Norma.uz

Шакл аҳамиятга эга бўлганда

ИШНИНГ МОҲИЯТИ

2013 йил сентябрида АЖ ва МЧЖ дастлабки шартномани имзоладилар, унда 2014 йил январида 10 та экипажсиз автомобилни 2 йилга 600 млн сўмга ижарага бериш шартномасини тузиш назарда тутилган эди. АЖ ижара шартномасини расмийлаштиришга ҳужжатларни, МЧЖ эса унинг лойиҳасини тайёрлаш мажбуриятини олган эди.

2013 йил ноябрида МЧЖ АЖга битим лойиҳасини жўнатди, 2014 йил январида эса ижара шартномасини тузиш талаби билан унга мурожаат этди. Бироқ АЖ айни вақтда унда атиги 5 та талаб этилаётган автотранспорт воситаси борлиги, қолган 5 тасини илгари бошқа компанияга ижарага бергани ва уларни МЧЖга фақат 2014 йил сентябрида – ижара муддати тугагач бера олишини айтди. Бунда АЖ МЧЖга бошқа автомобилларни ижарага олишни таклиф этди.

Бунга қўшилмаган МЧЖ 2014 йил февралида хўжалик судига АЖни ижара шартномаси тузишга мажбур қилиш ва 60 млн сўмлик зарарларни қоплаш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилди, чунки МЧЖ эндиликда бошқа ташкилотлардан техника излашга мажбур. Ишни кўриб чиқиш чоғида АЖ дастлабки шартномани ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида қарши даъво тақдим этди.

Хўжалик суди МЧЖнинг даъво талабларини қондиришни рад этди, дастлабки шартномани ҳақиқий эмас деб топиб, АЖнинг қарши даъвосини қондирди. МЧЖ апелляция ва кассация инстанцияларига мурожаат қилганда суднинг ҳал қилув қарори ўзгартирилмади, даъвогарнинг шикоятлари ҳам қондирилмади.

 

МЧЖнинг ПОЗИЦИЯСИ

– 2013 йил сентябрида дастлабки шартнома тузилган эди, унда 2014 йил январида 10 та экипажсиз автотранспорт воситасининг ижара шартномаси имзоланиши назарда тутилган эди. Дастлабки шартнома, шу жумладан ижара шартномаси лойиҳасини тайёрлаш ва АЖга юбориш бўйича барча мажбуриятларимизни бажардик. Бироқ АЖ уни тузишдан бош тортмоқда. Жавобгарни ижара шартномасини тузиш ва 60 млн сўмлик етказилган зарар суммасини қоплашга мажбур қилишингизни сўраймиз, сабаби энди биз бошқа компаниялардан техникани ижарага олишимиз керак бўлади. Бунинг тасдиғи сифатида ижара шартномалари лойиҳаларини илова қилмоқдамиз.

 

АЖнинг ПОЗИЦИЯСИ

– 2013 йил сентябрида автомобилларимизни ижарага беришга доир дастлабки шартномани туздик, чунки бошқа компания 2014 йил январидан ижара шартномасини бекор қилиши мумкинлигини билдирди. Ушбу вазият ҳақида МЧЖни огоҳлантирдик. Бироқ январда бошқа компания ижара муддати охиригача, яъни 2014 йил сентябригача техникани ижарага олиши ҳақида бизни ёзма равишда хабардор қилди. Шу муносабат билан биз МЧЖга бошқа техникани ижарага бериш ёки ҳозир 5 та автомобиль ижарасига шартнома тузиб, қолганларини 2014 йил сентябридан ижарага беришни таклиф этдик. Даъво аризаси қўлимизга келиб тушганида МЧЖнинг бу каби инсофсиз йўл тутиши бизни ҳайратга солди, шу сабабли дастлабки шартномани ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида қарши даъво билдирдик. Зеро, Фуқаролик кодексининг 361-моддасига мувофиқ, дастлабки шартнома асосий шартнома учун белгиланган шаклда тузилади, автотранспортни ижарага бериш шартномаси эса нотариал тасдиқланган бўлиши керак.

 

СУДНИНГ ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ

Биринчи инстанция суди иш материалларини ўрганиб, даъвогарнинг важ-далилларини, жавобгарнинг эътирозларини тинглаб ва муҳокама қилиб, қонун қоидаларини таҳлил қилиб, юқорида баён этилган далилларни тасдиқлади. Фуқаролик кодексининг (ФК) 14, 333, 361, 377 ва 565-моддаларига таянган, шунингдек жавобгарнинг қарши даъво аризаси асосланганлигини ҳисобга олган ҳолда суд қуйидагича қарор қабул қилди:

АЖнинг дастлабки шартномани ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги қарши даъвоси қондирилсин;

МЧЖнинг АЖни ижара шартномасини тузишга мажбур қилиш ва АЖдан МЧЖ фойдасига 60 млн сўмлик зарарни ундириш ҳақидаги даъво талабларини қондириш рад этилсин;

Хўжалик процессуал кодексининг 95-моддаси биринчи қисмига кўра суд харажатлари даъвогар зиммасига юклансин.

 

ЮРИСТ ШАРҲИ

ФКнинг 361-моддасига мувофиқ дастлабки шартнома бўйича тарафлар келгусида мол-мулк бериш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш ҳақида дастлабки шартномада назарда тутилган шартлар асосида шартнома тузиш (асосий шартнома) мажбуриятини оладилар. Дастлабки шартнома асосий шартнома учун белгиланган шаклда, борди-ю, асосий шартноманинг шакли аниқланмаган бўлса, ёзма шаклда тузилади. Дастлабки шартноманинг шакли тўғрисидаги қоидаларга риоя қилмаслик унинг ҳақиқий саналмаслигига сабаб бўлади. ФКнинг 565-моддаси иккинчи қисмига асосан давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган автомототранспорт воситаларини ижарага бериш шартномаси нотариал тасдиқланган бўлиши керак.

Ушбу талаблардан келиб чиқилса, келгусида экипажсиз автотранспорт воситаларини ижарага бериш шартномасини тузишни назарда тутувчи дастлабки шартнома нотариал тасдиқланиши керак эди. Бироқ тарафлар дастлабки шартномани тузиш чоғида мазкур шартга риоя этмаганлар, айни шу ҳолат суд томонидан унинг ҳақиқий эмас деб тан олинишига олиб келди.

ФКнинг 14-моддаси биринчи ва иккинчи қисмларига асосан агар қонун ёки шартномада зарарни камроқ миқдорда тўлаш назарда тутилмаган бўлса, ҳуқуқи бузилган шахс ўзига етказилган зарарнинг тўла қопланишини талаб қилиши мумкин. Зарар деганда, ҳуқуқи бузилган шахснинг бузилган ҳуқуқини тиклаш учун қилган ёки қилиши лозим бўлган харажатлари, унинг мол-мулки йўқолиши ёки шикастланиши (ҳақиқий зарар), шунингдек бу шахс ўз ҳуқуқлари бузилмаганида одатдаги фуқаролик муомаласи шароитида олиши мумкин бўлган, лекин ололмай қолган даромадлари (бой берилган фойда) тушунилади. ФКнинг 324-моддаси биринчи қисмига кўра эса қарздор мажбуриятни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги туфайли кредиторга етказилган зарарни тўлаши шарт.

Мазкур ҳолда даъвогар ўзига етказилган зарарларни тасдиқловчи етарли исбот-далилларни судга тақдим этмади, сабаби шартномаларнинг лойиҳалари бундай тасдиқловчи далил бўла олмайди. Шу муносабат билан суд жавобгардан 60 млн сўмлик зарарни ундириш ҳақидаги аризани рад этиш тўғрисида ҳақли равишда қарор қабул қилди.

Кўриб чиқилган вазият ФКнинг дастлабки шартнома шаклига доир талабларига АЖ ва МЧЖнинг риоя этмаганлиги дастлабки шартномани ҳақиқий эмас деб топиш сабабларидан бири эканлигини кўрсатмоқда. Тарафлар авто­транспорт воситаларини ижарага бериш муддати ва уларнинг сони ҳақида ўзаро фойдали битимга кела олмаганликлари ҳам ижара муносабатлари йўлга қўйилишига тўсқинлик қилди. Келгусида бундай вазиятларга йўл қўймаслик учун шартнома тузишдан олдинги музокараларни янада чуқур олиб бориш, дастлабки шартноманинг барча муҳим шартлари ва тузиладиган ижара шартномасининг асосий қоидалари юзасидан бир қарорга келгач, шунингдек юридик экспертиза ўтказгач дастлабки битимни тузиш лозим. Агар у автомото­транспорт ижарасига тааллуқли бўлса, уни албатта нотариусда тасдиқлатиш керак.


Павел СИЛЬНОВ,

адвокат.

Прочитано: 2194 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика