Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2015 год / № 40 / Хўжалик юритиш қоидалари

Гулқоғоз савдоси якка тадбиркорлар учун эмас

Компаниямиз гулқоғозлар улгуржи савдоси билан шуғулланади ­(ХХТУТ бўйича коди – 71150).

Товарни якка тартибдаги тадбиркорга реализация қилиш учун воситачилик шартномаси бўйича топшира оламизми?

Роза,

МЧЖ бош бухгалтери. 

 

– Воситачилик шартномаси бўйича бир тараф (воситачи) иккинчи тарафнинг (комитент) топшириғи бўйича ўз номидан, бироқ комитент ҳисобидан бир ёки бир неча битимни ҳақ эвазига тузиш мажбуриятини олади (Фуқаролик кодексининг 832-моддаси биринчи қисми).

Хатингиздан сизни қуйидаги масала қизиқтираётганлигини тахмин қилиш мумкин: якка тартибдаги тадбиркор улгуржи савдо корхонасидан воситачилик шартномаси бўйича олинган товарларнинг улгуржи ёки чакана тартибдаги воситачилик савдоси билан шуғулланишга ҳақлими?

Хусусий тадбиркорлар юридик шахс ташкил этмасдан шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхатида (ВМнинг 7.01.2011 йилдаги 6-сон Қарорига 1-илова, бундан кейин – 6-сон ВМҚ) улгуржи савдо келтирилмаган. 6-сон ВМҚнинг 2-бандига кўра жисмоний шахслар 1.04.2011 йилдан бошлаб Рўйхатга киритилмаган фаолият турларини амалга ошириши мумкин эмас. Демак, якка тартибдаги тадбиркорнинг товарлар, шу жумладан у воситачилик шартномаси бўйича олган товарлар билан улгуржи савдо қилиши тақиқланади.

Энди унинг улгуржи савдо корхонасидан олинган товарларни чакана тарзда воситачилик реализациясини амалга оширишининг ҳуқуқий жиҳатдан имкони бор-йўқлигини кўриб чиқамиз. Воситачилик савдоси – чакана савдо фаолиятининг воситачилар томонидан воситачилик шартномалари бўйича сотиш учун уларга берилган товарлар сотилишини назарда тутувчи туридир (Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидаларининг1 3-банди учинчи хатбошиси, бундан кейин – 75-сон Қоидалар). Воситачилик савдосини якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтказилган жисмоний шахслар ҳам амалга оширишлари мумкин (75-сон Қоидаларнинг 136-банди). Товарлар воситачилик савдосига юридик ва жисмоний шахслардан қабул қилиб олинади (75-сон Қоидаларнинг 138-банди).

Бироқ сизнинг ҳолатингизда 75-сон Қоидаларнинг 145-бандига эътибор қаратиш лозим, унга кўра қайтарилмайдиган ёки бошқа ана шундай товарга алмаштирилмайдиган товарлар воситачилик савдосига қабул қилинмайди. Зарур сифатдаги, қайтариб олинмайдиган ёки шунга ўхшаш товарга алмаштирилмайдиган ноозиқ-овқат товарлари рўйхати 4-бандида бошқа товарлар жумласида линолеум, плёнка, гилам қопламалар ҳамда бошқа қурилиш ва пардозлаш материаллари кўрсатилган (75-сон Қоидаларга 1-илова). Гулқоғозлар пардозлаш материалларига киради деб айтсак, хато қилмаймиз. Шу сабабли компаниянгиз уларни воситачилик савдосига топширишга ҳақли эмас.

Агар сиз Рўйхатда кўрсатилмаган бошқа товарни назарда тутган бўлсангиз, уни якка тартибдаги тадбиркорга воситачилик савдосига топширишингиз мумкин. Шуни ҳам билиш лозимки, Улгуржи ва чакана савдо фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисида низомнинг2 (бундан кейин – 407-сон Низом) 34-бандига кўра якка тартибдаги тадбиркорлар савдо комплексларида чакана савдони фақат қуйидагилар бўйича амалга ошириш ҳуқуқига эгадирлар:

якка тартибдаги тадбиркорларнинг бевосита ўзлари келтирган импорт товарлар;

ўзлари тайёрлаган (сотилиши тақиқланмаган) товарлар;

ушбу товарларни ишлаб чиқарган бошқа якка тартибдаги тадбиркорлардан сотиб олинган товарлар;

мамлакатимиз товар ишлаб чиқарувчилари товарлари – улар қонуний равишда сотиб олинганлигини тасдиқловчи барча ҳужжатлар мавжуд бўлганда.

Ушбу меъёр Ўзбекистон Республикасида савдо комплекслари фаолиятини ташкил этиш қоидаларининг3 (бундан кейин – 253-сон Қоидалар) 44-бандида ҳам келтирилган.

У якка тартибдаги тадбиркорларга савдо комплексларида фақат юқорида саналган товарлар билан чакана савдо қилишга имкон бериб, айни вақтда, фикримизча, уларнинг ўша комплексларда юридик шахслар импорт қилган товарларнинг чакана реализациясини чеклайди. Бунда якка тартибдаги тадбиркорнинг ушбу товарларни улгуржи савдо корхонаси – бевосита импортчи ёки бошқа олиб сотувчидан нақд пулсиз ҳисоб-китоб қилиш йўли билан ёки воситачилик савдосида олганининг аҳамияти йўқ4.

Мазкур ҳолат хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўлига тўсқинлик қилиб, чеклов яратмоқда. Ҳолбуки Президентнинг «Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони (15.04.2015 йилдаги ПФ-4725-сон) бундай тўсиқларни тугатиш, бинобарин, мамлакат иқтисодиётида тадбиркорлик субъектарининг ролини тубдан ошириш учун қулай иқтисодий ва ҳуқуқий шарт-шароитлар ҳамда рағбат омилларини барпо этишга бағишланган. Унинг маъносидан келиб чиқиб, якка тартибдаги тадбиркорларга тадбиркорлик фаолияти учун кўпроқ эркинлик бериш мақсадида 407-сон Низомнинг 34-бандига ва 253-сон Қоидаларнинг 44-бандига улар томонидан ўрнатилган тўсиқлар ва чекловларни бартараф этиш учун тегишли қўшимчалар киритиш мақсадга мувофиқ кўринади.

 

1ВМнинг 13.02.2003 йилдаги 75-сон Қарорига 1-илова.

2ВМнинг 26.11.2002 йилдаги 407-сон Қарори билан тасдиқланган.

3ВМнинг 28.08.2012 йилдаги 253-сон Қарорига 2-илова.

4Бироқ Савдо фаолиятини амалга оширувчи якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан товар операциялари ва даромадларни ҳисобга олиш тартиби тўғрисида низомнинг (МВ, МИСВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 8.01.2003 йилда 1197-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган) 12-бандига мувофиқ уларнинг юридик шахслар – улгуржи етказиб берувчилардан майда туркумлар билан нақдсиз ҳисоб-китоблар йўли билан харид қилинган товарлар билан чакана савдо қилишларига йўл қўйилади.


Камол МУЗАФФАРОВ,

«Norma Profi» эксперти.

Прочитано: 1700 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика