Norma.uz

Пенсияни кейинроқ оламан

Ёзги таътил мавсуми бошланди, орзиқиб кутилаётган дам олишга ҳам саноқли кунлар қолди. Кўпчилик таътилни республикадан ташқарида ўтказади, пенсионерлар ҳам бундан мустасно эмаслар. Йўлга отланаётганда пенсия тўловини унутмаслик керак.

Хорижга чиқиш тўғрисида Пенсия жамғармаси бўлимини хабардор қилиш лозимми? Сизнинг йўқлигингизда пенсияни ким олиши мумкин? Агар пенсионер хорижда бўлса, пенсияларни тўлаш тўхтатиб қўйиладими? Газетхонларимизни ана шу ва бошқа саволлар қизиқтиради. 

 

Энди ҳаммаси тўғрисида тартиби билан сўзлаймиз.

Пенсия жамғармаси бўлими инспекторини четга чиқишингиз тўғрисида хабардор қилиш шарт эмас. Бироқ хорижда 2–3 ой ва ундан ҳам узоқ қолиб кетишингиз мумкинлигини билсангиз, бошқа бировга тегишли тўловларни олишни топширишни маслаҳат берамиз. Бу – болаларингиз, турмуш ўртоғингиз бўлиши мумкин. Қисқаси, сиз ишонадиган ва қонун ҳужжатларига мувофиқ унга ишончномани расмийлаштирадиган кишингиз. Бундай имконият Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида низомнинг (ВМнинг 8.09.2011 йилдаги 252-сон Қарорига 1-илова, бундан кейин – Низом) 160-бандида назарда тутилган.

Ишончномани Ўзбекистондан ташқарида ҳам расмийлаштириш мумкин. Унга ушбу ҳужжат тузилган давлатнинг ваколатли органи томонидан апостиль қўйилади, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар – фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар конвенцияси (Минск, 22.01.1993 йил) аъзолари бундан мустасно.

Ишончнома берган шахс пенсия тўлайдиган Пенсия жамғармаси бўлимига бир йилда камида 1 марта келиб, тайинланган пенсияга бўлган ўз ҳуқуқини тасдиқлаши керак. Ишончли вакил ҳам пенсия тўлашга таъсир этиши мумкин бўлган, ўзига маълум бўлган барча ҳолатлар тўғрисида Пенсия жамғармаси бўлимига хабар бериши шарт.

Ишончнома почтанинг пенсия олиш жойидаги таркибий бўлинмасида сақланади. Бунда почта ходими ишончнома тақдим этилган санадан бошлаб 10 кун муддатда Пенсия жамғармасининг тегишли бўлимига асосий муҳр ва раҳбарнинг имзоси билан тасдиқланган ишончнома нусхасини юборишади.

Айтиш жоизки, дам олишга кетиш пенсия тўлашни тўхтатишга сабаб бўлмайди. Бироқ пенсионер 3 ойдан кўп вақт сурункасига почтага пенсия олиш учун келмаса, уни тўлаш тўхтатиб турилади.

Таъкидлаб ўтамиз, тўлаш айни тўхтатиб турилади, тўлиқ тўхтатилмайди. Бунинг учун бутунлай бошқа сабаблар бўлиши лозим. Саёҳатдан қайтгач, Пенсия жамғармаси бўлимига боришингиз даркор бўлади. Бу ерда пенсия тўланишига ариза ёзиш лозим. Албатта ёнингизда шахсингизни тасдиқловчи ҳужжат бўлиши керак (Низомнинг 172-банди). Ана шунда белгиланган муддатда олинмаган пенсияни одатдаги тартибда олиш мумкин.

Кўпчилик олинмай қолган суммалар қандай тўланиши билан қизиқадилар – бир йўлами ёки қисмларга бўлибми, нақд пулдами ёки карточкага ўтказибми? Қонун ҳужжатларига кўра пенсиянинг ҳисобланган суммаси бир йўла тўланади (Низомнинг 169-банди). Ёдда тутинг, пенсияни карточкага қайд этиш йўли билан тўлаш фақат ихтиёрий асосда, яъни сизнинг хоҳишингизга кўра амалга оширилади. Тижорат банклари томонидан банк карталарини чиқариш ва уларнинг Ўзбекистон Республикасида муомалада бўлиши тартиби тўғрисидаги низомнинг* 18-бандига кўра банк карталарини фойдаланишга (тарқатишга) тақдим этиш банк картасини тарқатадиган тижорат банки билан унинг мижози ўртасида ёзма шаклда тузиладиган шартнома асосида амалга оширилади.

«Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Қонуннинг (25.04.1996 йилдаги 216-I-сон) 31-моддасига мувофиқ банклар ва уларнинг мижозлари ўртасидаги муносабатлар шартномалар асосида амалга оширилади.

Узоқ муддатга хорижга чиқаётганда шуни ҳам билиш лозимки, ҳозирда пенсионер томонидан талаб қилиб олинмаган сумма пенсия олиш учун мурожаат қилишдан олдинги 12 ойдан ортиқ бўлмаган вақт учун тўланади (Низомнинг 169-банди). Агар қаердадир бир йилдан кўпроқ муддат меҳмон бўлишга қарор қилсангиз, афсуски, меҳмонда бўлган бутун вақт учун сизга тегишли бўлган пенсияни олмайсиз.

 

*МБ бошқарувининг АВ томонидан 30.04.2004 йилда 1344-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.

Прочитано: 1501 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика