Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 33-34 / Солиқ солиш

Тизимни ўзгартиринг

Фермер хўжалиги (ХХТУТ бўйича коди – 21210) чорвачилик ҳамда газлантирилган сув ва ичимликлар тайёрлаш билан шуғулланади. Уларнинг улуши бажарилган ишларнинг умумий ҳажмида тегишинча 35 ва 65%ни ташкил этади. Фермер хўжалиги маҳсулотни қайта ишлаш билан шуғулланмайди.

Бундай фермер хўжалиги ягона ер солиғини тўлашдан озод қилинадими? У Солиқ кодекси 362-моддасининг иккинчи қисмида келтирилган қишлоқ хўжалиги товарлари ишлаб чиқарувчилар мезонларига мос келадими?

С.Тен,

фермер хўжалиги бош бухгалтери.

 

– «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги Қонуннинг1 (бундан кейинҚонун) 3-моддасига кўра фермер хўжалиги ижарага берилган ер участкаларидан фойдаланган ҳолда товар қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини юритадиган мустақил хўжалик юритувчи субъектдир. У қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг ҳар қандай тури билан, шунингдек қишлоқ хўжалиги маҳсулотини қайта ишлаш, сақлаш ва реализация қилиш, саноат ишлаб чиқариши, ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа фаолият турлари билан шуғулланишга ҳақли (Қонуннинг 22-моддаси).

Фермер хўжаликлари учун муайян фаолият туридан олинадиган тушум ҳажмларига нисбатан бирор-бир чекловлар белгиланмаган.

Солиқ кодексининг 362-моддасига мувофиқ ягона ер солиғини (танлаш ҳуқуқисиз) тўлаши шарт бўлган қишлоқ хўжалиги товарлари ишлаб чиқарувчилар жумласига солиқ солиш мақсадида бир вақтнинг ўзида қуйидаги шартларга жавоб берадиган юридик шахслар киради:

ер участкаларидан фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш ва ўзи етиштирган мазкур маҳсулотни қайта ишлаш ёхуд ер участкаларидан фойдаланган ҳолда фақат қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш асосий фаолият тури бўлган юридик шахслар;

қишлоқ хўжалигини юритиш учун маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ўзларига белгиланган тартибда берилган ер участкаларига эга бўлган юридик шахслар;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш ва ўзи етиштирган мазкур маҳсулотни қайта ишлаш улуши реализация қилиш ёки қайта ишлаш учун олинган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ўз ичига олувчи қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш ва қайта ишлаш умумий ҳажмида камида 50%ни ташкил этадиган юридик шахслар.

Кўринадики, сиз жорий солиқ даврида биринчи ва учинчи шартларга мос келмайсиз. Корхонангизнинг ХХТУТ бўйича коди чорвачилик маҳсулотлари етиштирувчилар кодига мувофиқ келади. Бироқ бу ҳолат фақат сизда ўтган солиқ даврида (календарь йилда) уни реализация қилишдан тушум устун турганлигини билдиради.

Солиқ кодексининг 363-моддасида белгиланишича, агар ўтган солиқ даври якунлари бўйича ягона ер солиғини тўловчи қишлоқ хўжалиги товарлари ишлаб чиқарувчилари учун белгиланган мезонларга жавоб бермаса, умумбелгиланган солиқлар ёки ЯСТни тўлашга* ўтиши шарт. Яъни 2014 йил якунлари бўйича корхонангиз қишлоқ хўжалиги товарлари ишлаб чиқарувчилар учун белгиланган мезонларга мувофиқ келмаса, у 2015 йилдан бошлаб солиқ солишнинг бошқа тизимига ўтиши керак. Агар бундай номувофиқлик 2015 йил якунлари бўйича вужудга келса, у 2016 йилнинг бошидан бошлаб солиқ солишнинг бошқа тизимига ўтиши керак.

Солиқ кодексининг 362-моддасида белгиланган шартларга мувофиқ келмайдиган, бироқ микрофирмалар ва кичик корхоналар тоифасига кирадиган қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиси ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 февралидан кечиктирмай солиқ органларини танланган солиқ солиш тизими тўғрисида хабардор қилиши керак. Муддатида хабарнома тақдим этилмаганда у умумбелгиланган солиқларни тўлайди.

Қўшимча равишда шуни эслатамизки, Президентнинг 4.12.2014 йилдаги ПҚ-2270-сон Қарори 14-иловасига кўра алкоголсиз ичимликлар ишлаб чиқарувчи корхоналар солиқ солиш тизимидан (солиқ солишнинг умумбелгиланган ёки соддалаштирилган тартиби) қатъи назар сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ тўлайдилар.

 

130.04.1998 йилдаги 602-I-сон, 26.08.2004 йилдаги 662-II-сон Қонун таҳририда.


Лилия ХИСМАТОВА,

«Norma Profi» эксперти. 

 

*ВМнинг «Кичик тадбиркорлик (бизнес) субъектларига тегишли бўлган корхоналар ва ташкилотлар классификациясини тасдиқлаш тўғрисида»ги Қарорига (11.10.2003 йилдаги 439-сон) мувофиқ микрофирмалар ва кичик корхоналар тоифасига тааллуқли бўлган корхоналар ЯСТ тўлаш ҳуқуқига эгадир.

Прочитано: 1610 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика