Norma.uz

Ижтимоий ҳимоя тизимини мукаммаллаштириб

Давлат порталида «Қариялар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа тоифалари учун ижтимоий
хизматлар тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокама этилмоқда.

 

Қонун аҳолига ижтимоий хизматлар кўрсатишнинг янгича ёндашуви бўлиб қолади. Қонун лойиҳаси «Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастури (Мамлакат Президентининг 18.02.2015 йилдаги ПҚ-2302-сон Қарори билан тасдиқланган) доирасида ишлаб чиқилган.

Қонун лойиҳасининг мақсади қариялар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа эҳтиёжманд тоифаларига мўлжалланган ижтимоий хизматлар борасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборатдир.

Қонун лойиҳаси ўз олдига белгилаб олган вазифалар орасида ижтимоий хизматлар кўрсатишнинг ҳуқуқий, ташкилий ва иқтисодий асосларини, шунингдек бундай хизматлар кўрсатилишини ташкил этишга доир асосий принциплар ва умумий талабларни белгилаб олиш ҳам бор. Бундай хизматларни олувчиларнинг тоифалари ҳамда бундай хизматлар кўрсатиш шартлари, турлари ва шакллари аниқлаб олинади, шундай хизматлар кўрсатиш механизмлари ҳамда ижтимоий хизматлар кўрсатиш тартиби таърифлаб берилади.

Мазкур турдаги хизматларни тақдим этувчи ва кўрсатувчиларга тааллуқли талаблар ҳам унутилмаган. Ҳужжатда, шунингдек ижтимоий хизматлар олувчиларнинг ҳам, бундай хизматлар кўрсатувчиларининг ҳам ҳуқуқлари ва мажбуриятларига алоҳида эътибор қаратилган.

Бу соҳада давлат ва жамоат назоратини амалга ошириш масаласига ҳам тўхтаб ўтилган.

Қонун лойиҳасида умуман олганда, қуйидаги қоидаларни жорий этиш назарда тутилмоқда:

 ижтимоий хизматлар кўрсатишнинг умумий талабларини, шартлари ва муддатлари тавсифини, молиялаштириш нормативларини, натижаларини баҳолаш йўлларини назарда тутувчи стандартларини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш юзасидан вазирликлар ва идораларнинг мажбуриятларини мустаҳкамлаб қўйиш;

 қонун ҳужжатлари билан аҳолининг эҳтиёжманд деб топилган муайян тоифалари учун ижтимоий ҳимоя чора-тадбирларини ташкил этиш учун масъул вазирликларни белгилаш, шу муносабат билан вазирликлар ва идораларнинг ваколатларини мустаҳкамлаш. Бу ҳол мураккаб ҳаётий вазиятдаги шахсга ёрдам кўрсатиш жараёнига ижтимоий соҳа ходимлари, юристлар, психологлар, тиббиёт ходимлари ва бошқа мутахассисларнинг комплекс ёндашуви ва ўзаро ҳамкорлигини жорий этиш имконини беради;

 ижтимоий хизматларни шакл ва турлари бўйича битта қонун ҳужжатида тизимга солиш, хизматларнинг ҳар бир шакли ва тури бўйича давлат томонидан уларни таъмин этувчиларни ҳамда бундай хизматлардан бепул баҳраманд бўлиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларни белгилаб олиш. Бу ижтимоий ёрдамнинг манзиллилигини оширади;

 ижтимоий хизматлар кўрсатиш тартиби ва талабларини белгилаш, шу жумладан унинг барча босқичларида: мураккаб ҳаётий вазиятдаги шахсни аниқлашда; бундай шахснинг ҳаётий вазиятини баҳолашда; ижтимоий хизматлар бўйича индивидуал дастур ишлаб чиқиш, уни қайта кўриб чиқиш ва тугаллашда масъул ташкилотлар ва механизмларни белгилаб қўйиш. Бу ҳол ижтимоий хизматлар ўз вақтида кўрсатилишини таъминлайди;

 шахсни давлат интернат муассасасига жойлаштириш ҳақида қарор қабул қилингунга қадар, оилада ва одатдаги даврада бўлишини таъминлаш мақсадида шахсни (оилани) қўллаб-қувватлаш юзасидан ижтимоий хизматлар мажмуини мустаҳкамлаб қўйиш. Бу ҳол ўз оиласи бағрида қолиши мумкин бўлган шахсларни тўлиқ давлат таъминотидаги интернат муассасаларига бориб қолишининг олдини олади;

 оилавий жанжал ва низолар оқибатида ёки бошқа сабабларга кўра бошпанасиз, ишсиз, тирикчилик учун маблағсиз қолган шахсларга, айниқса, болали аёлларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш учун янги ижтимоий хизматларни – давлат бюджети ҳисобидан ташкил этиладиган ижтимоий қўллаб-қувватлаш йўналишидаги кризис марказларини жорий этиш;

 ижтимоий хизматларни кадрлар билан таъминлашга доир талабларни, шу жумладан ижтимоий соҳанинг ўрта малакали ходимларини бошқариш, мувофиқлаштириб бориш ва профессионал ёрдам кўрсатишга оид вазифаларини бажаришлари учун ижтимоий ишлар бўйича мутахассис (ижтимоий ишлар бўйича бакалавр ёки магистр) бўлишига доир талабларни мустаҳкамлаб қўйиш, ижтимоий хизмат мутахассисларининг биргаликдаги ишларини йўлга қўйиш;

 янги орган – ижтимоий инспекцияни жорий этиш. Унинг зиммасига ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ҳимоя соҳасидаги давлат назоратини амалга ошириш киритилади.

Шундай қилиб, қонун лойиҳаси амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қоидаларини ҳам, ижтимоий ҳимоя тизими амалиёти ривожланиши муносабати билан зарур янги ҳуқуқий нормаларни ҳам ўз ичига олади ҳамда ижтимоий хизматлар соҳасидаги қонун ҳужжатлари унификация қилиниши ва мақбуллаштирилишини таъминлайди.

Ногирон боласини тарбиялаётган ишловчи ота-оналардан бирига (васийга, ҳомийга), бола 16 ёшга тўлгунга қадар, давлат ижтимоий суғурта маблағлари ҳисобидан бир кунлик иш ҳақи миқдорида, ҳар ойда ҳақи тўланадиган қўшимча 1 дам олиш куни берилади.

Прочитано: 2166 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика