Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2015 год / № 40 / Хўжалик юритиш қоидалари

Устав фондини камайтириш: муассислар билан қандай ҳисоблашиш керак

МЧЖнинг устав капитали 200 млн сўмни ташкил этади. Жамиятни икки иштирокчи таъсис этган, уларнинг ҳар бири номинал қиймати 100 млн сўмлик 50% улушга эга. МЧЖ иштирокчиларининг умумий йиғилиши устав капиталини 2 баравар, яъни 100 млн сўмгача камайтириш тўғрисида қарор қабул қилди. Иштирокчиларнинг улуши камайтирилганидан кейин 50 млн сўмдан бўлиб қолади. Иштирокчилар умумий йиғилишининг қарорига кўра уларнинг ҳар бирига ҳиссанинг бир қисмини – 50 млн сўмдан МЧЖнинг банк ҳисобрақамидан қайтариш керак бўлади. Жамият иштирокчиларидан бири – хорижий инвестор 50 млн сўмни биржанинг ҳисоб-китоб-клиринг палатасидаги ўз ҳисобрақамига олиш ниятида.

Иштирокчилар умумий йиғилишининг ҳиссаларни жамиятнинг банк ҳисобрақамидан қайтариш тўғрисидаги қарори қанчалик қонуний?

Устав фондини камайтириш бўйича қарз суммасини иштирокчининг биржа ҲКПдаги шахсий ҳисобварағига ўтказиш мумкинми?

Т.Валитов,

бош директор.

 

Жамият ўз устав фондини жамият иштирокчиларининг жамият устав фондидаги улушларининг номинал қийматини камайтириши йўли билан камайтиришга ҳақли (6.12.2001 йилдаги «Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги 310-II-сон Қонуннинг 19-моддаси). Бироқ у, агар бундай камайтириш натижасида устав фонди жамият таъсис ҳужжатларидаги ўзгартиришларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ҳужжатларни тақдим этиш санасидаги энг кам миқдордан (ЭКИҲнинг 40 баравари) кам бўлиб қолса, бундай қилишга ҳақли эмас. 1.09.2015 йилда ЭКИҲ 130 240 сўмни ташкил этади, тегишинча, устав фондининг энг кам миқдори 5 209 600 сўмга тенг. Жамият иштирокчилари ўз фондларини 100 млн сўмгача камайтиришга қарор қилганлар, бу эса қонун ҳужжатлари билан белгиланган энг кам миқдордан анча ошади.

Қонунда жамият устав фондини жамият барча иштирокчилари улушларининг номинал қийматини камайтириш йўли билан камайтириш уларнинг миқдорларини сақлаган ҳолда амалга оширилиши кераклиги ҳам назарда тутилган. Сизнинг вазиятингизда ушбу талабга ҳам риоя этилмоқда.

Иштирокчиларга улуш бир қисмини жамиятнинг банк ҳисоб-китоб рақамидан тўлаш имконияти масаласини кўриб чиқиш учун 21-сон БҲМС1 қоидаларига мурожаат қиламиз. Хўжалик юритувчи субъектлар молиявий-хўжалик фаолиятининг бухгалтерия ҳисоби счётлар режасини қўллаш бўйича йўриқноманинг (21-сон БҲМСга 2-илова, бундан кейин –Йўриқнома) 341-бандида белгиланишича, корхона устав капиталининг кўпайиши ёки камайиши фақат муассисларнинг қарори асосида, корхонанинг таъсис ҳужжатларига тегишли ўзгартиришлар киритилгандан кейингина амалга оширилиши мумкин.

Йўриқноманинг 283-бандига кўра, муассислар олдида уларнинг улушлари бўйича қарз 6620-ҳисобварақда акс эттирилади. Ушбу қарзни сўндириш пул маблағларини тўлаш чоғида қуйидаги бухгалтерия проводкаси билан акс эттирилади – Дт 6620 Кт 5010 (5110).

Бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатларида устав фонди камайганда унинг бир қисмини банк ҳисобрақамидан тўлаш бўйича чеклашлар белгиланмаган.

Ўзбекистон Республикаси банкларида очиладиган банк ҳисобварақлари тўғрисида йўриқномада2 ҳам устав фонди камайганда жамият иштирокчиси улушининг бир қисмини тўлаш имконияти чекланмайди. Мижозлар томонидан банк ҳисобварақлари очилаётганда, банк ҳисобварағи шартномаси тузилади. Унда банк мижознинг ҳисобварағига келиб тушаётган маблағларни ҳисобвараққа кирим қилиш ва уни киритиб қўйиш, мижознинг ҳисобварақдаги маблағларни тасарруф этиш борасидаги топшириқларини ижро этиш шартлари, бу борадаги мижоз ҳамда банк ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, банк хизматлари учун тўланиши лозим бўлган комиссиялар ҳамда бошқа шартлар белгилаб олинади.

 

Хорижий муассис Ҳисоб-китоб-клиринг палатасида (ҲКП) очилган ҳисобрақамидан пул маблағларини олиши имкониятини аниқлаш учун Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржасида биржа савдоси қоидалари3 ҳамда «ЎзРТХБ» АЖнинг биржа битимлари бўйича ҳисоб-китоб-клиринг хизмати кўрсатилиши қоидалари4 меъёрларини таҳлил қиламиз.

Мазкур меъёрий ҳужжатларда биржа ҲКПда ҳисобрақамлар очиш имкониятига нисбатан чеклашлар белгиланмаган. Мазкур ҳужжатларга кўра, биржа товарини биржа савдоларида реализация қилувчи ёки сотиб олувчи юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар, Ўзбекистон Республикаси резидентлари ва норезидентлари биржа мижозлари бўлиб чиқишлари мумкин.

Ҳисоб-китобларни бажариш мақсадида биржага хизмат қилувчи банкда талаб қилиб олингунгача иккиламчи депозит ҳисобрақами очилади, у харидорлар ва сотувчилар маблағларини сақлаш ҳамда биржа битимлари бўйича ҳисоб-китобларни бажариш учун хизмат қилади. Сотувчилар ва харидор талаб қилиб олингунгача иккиламчи депозит ҳисобрақамидаги маблағларининг ҳаракатини назорат қилиш учун ҲКП ҳар бир сотувчи ва харидорга фойдаланувчининг шахсий рақамига (бундан кейин – ФШР) мувофиқ келувчи алоҳида шахсий ҳисобварақ очади. Сотувчи ва харидорларнинг маблағлари ушбу шахсий ҳисобварақларда талаб қилиб олингунгача иккиламчи депозит ҳисобварақ доирасида ҳисобга олинади. ҲКПнинг талаб қилиб олингунгача иккиламчи депозит ҳисобварақдаги маблағлардан фақат биржага хизмат кўрсатувчи ваколатли банкнинг электрон тўлов топшириқномаси асосидаги биржа контрактлари, шартномалари, битимлари бўйича ҳисоб-китоблар учун фойдаланилади. Бунда маблағларни ўтказишга тўлов топшириқномасида мижознинг ФШР кўрсатилиши шарт.

Шу тариқа, юқорида айтилган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда фақат биржа ҲКПдаги ҳисобрақамларда ҳисобга олинадиган пул маблағларидан фойдаланишга чеклашлар белгиланган, бироқ уларни мазкур ҳисобрақамларга қайд этишга нисбатан чеклашлар мавжуд эмас.

Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб жамият иштирокчилар умумий йиғилишининг қарорига асосан ўзининг устав фондини ўзгартиришлар киритилган санадаги қонун ҳужжатлари билан белгиланганидан кам бўлмаган миқдоргача камайтириш ҳуқуқига эгадир. Улар ҳиссаларининг улуши камайиши туфайли ҳосил бўлган қарзни сўндириш учун муассисларга пулни жамиятнинг ҳисоб-китоб рақамидан тўлаш имконияти чекланмайди.

Қонун ҳужжатларида норезидент муассисга тегишли пул маблағларини ҲКПдаги ҳисоб-китоб рақамига ўтказиш йўли билан унга устав фондининг камайиши суммасини тўлаш имкониятига нисбатан ҳам чеклашлар белгиланмаган. Пул маблағлари ҲКПдаги иккиламчи ҳисобрақамларни очиш ва уларнинг ишлашига нисбатан барча талабларга риоя этилганда ўтказилади, яъни: биржа ҲКПда норезидент муассиснинг ФШР мавжуд бўлиши ва лозим даражада расмийлаштирилган ҳужжатлар тақдим этилиши шарт.

Хусусан, устав фонди камайганда пул маблағларини муассисга ўтказиш учун юрист хулосаси билан бирга устав фондини камайтириш тўғрисида умумий йиғилиш баённомаси ва тўлов топшириқномасини тақдим этиш лозим.

 

1Молия вазирининг АВ томонидан 23.10.2002 йилда 1181-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган.

2МБ бошқарувининг АВ томонидан 27.04.2009 йилда 1948-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.

3«ЎзРТХБ» АЖ кузатув кенгашининг 27.04.2015 йилдаги қарори билан тасдиқланган.

4«ЎзРТХБ» АЖ бошқарувининг 11.05.2015 йилдаги мажлисининг ­75-сон баённомаси билан тасдиқланган.


Гўзал ИСЛОМОВА,

«Baker Tilly Tashkent» МЧЖ АТ бошқаруви раиси.

Прочитано: 3049 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика