Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2015 год / № 10 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

ЎЗБЕКИСТОН ВА РОССИЯ ҲАМКОРЛИГИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ

Президентнинг 23.02.2015 йилдаги ПҚ-2303-сон Қарори билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Россия Федерацияси Ҳукумати ўртасида 2015–2019 йилларда иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ва чуқурлаштиришнинг асосий йўналишлари тўғрисида битим тасдиқланди. Битим 2014 йил 10 декабрь куни Тошкент шаҳрида имзоланган.

Битим доирасида тарафлар иккиёқлама савдо муносабатларини янада ривожлантириши, товар обороти номенклатурасини диверсификациялаши, барқарор ўсиши ва мутаносиблигини таъминлаши назарда тутилган.

Тарафлар шу жумладан ўзаро манфаатли тайёр маҳсулотни ҳамда юқори қўшимча қийматли товарларни ўзаро етказиб бериш, шунингдек қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб беришни кенгайтириш ҳисобига товар обороти ҳажмини ошириш ва унинг тузилмасини такомиллаштириш учун захираларни аниқлашга доир чора-тадбирларни кўрадилар.

Битимда Россия ва Ўзбекистоннинг савдо-саноат палаталари ҳамда тадбиркорларнинг бошқа бирлашмаларига барқарор ҳамкорлик муносабатларини ўрнатиш ҳамда узоқ муддатли ташқи савдо битимларини тузиш, ўзаро ишбилармонлик ташрифларини ташкиллаштириш, қўшма кўргазмаларни, бизнес-форумларни ва бошқа тадбирларни ўтказишда мунтазам равишда кўмаклашиш ҳам назарда тутилган.

Тарафлар нефть-газ комплекси, машинасозлик, асбобсозлик, электротехника тармоғи, телекоммуникация, енгил саноат, озиқ-овқат саноати, қурилиш материалларини ишлаб чиқариш каби саноатнинг турли тармоқларида, ўзаро манфаатли бошқа йўналишларда қўшма лойиҳаларни амалга оширишни таъминлайдилар.

 

БИРЖАЛАРДА ЭАВГА РЕАЛИЗАЦИЯ ҚИЛИНАДИГАН ТОВАРЛАР РЎЙХАТИ КЕНГАЙТИРИЛДИ

Вазирлар Маҳкамасининг 23.02.2015 йилдаги 31-сон Қарори билан Вазирлар Маҳкамасининг «Биржа ва ярмарка савдосининг самарадорлигини оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида» қарорига (15.04.1999 йилдаги 174-сон) ўзгартириш киритилди.

Ҳужжат билан товар-хом ашё биржаси орқали юридик ва жисмоний шахслар томонидан экспортга фақат эркин алмаштириладиган валютага сотиладиган товарларнинг янги рўйхати тасдиқланди. Рўйхатда 60 номдаги товарлар ўрин олган. Шуни эслатиб ўтамизки, илгариги рўйхатда 52 номдаги товарлар мавжуд эди.

Рўйхатга қуйидагилар киритилди: табиий асал; қизилмия илдизи; кукунли сассиқ коврак қатрони; қурилиш шағали; қурилиш оҳаги; арматураланмаган ва бошқа материаллар билан комбинацияланмаган винилхлорид полимерларидан тайёрланган эгилувчан қувурлар; ташиш учун мўлжалланган этилен полимерларидан тайёрланган яшиклар; полипропилен қоплар.

Шу билан бирга 2015 йил 1 июндан бошлаб юридик ва жисмоний шахслар томонидан хизматларни товар-хом ашё биржалари орқали экспортга сотиш фақат эркин алмаштириладиган валютада амалга оширилиши лозимлиги белгиланди.

 

ЭНГ ЯХШИ ПЕДАГОГЛАР ТАНЛОВДА АНИҚЛАНАДИ

Вазирлар Маҳкамасининг 24.02.2015 йилдаги 32-сон Қарорига мувофиқ юқори малакали педагог кадрларни аниқлаш ва тақдирлаш, уларнинг фаолияти нуфузини янада ошириш мақсадида ҳар йили «Олий таълим муассасасининг энг яхши педагоги» умумреспублика танлови ўтказилади.

Танловни икки босқичда: олий таълим муассасаси (ҳар бир олий таълим муассасасида) ва республика босқичларида ўтказилади.

Қарор билан «Олий таълим муассасасининг энг яхши педагоги» танлови тўғрисидаги низом тасдиқланди, низом танловни ўтказиш тартибини белгилайди.

Унга мувофиқ таълим соҳалари бўйича танлов қуйидаги номинацияларда ўтказилади:

а) «Мутахассислиги бўйича энг яхши педагог», бунда тегишли фан (курс) бўйича ўқитиш методикасига оид ишлар кўриб чиқилади;

б) «Энг яхши педагог-тадқиқотчи», бунда педагогнинг илмий-тадқиқот ишлари натижаларининг таълим-тарбия жараёнига жорий этилиши бўйича эришган ютуқлари кўриб чиқилади;

в) «Инновация ва ахборот технологияларини қўллайдиган энг яхши педагог», бунда замонавий педагогика ва ахборот-коммуникация технологияларини таълим-тарбия жараёнида самарали қўллаш соҳасидаги ишлар кўриб чиқилади.

Танловнинг олий таълим муассасасидаги босқичи ҳар йили 1 апрель – 30 май мобайнида ўтказилади.

Тегишли номинациялар бўйича 1, 2 ва 3-ўринларни эгаллаган иштирокчилар олий таълим муассасасининг фахрий ёрлиғи билан мукофотланади ҳамда штат бўйича маошининг 1, 0,75 ва 0,5 коэффициенти миқдоридаги пул маблағлари билан моддий рағбатлантирилади. Моддий рағбатлантириш учун пул маблағлари олий таълим муассасаси ректори (директори)нинг буйруғи асосида олий таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан берилади.

Республика босқичи 1 июнда бошланади. Танловнинг олий таълим муассасаси босқичи доирасида 1-ўринни эгаллаган ғолиблар орасидан республика босқичида қатнашишга номзодлар саралаб олинади.

Ҳар бир таълим соҳаси бўйича номинацияларда 1-ўринни эгаллаган танловнинг республика босқичи ғолиблари фахрий дипломлар билан мукофотланадилар ва улар танлов қатнашчиси лавозим маошининг 5 баробари миқдорида моддий рағбатлантириладилар. Моддий рағбатлантириш тўлови Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

1-ўринни эгаллаган танловнинг республика босқичи ғолиблари 3 йил мобайнида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссиясига (ОАК) тегишли лавозимда вазифани бажариб турувчининг бир йиллик муддатини ўтамасдан профессор (ёки доцент) илмий унвонларини олиш учун ҳужжатларни тақдим этиш ҳуқуқига эга бўладилар.

Танловнинг республика босқичи ғолибининг фахрий дипломи ОАК томонидан илмий унвонларни белгиланган тартибда бериш учун нашр этилган дарсликларга, ўқув қўлланмаларига, илмий мақолаларга эга бўлиш бўйича талабларнинг бажарилганлигига тенглаштирилади.

 

БЕМОР ТАЛАБАЛАР ИМТИҲОНЛАРДАН ОЗОД ЭТИЛАДИЛАР

Халқ таълими вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг қарори (АВ томонидан 17.02.2015 йилда 2656-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Ўқувчиларга синфдан синфга кўчириш имтиҳонлари ва якуний давлат аттестациясидан озод бўлиш ҳуқуқини берувчи касалликлар рўйхати тасдиқланди.

Рўйхатга 55 номдаги касалликлар уларнинг шифрлари кўрсатилган ҳолда киритилди.

Қарор «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами»нинг 23.02.2015 йилдаги 7 (663)-сонида расман эълон қилинган кундан кучга кирди.

Шуни эслатиб ўтамизки, Ўзбекистон Республикасининг умумтаълим мактаби тўғрисида низомнинг (ВМнинг 21.11.1995 йилдаги 440-сон Қарорига 1-илова) 16-бандига мувофиқ ўқувчилар тиббий комиссия хулосасига асосан касаллиги туфайли синфдан синфга кўчириш ва битириш имтиҳонларидан озод қилиниши мумкин.

Ўзбекистон Республикасида умумий таълим тўғрисида низомнинг (ВМнинг 13.05.1998 йилдаги 203-сон Қарорига 1-илова) 4.6-бандида ўқувчилар тиббий комиссия ва мактаб педагогика кеншагининг хулосасига асосан якуний аттестациядан озод қилиниши мумкинлиги назарда тутилган.

 

ЁШЛАР ОРАСИДА ҲУҚУҚБУЗАРЛИКЛАРнинг олдини олиш МАҚСАДИДА

«Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги (14.05.2014 йилдаги ЎРҚ-371-сон) ва «Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида»ги (29.09.2010 йилдаги ЎРҚ-263-сон) қонунларга, Президентнинг «Ўзбекистон Республикасида Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарорига (6.02.2014 йилдаги ПҚ-2124-сон) мувофиқ Тошкент шаҳар ҳокимининг «Тошкент шаҳрида ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори (5.02.2015 йилдаги 85-сон) қабул қилинди.

Хусусан, Тошкент шаҳридаги умумтаълим ва ўрта махсус таълим муассасаларига қуйидагиларни олиб келиш тақиқланади:

ўткир тиғли ва инсон ҳаётига хавф етказиши мумкин бўлган буюмлар (совуқ қуроллар таркибига кирувчи пичоқ, ханжар, бигиз ва кастет, бита, тўқмоқ);

инсон соғлиғига қарши таъсир этувчи кимёвий моддалар (махсус сачратгувчи газ ва бошқалар);

электр токи ўтказувчи жиҳозлари (махсус электр ток ўтказувчи мослама).

Ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармаси, Халқ таълими бош бошқармаси, Вояга етмаганлар ишлари бўйича шаҳар комиссияси, туман ҳокимлари, Тошкент шаҳар ИИББга биргаликда:

таълим муассасалари биносига кириш-чиқиш тартиби қоидаларини ишлаб чиқиш ва таълим муассасасининг ички қоидаларига ўзгартиришлар киритилишини таъминлаш;

таълим муассасаларига тақиқланган буюмларни олиб кирилишини олдини олиш бўйича махсус ишчи гуруҳларни тузиш;

ўқувчилар ёнида тақиқланган буюмлар аниқланган тақдирда олиб қўйиш чораларини кўриш ва булар бўйича расмийлаштирилган ҳужжатларни ота-онаси хабардорлигида яшаш манзилидаги вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиясига юбориш;

ҳафтада камида бир марта жойларда махсус ишчи гуруҳ аъзолари иштирокида маънавий-ахлоқий хислатларни бузувчи, зўравонлик, шафқатсизлик, порнографик ва сохта диний мафкурани тарғиб қилувчи кўргазма, аудио-, видеоёзувлар ва суратли тасвирларни намойиш қилиниши ва тарқатилишини олдини олиш бўйича тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб бориш;

таълим муассасаси педагог ходимлари ва ўқувчиларининг ички тартиб қоидаларга амал қилишини доимий равишда ўрганиб бориш топширилди.

 

ИНТЕРНЕТ-КАФЕЛАР ФАОЛИЯТИГА ЯНГИ ТАЛАБЛАР БЕЛГИЛАНДИ

Тошкент шаҳрида жойлашган интернет-кафе ва компьютер клубларида миллий маънавиятимизга зид бўлган, жангарилик, шафқатсизлик ва ҳаёсизликни тарғиб этувчи лавҳалар, суратлар, сайтлар, фильмлар кўпайганлиги, бу вояга етмаган ёшлар онгига салбий таъсир кўрсатиб, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликнинг ошишига асосий сабаблардан бири бўлаётганлигини, вояга етмаган ёшларнинг дарс ва тунги вақтларда бундай муассасаларда бўлишини инобатга олиб, шаҳар ҳокими томонидан 18.02.2015 йилда «Тошкент шаҳрида интернет тармоқлари ва компьютер орқали хизмат кўрсатувчи хўжалик субъектларининг фаолиятини мувофиқлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 146-сон қарор қабул қилинди. Ҳужжат билан мазкур ташкилотлардаги иш тартибига янги талаблар белгиланди.

 

Ҳужжатларга қисқача шарҳларни
«Norma Profi» экспертлари Елена ЕРМОХИНА ва
Сардор ЖУМАШОВ
тайёрладилар.

Прочитано: 4133 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика