Ишламайдиган пенсионер солиқ инспекциясида мол-мулкнинг ижара шартномасини рўйхатдан ўтказди ва ҳар ойда ижара ҳақидан даромад солиғи тўлайди. Унга пенсия қандай миқдорда тўланади – 100%ми ёки 50%?
Н.Ладина,
бош бухгалтер.
– Агар ишламайдиган пенсионер мол-мулкни ижарага бериш шартномасини тузса, Меҳнат кодексида назарда тутилган меҳнат муносабатлари вужудга келмайди. Айни шу сабабли бу ҳол унга пенсия тўлашга ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди.
Ишламайдиган пенсионер мол-мулкни ижарага беришдан даромад олганда Қонун1 ва Низомда4 пенсия миқдорининг камайиши назарда тутилмаган. Пенсия ушбу ҳолда тўлиқ миқдорда тўланиши керак.
Ишламайдиган пенсионерларга давлат пенсияларини тўлаш Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг маблағларидан амалга оширилади (Бюджет кодексининг 74-моддаси).
Мол-мулкни ижарага беришдан олинган даромадларга жисмоний шахсларнинг даромадларига белгиланган энг кам ставка бўйича солиқ солинади (Солиқ кодексининг 181-моддаси). 2014 йилда солиқ ставкаси – 7,5%ни (Президентнинг 25.12.2013 йилдаги ПҚ-2099-сон Қарорига 8-илова), 2015 йилда – 8,5%ни (Президентнинг 4.12.2014 йилдаги ПҚ-2270-сон Қарорига 9-илова) ташкил этди.
1«Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонун (3.09.1993 йилдаги 938-XII-сон).
4ВМнинг 8.09.2011 йилдаги 252-сон Қарори билан тасдиқланган.
Наталья ЗУЕВА,
«Norma Profi» эксперти.