Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2015 год / № 40 / Олий суд пленумида

Олий хўжалик суди пленуми мажлиси

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда Олий хўжалик судининг судьялари, Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органларнинг масъул ходимлари, ҳуқуқшунос олимлар, видеоконференцалоқа тизими орқали Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар хўжалик судлари судьялари иштирок этди.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди раиси К.Комилов бошқарган мажлисда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида иқтисодиётни либераллаштириш, қулай ишбилармонлик муҳитини янада мустаҳкамлаш борасида амалий ишлар рўёбга чиқарилаётгани таъкидланди. Конституциямизда муҳрлаб қўйилган хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш мақсадида бу соҳага тўлиқ эркинлик бериш, унинг йўлида ғов бўлиб турган барча тўсиқ ва чекловларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 15 майдаги «Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ана шу мақсадга хизмат қилмоқда.

Шу асосда ишлаб чиқилган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун билан соҳага оид қонун ҳужжатлари янада такомиллаштирилди.

Қонун билан Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексига ҳам ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Жумладан, хўжалик судлари томонидан даъво аризасини кўриб чиқишга қабул қилиш ва ишни суд муҳокамасига тайёрлаш тўғрисида ажрим чиқариш муддати 10 кундан 5 кунга камайтирилди. Давлат органларининг қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган, ташкилотлар ва фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган ҳужжатларини ҳақиқий эмас, деб топиш ҳамда мансабдор шахсларнинг шундай ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф, деб топиш тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш муддати 30 кундан 15 кунга қисқартирилди.

Хўжалик судларига тааллуқли ишлар доираси кенгайтирилди. Хўжалик процессуал кодекси «Корпоратив низолар бўйича иш юритиш» деб номланган янги боб билан тўлдирилди. Унга мувофиқ меҳнатга оид низолардан ташқари барча корпоратив низолар хўжалик судлари томонидан кўриб чиқиладиган бўлди.

Кодексга киритилган яна бир муҳим янгилик – бу хўжалик судларига даъвони таъминлаш чораси сифатида давлат органининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг низолашаётган ҳужжати ижросини тўхтатиб туриш ҳуқуқи берилганидир.

Солиқ кодексининг 330-моддасига киритилган қўшимчаларга кўра, мулкдорлар мулк ҳуқуқини амалга ошириш билан боғлиқ бўлган ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари таъминланишида яна бир имтиёзга эга бўлди. Эндиликда улар бу борада ҳуқуқи бузилганлиги тўғрисида давлат органлари ва бошқа органларнинг, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилиш ҳақидаги ишлар юзасидан, шунингдек, аризачи ва жавобгар ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тўғрисидаги ишлар бўйича хўжалик судларида давлат божини тўлашдан бутунлай озод қилинди.

Солиқ кодексининг солиқ текширувини ўтказиш ва солиқ ҳуқуқбузарлиги учун молиявий санкцияларни қўллаш билан боғлиқ моддаларига ҳам бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Унга кўра, суд органларининг тадбиркорлик субъектларини ҳимоя қилишдаги роли янада оширилди. Жумладан, суд ҳуқуқбузарлик содир этган тадбиркорлик субъектига нисбатан содир этилган ҳуқуқбузарлиги оқибатига мутаносиб бўлган молиявий санкцияни қўллаши, асослар бўлса, санкция миқдорини камайтириши мумкин. Бу тадбиркорнинг молиявий аҳволи ёмонлашишининг олдини олишга имкон яратади.

 

Пленум мажлиси муҳокамасига киритилган «Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг айрим қарорларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қарор лойиҳаси хўжалик судлари томонидан ишларни кўришда Хўжалик процессуал кодекси ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига киритилган янги нормаларни аниқ ва бир хилда қўлланилишини таъминлашга қаратилган. Унда корпоратив низоларни кўриб чиқишнинг ўзига хос хусусиятлари, давлат божини тўлаш юзасидан имтиёзларни қўллаш, ишларни кўришда процессуал муддатларга риоя этиш, солиқ тўловчи томонидан солиққа оид бир неча ҳуқуқбузарлик содир этилган тақдирда молиявий санкциянинг миқдорини ҳисоблаш усуллари, молиявий санкцияни қўллаш тўғрисидаги ишларни кўришда судлар томонидан инобатга олиниши лозим бўлган ҳолатлар юзасидан батафсил тушунтириш берилган. 

Муҳокама этилган масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

 

ЎзА материали асосида тайёрланди.

Прочитано: 1803 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика