Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2015 год / № 11 / Хўжалик юритиш қоидалари

Офисни ётоқхонага айлантирганда

ЯСТ тўловчиси бўлган корхонамизда Самарқанд вилоятининг олис туманларида яшайдиган фуқаролар смена бўйича ишлайдилар. Кадрлар қўнимсизлигини камайтириш, меҳнатни рағбатлантириш учун ходимларнинг корхона ҳудудида яшашлари учун шарт-шароитлар барпо этиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Бунинг учун маъмурий бинонинг бир қисмини гигиена хонаси, санузел ва ошхонаси бўлган турар жойлар сифатида реконструкция қилдик.

Бир қатор саволларимизга жавоб берсангиз. Барпо этилган турар жой фондини қандай қилиб нотурар жой (маъмурий бино)дан ажратиш керак? Агар ҳисоблагичлар коммунал хизматлар (чироқ, сув, газ) истеъмоли ҳисобини умуман маъмурий корпус бўйича олиб борса, улардан фойдаланиш ҳисобини юритиш тартиби қандай бўлади? Ушбу ўзгаришлар бухгалтерия ҳисобида қандай акс эттирилиши керак?

С.Хотимская,

МЧЖ бош бухгалтери.

 

ҚАЙТА ҚУРИШГА РУХСАТ БЕРИНГ

– Нотурар жойни (унинг бир қисмини) турар жойга ўтказиш Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш, ҳисобга қўйиш ва рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби тўғрисида низом (ВМнинг 20.08.2003 йилдаги 357-сон Қарорига 1-илова, бундан кейинНизом) билан тартибга солинади. Унинг 40-бандида назарда тутилишича, муҳандислик таъминоти бўйича юкламалар ҳажмларини ўзгартирмасдан объектни қайта ихтисослаштириш ва реконструкция қилиш, шунингдек бино ва иншоотнинг ташқи кўринишини ўзгартириш (фасадини таъмирлаш) учун ариза берувчи туман (шаҳар) ҳокимлиги ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекциясига ариза беради. Аризага мавжуд объектнинг кадастр ҳужжатлари ва лойиҳа ҳужжатлари (мавжуд бўлганда) нусхалари илова қилинади. Нотурар жой турар жойга қайта ихтисослаштирилган ҳолларда аризага ариза берувчининг нотурар жойга мулкий ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилиш зарур.

Инспекция ариза олинган кундан бошлаб бир кундан кечикмай тегишли буюртманомани ва мавжуд объект бўйича тақдим этилган ҳужжатларни туман (шаҳар) архитектура ва қурилиш бошқармасига (бўлимига) юборади. У 5 кун мобайнида муҳандислик таъминоти бўйича юкламалар ҳажмларини ўзгартирмасдан объектни қайта ихтисослаштириш ва реконструкция қилиш, шунингдек бино ва иншоотнинг ташқи кўринишини ўзгартириш имкониятини ўрганади.

Бундай имконият мавжуд бўлган тақдирда бошқарма инспекцияга объектни қайта ихтисослаштириш ва реконструкция қилиш учун рухсатнома юборади. Ушбу ҳужжатнинг асл нусхасини инспекция 1 кун ичида унда эълон қилинган ишларни амалга ошириш учун тадбиркорлик субъектига юборади.

Улар якунлангандан кейин белгиланган тартибда турар жойни фойдаланишга қабул қилиш амалга оширилади. Туман (шаҳар) ҳокими 2 кун ичида комиссиянинг турар жойни фойдаланишга қабул қилиш тўғрисидаги далолатномасини тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилади, у турар жойга мулк ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказиш учун асос ҳисобланади.

Жой мулкдори 3 кун ичида ҳоким қарорининг нусхасини тегишли солиқ органлари, коммунал хизматлар ва фойдаланиш ташкилотларига тақдим этади.

 

Эльмира СИРАЗИЕВА,

«Norma Profi» эксперти.

 

МАЪМУРИй ва ИШЛАБ ЧИҚАРиш харажатларининг алоҳида ҳисоби

– Нотурар жой турар жойга қайта ихтисослаштирилганидан кейин аввалгидек юридик шахс унинг мулкдори бўлиб қолади ва бино корхона балансида ҳисобга олинади. Барча коммунал хизматларга юридик шахслар учун белгиланган тарифлар бўйича ҳақ тўланади.

Маҳсулот (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатларининг таркиби ҳамда молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисида низомга (ВМнинг 5.02.1999 йилдаги 54-сон Қарори билан тасдиқланган) кўра хўжалик юритувчи субъектнинг ходимларига бепул тақдим этиладиган коммунал хизматлар қиймати 1.5-«Ишлаб чиқариш тусидаги бошқа харажатлар» бўлимига киритилади. Бинобарин, улар ишлаб чиқариладиган маҳсулот таннархига киритилиши керак.

Бироқ қайта ихтисослаштирилган жой маъмурий бинонинг бир қисми ҳисобланиши боис, харажатларни маҳсулотнинг ишлаб чиқариш таннархига киритиладиган харажатлар ва давр харажатларига тақсимлаш зарур. Уларни тақсимлаш учун базани ўзингиз танлашингиз мумкин. Масалан:

турар жойлар учун ажратилган коммуникацияларга қўшимча ўлчов асбобларини ўрнатиш ва уларнинг кўрсатувлари бўйича бинонинг маъмурий қисми ҳамда турар жой қисми бўйича коммунал хизматларга доир ҳақиқий харажатлар ҳисобини юритиш;

сув ва газ таъминоти бўйича 1 кишига ва (ёки) жойлар майдонига мутаносиб равишда меъёрларни қўллаш;

коммунал хизматлар истеъмолининг ички меъёрларини ишлаб чиқиш мумкин ва ҳоказо.

 

МИСОЛ. Сиз коммунал хизматлар харажатларини ишлаётган ходимлар сонига мутаносиб равишда тақсимлашга қарор қилдингиз. Ходимлар умумий сони 50 кишини ташкил қилади, шундан маъмурият ходимлари – 10 киши, ишлаб чиқариш ходимлари – 40 киши (80%га 20%). Ана шу нисбатда харажатларни тақсимлаш керак. Коммунал хизматлар бўйича корхона оладиган ҳисобварақ-фактуралар асосида (масалан, 1 000 000 сўмга) қуйидаги проводка бажарилади:

2510-«Умумишлаб чиқариш харажатлари» дебети – 800 000 сўм;

9420-«Маъмурий харажатлар» дебети – 200 000 сўм;

6010-«Мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга тўланадиган ҳисобварақлар» кредити – 1 000 000 сўм.

 

Шуни ҳам эътиборга олиш лозимки, ходимларга турар жой ва коммунал хизматлар бепул (текин) берилган тақдирда ходимларда моддий нафдан олинган даромад вужудга келади, унга, Солиқ кодексининг 177-моддаси 1-бандига кўра, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солинади.

 

Олеся ПАК,

«Faba-Ekspert» МЧЖ.

Прочитано: 3059 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика