Ҳужжатлар Пенсия жамғармаси бўлимига топширилгандан кейин қанча вақт оралиғида пенсия тайинланиши керак?
Л.Степанова.
– «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 45-моддасига биноан пенсия тайинлаш тўғрисидаги ҳужжатлар улар тушган кундан эътиборан 10 кундан кечиктирмасдан қараб чиқилади.
Пенсия жамғармаси бўлимида пенсия ва нафақалар тайинлаш бўйича комиссия ҳужжатларни кўриб чиқади ва тегишли қарор – пенсия тайинлаш тўғрисида, пенсия тайинлашни рад этиш ҳақида, тақдим этилган ҳужжатларнинг асосланганлигини текшириш тўғрисида ва бошқа қарорларни қабул қилади (Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида низомнинг* 116, 117-бандлари, кейинги ўринларда – 252-сон Низом).
Пенсия жамғармаси бўлими тақдим этилган ҳужжатларни текшириш тўғрисида қарор чиқарган ҳолларда, текшириш тамом бўлиши муддатидан қатъи назар, пенсия тайинлаш учун дастлаб мурожаат қилинган сана пенсия тайинлаш учун мурожаат қилинган сана ҳисобланади (252-сон Низомнинг 11-банди).
Тақдимнома ёки аризага барча зарур ҳужжатлар илова қилинмаган ҳолларда, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бўлими яна қандай ҳужжатлар қўшимча тақдим этилиши лозимлигини корхона, ташкилот маъмуриятига ёки ариза берувчига маълум қилади. Агар улар мазкур хабарнома олинган кундан бошлаб 3 ойдан кечикмай тақдим этилса, пенсия тайинлаш тўғрисидаги тақдимнома ёки ариза қабул қилинган кун пенсия тайинлаш учун мурожаат қилинган кун ҳисобланади (252-сон Низомнинг 10-банди).
*ВМнинг 8.09.2011 йилдаги 252-сон Қарорига 1-илова.