Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2015 год / № 10 / Маданият ва ҳуқуқ

Шоу-бизнес маҳсулоти: мусиқами ё шовқин?

Кейинги пайтларда тадбиркорликнинг нисбатан янги тури – асосан санъат соҳасидаги тадбиркорликни англатувчи шоу-бизнес ҳаётимизга шиддат билан кириб келди.  

 

Таъкидлаш керакки, қайси соҳада бўлмасин, тадбиркорликнинг ўзига хос тартиб-қоидалари бор. Масалан, чакана савдо корхоналари ҳисоб-китобларни касса аппарати орқали амалга оширишлари керак, транспорт хизматини кўрсатувчи ташкилот махсус рухсатнома – лицензияга эга бўлиши керак ва ҳ.к.

Айни пайтда шоу-бизнесни ҳам тартибга солувчи муайян меъёрий ҳужжатлар амал қилмоқда. Хусусан, Солиқ кодексининг 63-бобида ушбу бизнес вакилларига солиқ солишнинг ўзига хос хусусиятлари белгилаб қўйилган. Ҳукуматимизнинг махсус қарори асосида Маданият ва спорт ишлари вазирлиги тизимида эстрада санъатини ривожлантиришга қаратилган ташкилий-ижодий ишларни амалга оширувчи «Ўзбекнаво» эстрада бирлашмаси фаолият юритиб келмоқда. Ушбу ташкилот ўз ваколатлари доирасида мамлакатимизда шоу-бизнесни тартибга солиш бўйича кўпгина чора-тадбирларни амалга ошириб келаётганлигини ҳам эътироф этиш лозим.

Шу билан бирга, шоу-бизнес соҳасида «оммавий маданият» аломатлари мавжудлиги, биринчидан, ушбу соҳадаги муаммолар ечимини топишда бошқа давлат ва жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчилик янада фаол қатнашишини, иккинчидан, шоу-бизнес фаолиятини юритиш ва бу йўналишдаги бизнес маҳсулотларини истеъмолчиларга тақдим этиш қоидаларини янада такомиллаштиришни тақозо этмоқда.

Иқтисодиётнинг саноат, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, транспорт, умумий овқатланиш сингари кўплаб тармоқлари аҳолининг моддий эҳтиёжларини қондирса, шоу-бизнес маънавий эҳтиёжларни қондиради, инсонларнинг онги, шуури, руҳиятига, қалбига таъсир кўрсатади. Аммо башар фарзанди мукаммал бир мавжудот, унда моддий ва маънавий, жисмоний ва руҳий эҳтиёжлар чамбарчас боғланиб кетган. Буни шоу-бизнес мисолида айниқса яққол кўриш мумкин. Хусусан, замонавий техника ривожи туфайли, аниқроғи, техника ютуқларидан номақбул тарзда фойдаланиш натижасида шоу-бизнеснинг жисмоний жиҳатдан ҳам одам саломатлигига салбий таъсири ошиб бормоқда.

Зеро, мусиқанинг техник воситалар ёрдамида тўю-томошаларимизда, концертларда, қаҳвахона ва ресторандаги зиёфат ва ўтиришларда, таълим муассасаларида ўтказиладиган мусиқий тадбирларда ҳаддан ташқари баланд янграши, кўча-кўйда қулоқчин (наушник) тутиб мусиқа-қўшиқ эшитиб, ўзи билан ўзи овора ёш-яланг, ҳатто катта ёшлилар кундан-кунга кўпайиб бораётганлиги, айрим автомашина ҳайдовчиларининг етти маҳалла эшитадиган қилиб машинасида мусиқа таратишлари, тўғрироғи, мусиқий шовқин замонавий шоу-бизнеснинг кўпчилигимиз чидашга мажбур бўлаётган маҳсулоти сифатида, минг афсуски, турмушимизнинг асосий кундалик унсурига айланди.

Аслида, қонун ҳужжатларимизда шовқин борасида санитар нормалар, ҳамма риоя қилиши зарур бўлган муайян қоидалар бор, бу санитар нормалар ва қоидаларга риоя қилмаганлик учун жавобгарлик чоралари ҳам белгиланган. Масалан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг «Маиший шовқинга қарши кураш талабларини бузиш» деб номланган 192-моддасида тунги вақтда – соат 23.00 дан 6.00 гача бўлган вақтда баланд овоз билан қўшиқ айтиш, мусиқа чалиш, овоз чиқарувчи аппаратуралардан фойдаланиш сингари хатти-ҳаракатлар билан фуқароларнинг осойишталиги ва нормал дам олишини бузиш фуқароларга энг кам иш ҳақининг учдан бир қисми, мансабдор шахсларга эса – учдан бир қисмидан иккидан бир қисмигача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Шоу-бизнес орқасидан нон топаётганлар «шарофати» билан кундалик турмушимизда мусиқий шовқин ҳолатлари урчиб-кўпайиб, кўпчиликнинг саломатлигига унинг салбий таъсири хавфли даражага етганлигини ҳисобга олиб, ушбу қонун нормаларини янада кучайтириш лозим кўринади. Фикримизча, тунги вақтлардан бўлак вақтларда ҳам мусиқий шовқинга йўл қўйиш фуқароларнинг осойишталиги ва нормал дам олишини, иш шароитларини ёмонлаштириш, йўл ҳаракати хавфсизлигини бузиш, одамлар соғлиғига зарар етказиш деб баҳоланиб, янада қаттиқроқ жавобгарлик чоралари қўлланилишини белгилаш лозим.

 

Тўй-ҳашамларда хизмат кўрсатиш тариқасида қўшиқ айтиш, мусиқа чалиш ва бунда овоз кучайтирувчи аппаратурадан фойдаланишда товуш кучи меъёрларига риоя қилишни назорат қилиш ва бундай меъёрларни бузиш ҳолатларини аниқлаш бўйича таъсирчан ташкилий-техник чора-тадбирларни ҳам амалга ошириш вақти келди.

 

Мусиқий асарлар ижро этиладиган барча жойларни – концерт заллари, тўйхона, ресторан, қаҳвахона ва шу сингариларни товуш кучини ўлчовчи воситалар билан мажбурий тартибда жиҳозлаш ва бу воситаларни шаҳар миқёсида ягона тизимга улаб, махсус назорат қилувчи ташкилот ихтиёрига топширишнинг ҳозирги техника тараққиёти замонида, шак-шубҳасиз, имконияти бўлса керак! Бунда ушбу назорат идорасига қачон, қайси тўйхона ёки концерт залида товуш кучи меъёрлари бузилганлиги ҳақида аниқ маълумот автоматик равишда тезкорлик билан келиб тушади ва қонунбузилишни содир этган шахсларга нисбатан жазо чораларини қўллашда бу асос бўлиб хизмат қилади.

Шоу-бизнесда ўзини намоён этаётган «оммавий маданият» тамойиллари, яъни замонавий қўшиқчилик санъатидаги маънавиятга, миллий менталитетга, одоб-ахлоқ мезонларига, ҳам миллий, ҳам умуминсоний қадриятларга зид жараёнлар давримизнинг энг долзарб муаммоларидан бирига айланиб қолди десак, муболаға бўлмаса керак. Бу муаммо ҳақида кўп гапирилмоқда, унга бағишлаб тез-тез давра суҳбатлари, баҳс-мунозаралар ўтказилмоқда, газета-журналларда мақолалар чоп этилаётир.

Масала жамоатчилик ўртасида қизғин муҳокама этилаётганлигига қарамай, бундай муҳокамалар қулоқни тешиб юборгудек шовқинлар орасида гўё эшитилмай қолаётгандек туюлади, яъни қўшиқчиликдаги салбий жараёнлар аксига олиб, кучайиб бораётганга ўхшайди... Сабаби муҳокамалар даври ўтиб, аниқ чоралар кўриш вақти келганлигида бўлса керак, чамамизда.

«Оммавий маданият» аломатлари билан тавсифланадиган қўшиқларни эфирга узатиш-у шоу-бизнес намояндалари ҳақида ахборот бериш – яъни шоу-бизнес рекламаси эндиликда ОАВнинг салмоқли даромад манбаига айланган.

Реклама ОАВ учун даромад келтириши моҳиятан табиий ҳолдир. Аммо бунда халқона қилиб айтадиган бўлсак, дўппини ерга қўйиб, обдан пухта ўйлаб иш юритиш лозим. Бинобарин, ОАВнинг реклама фаолиятида, фикримизча, биринчи навбатда моддий товар ва хизматлар назарда тутилиши лозим, маънавий озуқани тижорат рекламаси предметига айлантиришда эса теран ёндашув талаб этилади. Хусусан, асл санъат асарларини ОАВда нотижорий асосда, яъни ижтимоий реклама сифатида кенг тарғиб қилиш давр билан ҳамқадамлик мезонидир.

Юқорида айтиб ўтилганидек, ҳар соҳадаги тадбиркорликнинг ўзига хос хусусиятлари ва ҳар бирини ушбу хусусиятларга асосланган ҳолда тартибга солувчи қонун ҳужжатлари мавжуд. Ҳатто оддий, кичик ишлаб чиқариш корхонасида ҳам ишлаб чиқарилаётган маҳсулот сифатига қўйиладиган талаблар бор, бунда муайян стандартларга риоя қилиш шарт.

Маълумки, хўжалик ҳуқуқида инсон саломатлиги билан боғлиқ соҳалар ўта қатъий тартибда назорат қилинади. Масалан, алкоголли ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва сотиш алоҳида қонун ва қонуности ҳужжатлари билан тартибга солинади. Аҳоли саломатлигини ва бутун жамиятимиз ижтимоий манфаатларини кўзлаб, сўнгги йилларда қонунчиликда қабул қилинган янгиликлар қаторига алкоголли ва тамаки маҳсулотлари рекламаси тақиқланганлиги ва ушбу товарларни таълим муассасаларидан муайян узоқликда жойлашган махсус савдо дўконларида сотиш тартиботи жорий этилганлигини мамнуният билан қайд этиш мумкин.

Шоу-бизнес фаолияти бошқа тадбиркорлик соҳалари каби моддий наф кўришни ўз олдига асосий мақсад қилиб қўйганлиги сабабли унинг рекламасида маънавият, одоб-ахлоқ, менталитет, миллий қадриятларга зид унсурлар бўлиши хатари кучлидир. Шу сабабли, фикримизча, шоу-бизнес рекламасини ташқи реклама, босма нашрлар ва Интернетдаги реклама билан чеклаб, радио ва телевидениеда берилишини тақиқлаш мақсадга мувофиқ кўринади.

Бунда гап шоу-бизнесни умуман тақиқлаш ҳақида эмас, балки худди алкоголли ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва сотиш соҳасида бўлгани каби унинг ижтимоий зарарини имкон қадар камайтиришга йўналтирилган ҳаракат ҳақида бормоқда. Шоу-бизнеснинг салбий таъсири амалиётидан келиб чиқиб, амалдаги қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш, қолаверса, муайян янги меъёрий ҳужжатлар қабул қилиш бугунги кунда ҳаётий зарурат кўринади.

