Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси томонидан янги таҳрирдаги «Электрон тижорат тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси раиси И.Абдуллаев, Марказий банк раиси ўринбосари А.Ҳайдаров, Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари А.Икромов ва бошқалар янги таҳрирдаги «Электрон тижорат тўғрисида»ги қонун лойиҳаси соҳага оид меъёрий-ҳуқуқий муносабатларни янада такомиллаштиришга хизмат қилишини таъкидлади.
Халқаро амалиётга мос равишда ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси электрон тижоратнинг асосий йўналишларини ҳуқуқий тартибга солувчи барча йўналишларни қамраб олган. Унинг муҳим хусусиятларидан бири электрон шартномаларни расмийлаштириш ва ижро этиш жараёнларини енгиллаштиришдан иборат. Бу мамлакатда кичик бизнес субъектларининг молиявий барқарорлиги, инвестициявий фаоллиги, ишлаб чиқараётган маҳсулотлари ва кўрсатаётган хизматларининг ички ва ташқи бозорда янада рақобатбардошлиги ҳамда сифати ошишига хизмат қилади.
Қонун лойиҳасида телекоммуникация тизими операторлари, банк, электрон танлов, аукцион ва ярмаркалар ташкил этиш билан шуғулланувчи юридик шахслар, электрон хабар ва электрон ҳужжатлар сақлаш билан шуғулланувчиларнинг истиқболдаги бизнеси ривожига оид нормалар ҳам ўз аксини топган.
ЎзА материали асосида тайёрланди.