Менга таътил пулини тўламаётган бўлишса, таътил олишдан воз кечишим мумкинми?
Р.Ибрагимов, Тошкент шаҳри.
– Сиз таътил олишдан бош тортишингиз мумкин эмас, унинг муддатини кўчиришга ҳақлисиз, холос.
Одатда йиллик таътилларни бериш навбати календарь йил бошлангунга қадар иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб тасдиқланадиган жадвалга мувофиқ белгиланади (МК 144-моддасининг биринчи қисми).
МК 145-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ ходим қуйидаги ҳолларда таътилни узайтириш ёки бошқа муддатга кўчириш ҳуқуқига эга:
вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даврида;
ҳомиладорлик ва туғиш таътили муддати бошланганда;
йиллик таътил ўқув таътилига тўғри келиб қолганда;
давлат ёки жамоат вазифаларини бажараётганда, башарти қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларда бундай вазифаларни бажариш учун ходимни ишдан озод этиш назарда тутилган бўлса.
Йиллик таътилни бошқа муддатга кўчириш учун, агар таътил бериш вақти ҳақида ходим вақтида (камида 15 кун олдин) хабардор қилинмаган бўлса (МКнинг 144-моддаси иккинчи қисми) ёки унга таътил бошлангунга қадар таътил вақти учун ҳақ тўланмаган бўлса, таътил бошқа вақтга кўчирилади (МКнинг 145-моддаси тўртинчи қисми).
Бундай ҳолларда иш берувчи ходимнинг ёзма аризасига мувофиқ йиллик таътилни у билан келишиб олинган бошқа муддатга кўчириши шарт.