Қизиқчиларимиздан бири «Хўрозқанд бўлса ҳам – хорижники яхши» деб ҳазиллашган эди. Бу ҳазилнинг мағзида рекламага ишора бор. Дарҳақиқат, бугунги кун кишиларининг аксарияти рекламанинг истеъмолчилар хатти-ҳаракати ва хулқ-атворига таъсири кучли эканлигини инкор этмайди. Ҳар куни телевизорда, жамоат транспортида, кўча-кўйда, газета-журналларда кўзимиз рекламага тушади. Биз деярли ҳар қадамда айнан бизга қаратилган рекламага дуч келамиз. Бу эса бизнинг истеъмолчи сифатидаги хулқ-атворимиз шаклланиб боришига кучли таъсир ўтказади.
Россия мутахассислари ўтказган тадқиқотлар рекламанинг айниқса ёшлар онгига таъсири катталигини исботлади: россиялик ёшлар зарурий реклама ахборотини айнан телевидение орқали олишларини сўровларда қайд этишган. Айнан шу ахборотлар орқали уларда гўзаллик, обрў-нуфуз (имиж) андозалари ҳақида тасаввурлар пайдо бўлиб, шунга яраша уларда талаб-эҳтиёжлар шаклланар экан. Рекламанинг талаб-эҳтиёжлар шаклланишига таъсири борлиги ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатдан исботланган. Кўплаб тадқиқотчилар реклама «алдов йўли билан кераксиз товарларни харид қилишга ундайди, қадриятлар таркибини ўзгартиради, ҳис-туйғулар оламига салбий таъсир этади, кишиларда эстетик дидни пасайтиради ва маданий, маърифий қимматдаги, фазилатларни ривожлантирувчи ахборотлар ўрнини эгаллаб олади» деган хулосага келишган. Бундан ташқари, замонавий реклама жамиятда социал низоли кайфият туғилишига туртки бўлмоқда, чунки «бугунги кунда реклама қилинаётган ҳаёт тарзи россиялик аҳолининг қарийб ярми учун етишиб бўлмайдиган орзуга айланган». Аҳолининг айнан мазкур қатлами учун трансляция қилинаётган реклама кишиларда дискомфорт ҳолатини келтириб чиқармоқда, улар телевидение орқали гўёки ҳаёт нормаси сифатида намойиш этилаётган тасвирларда ўзларини кўрмаётганларидан ташвишга тушадилар, дейилади тадқиқотда. Россиялик ёшлар рекламаларда асосан замонавий кийинган, ташқи кўринишдан жозибадор, омади кулиб боққан, муаммоларни ортиқча машаққатларсиз ҳал эта оладиган ТV-қаҳрамонларни кўрадилар. Роликларда дабдабали буюмлар, чиройли автомобиллар, қимматбаҳо кийим-кечаклар, зеб-зийнатлар, данғиллама уйлар, яхталар намойиш этилади. Бунинг устига рекламадаги қўшимча психологик таъсир ёқимли мусиқа, мўъжизакор табиат манзараси, ҳордиқ ва ўйин-кулгулар тасвири воситаси билан бойитилади. Шу тариқа, аҳолининг ёшлари орасида айнан шу ижтимоий қатламга мансуб бўлишлик, айнан шундай ҳаёт тарзига эришиш орзу-мақсадини кучайтиради.
Аксарият ёшлар кўпинча уларнинг истеъмолчилик хулқ-атворини айнан реклама шакллантираётганини тан олмайдилар – у ёки бу товарни харид қилишга хоҳиш уларда рекламани кўришдан аввал вужудга келган деб ҳисоблашади. Шунга қарамай, ўтказилган тадқиқот натижалари бўйича сўровдан ўтган респондентларнинг кўпчилик қисми (74 фоизи) уларда истеъмолчилик танловининг юзага келишида рекламанинг таъсирини белгиловчи омил деб эътироф этганлар. Ана шу тариқа реклама ёшларда қуйидаги муайян маънавий-интеллектуал қадриятларнинг шаклланишида бош омил бўлган.
Ҳаётда қандай мақсад билан яшаётганлиги тўғрисидаги сўровда қатнашган ёшларнинг катта қисми (64,4 фоизи) катта маош олиш ва ўз роҳат-фароғати учун яшашни (51,3 фоиз) биринчи ўринга қўйишган. Шунингдек, юқори мансабга эга бўлиш (31,3 фоиз), ҳаётда барқарорликка эришиш (31,3 фоиз), севиш ва севилишни (30 фоиз) истовчилар ҳам кўпчиликни ташкил этган. Қуйидаги ҳаётий мақсадлар эса ёшларнинг озчилик қисминигина қизиқтириши маълум бўлди: «мутахассис бўлиб етишиш» (25,6 фоиз), «яхши фарзандларни ўстириш» (20,6 фоиз). «Ўз устида ишлаб, такомиллашиб бориш» (12,5 фоиз), ўз салоҳиятини ишга сола билиш (12,5 фоиз) ва жамият учун фойдали шахс бўлиш (5 фоиз) хоҳиш-истаклари тўғрисида ёшлар унча кўп «оғиз кўпиртиришмаган».
Реклама кишиларнинг, айниқса ёшларнинг ҳаётий мақсадлари ва маънавий қиёфасини шакллантиришда бош омиллардан бири бўлиб майдонга тушаётган экан, биз уни танқид қилмаймиз, зеро, бозор иқтисодиёти шароитида реклама – бу иқтисодиётни ҳаракатга келтирувчи куч ҳисобланади. Фақат реклама бизнинг миллий қадриятларимизни йўқотишга олиб келмаса, маънавий оламимизни «ўғирламаса», истеъмолчилик ҳуқуқларимизга салбий таъсир кўрсатмаса бўлгани.
Интернет материaллари асосида Нодир АЛИМОВ тайёрлади.