Мен Тошкентга Нью-Йоркдан (Ўзбекистон консулхонасида ҳисобда тураман) эски ўзбек паспорти бўйича учиб келдим. Вақтинча рўйхатдан ўтдим, участка нозири паспортим рақамини кўрсатиб қайд варағи берди. Паспортни биометрик паспортга алмаштириш зарурати боис мени Тошкентдан қўйиб юборишмади. Энди, янги ҳужжат олганимдан кейин, яна вақтинча рўйхатдан ўтишим керакми? Ушбу қайд варағига янги паспортим сериясини ёзиб қўйиш кифоя қиладими? Бу ҳуқуқбузарлик бўлмайдими?
Ғайрат.
– Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш ва турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартиби тўғрисида низомга3 (ВМнинг 16.02.2012 йилдаги 41-сон Қарорига 1-илова) мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ТИВ консуллик бошқармасида биометрик паспорт олингандан кейин сиз милиция таянч пунктида бирламчи ҳисобга олиш жойи бўйича профилактика инспекторида такроран қайд варағини расмийлаштиришингиз шарт.
Бунинг учун сиз вақтинча турган жойдаги милиция таянч пунктига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этишингиз лозим:
белгиланган шакл бўйича ариза;
паспорт;
уй-жой мулкдорининг (мулкдорларининг) турар жой майдони бериши тўғрисидаги аризаси (розилиги);
турар жой учун ҳужжатларнинг нусхалари;
ҳисобга олганлик учун давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги квитанция.
Шундан кейин йиғилган ҳужжатлар асосида фуқарога иш очилади ва у қарор қабул қилиш учун Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг Жиноятларнинг олдини олиш бош бошқармасига жўнатилади.
Қарор ижобий бўлган тақдирда профилактика нозири бир сутка мобайнида ариза берувчини хабардор қилади ва олинган биометрик паспорт тўғрисидаги маълумотлар билан бирга қайд варағини такроран беради.
Санжар ХЎЖААҲМЕДОВ, эксперт-юристимиз.