Norma.uz

Автомобиль теграсидаги ташвишлар

Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида автомототранспорт воситаларини ва шаҳар электр транспорти воситаларини бошқариш ҳуқуқини бериш, ҳайдовчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тартибини такомиллаштириш чоралари тўғрисида»ги Қарорининг (2.08.2006 йилдаги 156-сон) 1-иловасига мувофиқ ҳайдовчилик ҳуқуқини олиш учун автомактабдаги таълим якунлари бўйича имтиҳонни доимий яшаш жойидаги, шунингдек вақтинча яшаш жойидаги туманлараро рўйхатга олиш-имтиҳон бўлимида топшириш мумкин.

Бироқ Тошкент шаҳар Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси (ЙҲХББ) Учтепа туманидаги вақтинчалик рўйхатда туриш жойи бўйича имтиҳон топширишимга ижозат бермай, доимий рўйхатда қайд этилган Самарқанд вилоятига боришимни талаб қилди.

Нима сабабдан биз бу ерда, Тошкент шаҳрида ҳайдовчилик ҳуқуқи учун имтиҳон топшира олишим, шунингдек бу ерда, Тошкентда (автосалонда) сотиб олган автомобилимни Тошкент шаҳар ЙҲХББ туманлараро рўйхатга олиш-имтиҳон бўлимида ҳисобга қўйишим мумкин эмаслигига сира ақлим бовар қилмайди.

Имтиҳон топшириш ва ҳайдовчилик ҳуқуқини олиш учун Самарқандга бориб келиш аввало харажат билан, оиламдан ва ишимдан бир неча кунга йироқ бўлишим билан боғлиқки, мен булардан холи бўлишни жуда-жуда истардим.

Ҳурмат билан

А.Абубакиров.

 

– Мазкур масалада Тошкент шаҳар ЙҲХББ ҳаракатлари, агар сизда имтиҳон топшириш учун керакли барча ҳужжатлар бўлса, шу жумладан Тошкентда туриш жойи бўйича ҳисобга олинган бўлсангиз, қонунга хилофдир. Сиз вақтинча яшаш жойи бўйича ЙҲХББ туман (туманлараро) рўйхатга олиш-имтиҳон бўлимида имтиҳон топширишга ҳақлисиз. Бундай ҳуқуқ Ўзбекистон Республикасида автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш билан шуғулланувчи таълим муассасаларини ҳисобга олиш, имтиҳонларга рухсат бериш ва уларни ўтказиш, ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш тартиби тўғрисидаги низомнинг1 19-бандида назарда тутилган.

Автомототранспорт воситаларини рўйхатдан ўтказиш масаласига келганда, амалдаги қонун ҳужжатларига биноан жисмоний шахсларга қарашли транспорт воситалари уларнинг доимий турар жойлари бўйича, доимий турар жойи бўлмаган тақдирда вақтинчалик турар жойлари бўйича рўйхатдан ўтказилади (Ўзбекистон Республикасида автомототранспорт воситаларини рўйхатдан ўтказиш, қайта рўйхатдан ўтказиш ва уларнинг ҳисобини олиб бориш, миллий давлат рақами белгиларини бериш ва уларни алмаштириш қоидалари2 II бўлимининг 2-банди).

Тегишинча, агар сиз Самарқандда (ёки бошқа жойда) доимий рўйхатда турган бўлсангиз, автомобилни тегишли ҳудудий ЙҲХББ туман (туманлараро) рўйхатга олиш-имтиҳон бўлимида рўйхатдан ўтказишингиз зарур. Бордию, транспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш вақтида доимий рўйхатда турмаган бўлсангиз ва Тошкент шаҳрида турар жой бўйича ҳисобга олинган бўлсангиз, Тошкент шаҳридаги ЙҲХББ туман (туманлараро) рўйхатга олиш-имтиҳон бўлимига мурожаат этишга ҳақлисиз.

 

Абдураҳмон БАХТИЕВ,

«Norma Profi» эксперти.

 

1ВМнинг 2.08.2006 йилдаги 156-сон Қарорига 1-илова.

2ВМнинг 26.05.1997 йилдаги 256-сон Қарорига 1-илова.

 

 

Маълумот учун! Тошкент шаҳар ҳокими Тошкент шаҳридаги транспорт воситаларини 2015 йилда мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тўғрисида қарор (18.02.2015 йилдаги 149-сон) қабул қилди.

Ана шу қарор ва унга доир иловалар билан toshkent.uz ва norma.uz сайтларида танишиш мумкин.

Прочитано: 2228 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика