Биз хусусий уйда яшаймиз, аммо уй дафтарини йўқотиб қўйдик, нима қилишимиз керак? Бунинг учун жарима назарда тутилганми?
Р.Алимов. Тошкент шаҳри.
– Уй дафтарини тиклаш учун сиз яшаш жойингиздаги паспорт столига уй дафтари йўқолганлиги далили тўғрисида ариза билан шахсан мурожаат қилишингиз ҳамда йўқолган уй дафтарида прописка қилинган фуқаролар паспортлари ва болаларнинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномалари нусхаларини тақдим этишингиз лозим.
Уй дафтарларини юритиш тартибига (Ўзбекистон Республикасида паспорт тизимини амалга оширишнинг қоидалари тўғрисидаги 698-сон Йўриқноманинг 48-бандига 27-илова) кўра фуқароларга шахсий мулк ҳуқуқида тегишли бўлган уйларда прописка қилиш уй дафтарлари бўйича амалга оширилади.
Уй дафтарларини юритиш паспорт ишини юритишга ваколатли бўлган шахслар, шунингдек шахсий мулк ҳуқуқида уйларга эга бўлган, уй дафтарлари ўзларида сақланаётган фуқаролар зиммасига юкланади. Ҳар бир дафтарнинг варақлари рақамланиши, ип билан тикилиши, паспорт аппарати бошлиғининг имзоси ва муҳр билан тасдиқланиши керак.
Уй дафтарларига яшаш учун ёки вақтинча яшашга келган фуқаролар тўғрисидаги маълумотлар киритилади. 16 ёшга тўлмаган болалар уй дафтарининг 2-устунида ота-онасидан бири (васий, ҳомий)га қайд этилади. Агар болалар ота-она (ҳомий, васий)дан алоҳида келсалар, уй дафтарига умумий тартибда киритиладилар.
Фуқаролар тўғрисидаги маълумотлар уй дафтарларига паспортлар ёки прописка учун тақдим этилган бошқа ҳужжатларга кўра киритилиб, бир вақтнинг ўзида келиш манзил варақлари ва уларга статистик ҳисоб талонлари тўлдирилади.
Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ уй дафтарини йўқотганлик учун бирор-бир жавобгарлик назарда тутилмаган. Аризангизни кўриб чиққандан кейин паспорт столи ходимлари янги уй дафтари юритадилар ва уни тўлдирадилар.
Кўп квартирали уйда яшовчилар ХУМШдаги паспорт ишини юритишга ваколатли бўлган шахс ёки прописка учун жавобгар бўлган паспорт столи ходимига мурожаат қиладилар.
Санжар ХЎЖААҲМЕДОВ, эксперт-юристимиз.