлиқ барча жиҳатлар киритилган. Чора-тадбирлар мажмуаси уларнинг турмуш даражасини ошириш ва ҳаёт кечиришлари сифатини яхшилашга, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашни кучайтиришга, ижтимоий, пенсия ва тиббий хизматлар кўрсатишни такомиллаштиришга қаратилган.
Дастурнинг устувор жиҳатларидан бири қонунчилик ва меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштиришдир. Хусусан, қонунлар, Президент ва ҳукумат фармон ҳамда қарорларининг бир қатор лойиҳаларини ишлаб чиқиш назарда тутилган.
● Чунончи, ҳарбий хизмат, ички ишлар органлари, божхона органларида хизмат ўтаган шахслар ва уларнинг оила аъзоларининг пенсия таъминоти тўғрисидаги қонун лойиҳасида бундай шахслар пенсия таъминотининг асослари ва механизмлари назарда тутилади. Зеро амалдаги «Ҳарбий хизматчиларнинг пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг (28.04.1990 йил) кўп меъёрлари эскирган ҳамда ҳозирги шарт-шароитлар ва талабларга жавоб бермайди.
● Кексалар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа тоифалари учун ижтимоий хизматлар кўрсатишнинг ҳуқуқий, ташкилий ва иқтисодий асослари, уларнинг турлари ва шакллари, шунингдек давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда бошқа масъул идора ва хизматларнинг ваколатлари ва мажбуриятлари кексалар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа тоифалари учун ижтимоий хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги қонун лойиҳасида қайд этилади.
● Жиноят кодексига аёлларга ҳамда 60 ёшдан ошган эркакларга нисбатан тайинланаётган, Жиноят кодексида назарда тутилган озодликдан маҳрум этиш энг кўп муддатини ҳозирги вақтдаги 3/4 қисмдан (75%) 2/3 қисмга (67,7%) камайтирадиган ўзгартиришлар киритиш ҳам режалаштириляпти.
● Узоқ умр кечираётган кексаларнинг пенсияларига устамалар аниқ шахсга ғамхўрликни намоён этади. Жорий йилда Президентнинг ташаббуси билан табаррук 100 ёшдан ошган ўзбекистонликларга энг кам иш ҳақи миқдорига тенг қўшимча ҳақ тўлашни жорий этиш режалаштириляпти. Мазкур пайтда бу миқдор 118 400 сўмни ташкил қилади. Президентнинг 75 ёшга тўлган ва ундан ошган фуқаролардан уларга пенсия ва нафақалар тўғри тайинланганлиги ҳамда тўланганлигини текшириш чоғида аниқланган қарзларни ҳисобдан чиқариш тўғрисидаги қарори ҳам кекса кишиларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга йўналтирилади.
МАЪЛУМОТ УЧУН! Ҳозир Ўзбекистонда 80 ёшдан ошган 225 минг нафар киши яшайди, 90 ёшдан ошганлар – 44 минг киши. 8 700 нафар киши эса 100 ёшдан ошган. Улар жумласида Иккинчи жаҳон урушининг 3 109 нафар иштирокчиси ва меҳнат фронтининг 69 994 нафар фахрийси бор.
● 2015 йилда пенсия таъминотининг ягона идоралараро интеграцияланган ахборот тизими барпо этилади ва жорий қилина бошлайди. Бу ҳақда ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш назарда тутилган. Давлат органлари ўртасида маълумотларни электрон айирбошлаш тизими маълумотномалар ва тасдиқловчи ҳужжатларни йиғишни анчагина соддалаштириш имконини беради, бу эса пенсиялар тайинлаш тизимини янада қулайлаштиради.
● Йил дастурида Вазирлар Маҳкамасининг Қарори билан тасдиқланадиган Қариялар учун ижтимоий хизматларни тайинлаш ва кўрсатиш ҳамда уларга ижтимоий ёрдам кўрсатишнинг индивидуал дастурини шакллантириш тартиби тўғрисидаги низомни ишлаб чиқиш назарда тутилади. Ушбу ҳужжат қариялар ва аҳолининг бошқа ижтимоий жиҳатдан заиф тоифаларига кўрсатиладиган ижтимоий хизматларга доир талабларни халқаро стандартларга мувофиқ бирхиллаштиради. У ёлғиз қарияларга уйда хизмат кўрсатишни, уларга бундай қарияларнинг эҳтиёжлари, имкониятлари ва хоҳишларини ҳисобга оладиган индивидуал дастур асосида ёрдам кўрсатишни тартибга солади.
● 1941–1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларига алоҳида ғамхўрлик кўрсатилади. Жорий йилнинг март ойидан бошлаб тақдим этилган, улар учун санаторийларда ҳар йилги бепул дам олиш имконияти ҳақида «Норма маслаҳатчи»да ёзган эдик («Мириқиб дам олинг», 17.02.2015 йилдаги 7 (500)-сон). Кексаларни, аввало 1941–1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлашнинг режалаштирилаётган чора-тадбирлари тўғрисида norma.uz сайтида батафсил ўқишингиз мумкин.
Давлат дастури тадбирларининг диапазони анчагина кенг. У сифатли тиббий ва ижтимоий хизмат кўрсатиш, кексалар ҳаётий фаолияти ва ҳордиқ чиқаришини ташкил этиш масалаларини ўз ичига олади. Бир қатор комплекс маданий-маърифий ва хайрия тадбирлари назарда тутилган.
«Кексаларни эъзозлаш йили» тармоқ ва ҳудудий дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишга вазирликлар, идоралар, компаниялар ва бошқа хўжалик бирлашмалари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари жалб этилади.