 

Хулоса ўрнида

Миллий шоу-бизнесни соғломлаштириш йўлида, фикримизча, фақат тақиқлаш, танқид қилишларга ўтиб олмасдан, намуна кўрсатиш принципига амал қилиш, яъни ташкилий-маърифий ишларни кучайтириш кўпроқ самара бериши мумкин. Хусусан, мусиқий таълим муассасалари ўқитувчи ва талабалари, фаолият юритувчи санъаткорлар иштирокида «Маҳалла» хайрия жамғармаси, «Камолот» ЁИҲ каби жамоат ташкилотлари шафелигида пойтахтимизда ва жойларда нодавлат нотижорат ташкилотлари шаклида жонли ижрога асосланган миллий ансамблларни ташкил этиш мақсадга мувофиқдир. Уларни Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди грантлари ва бошқа ҳомийлар маблағлари ҳисобига молиялаштириш мумкин.

Бундай ансамбллар миллий мумтоз ва замонавий эстрада – қўшиқчилик, мусиқа санъати асарларининг энг юксак намуналарини – сараланган, дурдона асарларни жонли ижро этиш йўли билан аҳолининг, биринчи навбатда, ёшларнинг соғлом мусиқий дидини шакллантиришга, мусиқий онгини, мусиқий маданияти ва маънавиятини юксалтиришга, «оммавий маданият»нинг салбий таъсирига нисбатан иммунитетини оширишга хизмат қилган бўлар эди.

Ансамбллар олдига, энг аввало, олий ўқув юртлари маданият саройларида, коллеж, лицей ва умумтаълим мактабларида, маҳаллаларда, истироҳат боғларида концертлар бериш вазифаси қўйилади, шу билан бирга улар иштирокида алоҳида санъат асарларининг яратилиши, мазмуни, жамият маънавий, маданий ҳаётидаги ўрни ҳақида санъатшунослар ва санъаткорлар билан биргаликда суҳбатлар, мусиқий маданий-маърифий тадбирларни ўтказиш мумкин.

Бундай миллий мумтоз ансамбллари фаолиятини лицензиялаш, қонун ҳужжатларига асосан назорат қилиш, уларда ҳисобот юритиш ва ходимлар билан меҳнат муносабатларини тартибга солиш каби қатор ташкилий, қолаверса моддий-техник масалалар ечимини топиш бўйича аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш зарур бўлади, албатта.

Фарҳод ҚУРБОНБОЕВ.

 

 

«Айниқса, бизнинг миллий анъаналаримизга, ахлоқ-одоб қоидаларига мутлақо тўғри келмайдиган клиплар, турли тиллардаги сўзларни қориштириб ёки талаффузни атайлаб бузиб айтиш каби номуносиб ҳаракатларни айрим ёш ижрочилар ўзи учун қандайдир янгича услуб деб билаётгани, менимча, санъатни, унинг моҳияти ва аҳамиятини тушунмасликдан бошқа нарса эмас. Маданий жамоатчилигимиз, авваламбор мусиқашунос олимлар, устоз санъаткорлар, композиторлар, ёзувчи ва журналистлар, кўп сонли санъат ихлосмандлари бундай масалалар юзасидан ўз фикрини очиқ билдириб бориши, шу тариқа ёшларимизга тўғри тарбия беришимиз ҳам қарз, ҳам фарз, деб ўйлайман».

И.А.Каримов.

 

Шоу сўзи инглизча to show – «кўрсатмоқ» сўзидан келиб чиққан бўлиб, бунда энг аввало томоша кўрсатиш назарда тутилади.

Одатда, шоу-бизнес деганда кўнгилочар (ҳордиқ чиқариш), оммавий томоша тадбирларини ташкил этиш ва/ёки уларда ижрочи сифатида иштирок этиш орқали даромад олишга қаратилган фаолият тушунилади.

Прочитано: 3730 раз(а)

Комментарии к статье (1)

2015-03-12 14:52:46, Гость_Э.Хожиев, ДБА кафедрани мудири:
Аниқликни  киритапман:
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг «Маиший шовқинга қарши кураш талабларини бузиш» деб номланган 192-моддасининг меъёрлари "концерт заллари, тўйхона, ресторан ва қаҳвахоналарга" тегишли эмас, у хонадонлар ва турар жойларга  учун қўлланади!

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика