Norma.uz

Иш ўринлари аттестацияланаётганига 10 йил ҳам бўлмади

«Norma Profi» эксперти, юридик фанлар номзоди Маҳкам ВОҲИДОВ мазкур масала бўйича ўз нуқтаи назарини баён этди.

 

– Мазкур масалани тушуниб етиш учун ҳам миллий, ҳам унгача амал қилган иттифоқнинг пенсия тўғрисидаги қонун ҳужжатларида «иш ўринларининг аттестацияси» тушунчаси ҳамда уни ўтказиш ва олинган натижаларни сақлаш талаби қайси даврдан бошлаб пайдо бўлганлигини аниқлаш лозим.

Аввало собиқ Иттифоқнинг қонун ҳужжатларини тадқиқ қиламиз.

СССРнинг пенсия тўғрисидаги қонун ҳужжатларида* ушбу атамадан бор-йўғи бир марта фойдаланилган. 15.05.1990 йилда СССР Олий Кенгаши «СССРда фуқароларнинг пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонунни қабул қилган. Унинг 14-моддасига кўра имтиёзли шартлардаги ёшга доир пенсиялар ишлаб чиқаришлар, цехлар, касблар ва лавозимларнинг тегишли рўйхатларига асосан ҳамда иш ўринларини аттестациялаш натижалари бўйича тайинланган. Ўша ерда аттестациялар ўтказиш тартибини СССР Министрлар Кенгаши тасдиқлаши кераклиги кўрсатилган.

СССР Министрлар Кенгашининг «Меҳнат шарт-шароитларининг давлат экспертизаси тўғрисида»ги Қарори (13.08.1990 йилдаги 812-сон) 4-бандида бир қатор ижроия ҳокимияти органларига Бутуниттифоқ касаба уюшмалари марказий кенгаши билан биргаликда 3 ой ичида меҳнатни ташкил этиш ва унинг шарт-шароитлари экспертизасини ўтказиш тартиби тўғрисида талабларни тақдим этиш топширилган. Бироқ ҳужжатни ишлаб чиқиш охирига етказилмаган. Бундан келиб чиқадики, ёшга доир имтиёзли пенсиялар берилишини СССРнинг «Давлат пенсиялари тўғрисида»ги Қонуни (14.07.1956 йил) тартибга солишда давом этган, бунга кейинроқ қайтамиз.

Ҳозирча эса миллий қонунчиликда ушбу талабнинг юзага келиши тарихига мурожаат этамиз. Чунончи, 250-сон Қарор билан биринчи марта белгиланишича, ёшга доир имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқини назарда тутадиган ходимлар меҳнат шарт-шароитларининг мослиги (имтиёзли шартларда пенсия олиш ҳуқуқини берадиган ишлаб чиқаришлар, муассасалар, ишлар, касблар, лавозимлар ва кўрсаткичлар 2, 3-сон рўйхатларининг 1-қисми) иш ўринларининг аттестациясини ҳисобга олган ҳолда белгиланади. Ҳавола қилиш тусидаги ушбу меъёр аттестация меҳнат ва соғлиқни сақлаш вазирликлари томонидан белгиланган тартибда ўтказилишини кўрсатади. Ўша пайтда у ҳали аттестацияга риоя этиш мажбурийлигига олиб келмайди. Ушбу мажбурият 247-сон Услубият тасдиқлангач, 2 йил ўтгандан кейингина вужудга келган. Фақат ушбу пайтдан аттестация ўтказиш ва унинг материалларини 50 йил мобайнида сақлаш иш берувчи учун мажбурий бўлиб қолди (247-сон Услубиятнинг 1.9-банди).

Парламентнинг 3.09.1993 йилдаги 939-XII-сон қарори билан 938-XII-сон Қонун амалга киритилишига қадар зарарли ва меҳнат шароити оғир ишларда ишлаган шахсларнинг ёшига қараб имтиёзли пенсия билан таъминланиш тартиби сақлаб қолинган (4-банд). Бунинг маъноси шуки, ўша вақтда республиканинг мазкур соҳани тартибга соладиган ўз ҳужжатлари мавжуд бўлмаганлиги сабабли амалда собиқ Иттифоқнинг ўша пайтда амал қилиб турган ҳуқуқий ҳужжатларининг юридик кучи эътироф этилган. Хусусан, 14.07.1956 йилдаги «Давлат пенсиялари тўғрисида»ги Қонун, унинг 9-моддасида СССР Министрлар Кенгаши тасдиқлайдиган, уларда ишлаш имтиёзли шартларда ва имтиёзли миқдорларда давлат пенсияси олиш ҳуқуқини берадиган ишлаб чиқаришлар, цехлар, касблар ва лавозимларнинг рўйхатлари асосидагина, иш ўринларини аттестациялаш тўғрисида бирор-бир талабларсиз имтиёзли пенсиялар тайинлаш назарда тутиларди. Ушбу рўйхатлар СССР Министрлар Кенгашининг 22.08.1956 йилдаги Қарори билан тасдиқланган ҳамда вақти-вақти билан тўлдириб ва тузатиб борилган.

Шу тариқа, Пенсия жамғармаси айрим мутахассисларининг 1996 йилгача бўлган давр учун аттестация тўғрисидаги материалларни тақдим этиш тўғрисидаги талаби, фикримизча, асоссиздир.

Шуни ҳам таъкидлаймизки, 250-сон Қарорнинг 3-бандига кўра, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги кўриб чиқилаётган имтиёзли пенсияларни тайинлаш чоғида рўйхатларни татбиқ қилиш тартиби тўғрисида тушунтиришлар беришга ваколатлидир.

Ваколатли органларнинг иш стажини қабул қилмаслик тўғрисидаги қарорлари билан боғлиқ низоли вазиятлар вужудга келган ҳолларда эса, қонун ҳужжатларига кўра, фақат уларни тартибга солишнинг суд тартиби назарда тутилган (ВМнинг 8.09.2011 йилдаги 252-сон Қарори билан тасдиқланган Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида низомнинг 82-банди).

 

Таҳририятдан. Пенсия жамғармаси вакили ва экспертимизнинг шарҳларидан кўриниб турибдики, иш ўринларини аттестациялаш бўйича тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиш тўғрисидаги саволга жавобда уни тартибга соладиган қонун ҳужжатларининг каттагина рўйхати келтирилган. Бироқ, афсуски, уларда ушбу ҳужжатларни архивларда сақлаш тартиби қоидалари қайд этилмаган. Айни ушбу вазият кўпчилик учун имтиёзли шартларда пенсия расмийлаштириш чоғида тўсиққа айланган. Кўпинча даъвогар талаб қилинаётган ҳужжатларнинг ҳаммасини тақдим эта олмайди, чунки уларнинг 1993 йилгача бўлган вақтга оид бир қисми сақланмаган. Бинобарин, масалан, кон қазиб олиш саноатида ишланган йиллар ҳам, меҳнат дафтарчасида ёзув бўлишича қарамай, имтиёзли пенсия учун стажга кирмайди.

Ҳа, муаммони суд тартибида ҳал қилишга уриниб кўриш мумкин. Кўпгина бўлғуси пенсионерлар ҳам ана шундай қилмоқдалар. Бироқ, қонун ижодкорлари кишиларнинг оғир шароитларда ишлаган йиллари стажга киритилиши учун вазиятни қандай қилиб тузатиш юзасида иш олиб боришлари лозим кўринади.

 

*Вазирлар Маҳкамасининг 29.04.1992 йилдаги 210-сон Қарорига кўра Ўзбекистон Республикасининг тегишли норматив ҳужжатлари қабул қилингунга қадар собиқ ССР Иттифоқининг қонунга оид ҳужжатларининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва қонунчилигига зид бўлмаган қисмларининг амал қилиши давом этади.

1Вазирлар Маҳкамасининг «Имтиёзли шартларда пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи ишлаб чиқаришлар, муассасалар, ишлар, касблар, лавозимлар ва кўрсаткичларнинг рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида»ги Қарорига (12.05.1994 йилдаги 250-сон, бундан кейин – 250-сон Қарор) қаранг.

2Меҳнат вазирлиги ва ССВ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 28.05.1996 йилда 247-сон билан рўйхатдан ўтказилган.

Прочитано: 1494 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика