Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2015 год / № 10 / Паспорт масалалари

Пропискадан ўтиш ҳуқуқи

Турмуш ўртоғимнинг ота-онаси Жиззах вилоятидаги уйни сотиб, Сирдарё вилоятидан квартира сотиб олишди. Паспорт столида янги яшаш жойи бўйича доимий пропискадан ўтказишмаяпти. Уларни иккинчи марта 6 ойга вақтинча пропискага қўйишмоқда. Квартира қайнотам номига расмийлаштирилган. Уларнинг ўғлини эса умуман пропискадан ўтказишдан бош тортишмоқда. Ҳолбуки уни аввалги яшаш жойидан муаммоларсиз ҳисобдан ўчиришган. Ушбу ҳаракат қонунийми?

Ш.Ёқубова.

 

– Ўзбекистон Республикасида паспорт тизими тўғрисидаги низомга (Президентнинг 5.01.2011 йилдаги ПФ-4262-сон Фармонига 1-илова) кўра фуқароларни доимий рўйхатга олиш ва рўйхатдан чиқариш шахснинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги муайян жойда доимий ёки вақтинча яшаш фактининг ички ишлар органлари томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қайд қилинади.

Доимий рўйхатдан ўтказиш (прописка) шахс муайян яшаш жойида доимий яшаш ниятида бўлган ҳолларда амалга оширилади. Вақтинча рўйхатдан ўтказиш шахснинг муайян яшаш жойида бўлиш муддатида расмийлаштирилади. 3 суткадан 6 ойгача бўлган даврга вақтинча рўйхатдан ўтказиш фуқарони доимий яшаш жойидан ҳисобдан чиқармасдан амалга оширилади. 6 ойдан кўп вақтга вақтинча рўйхатдан ўтказиш шахсни доимий яшаш жойидан ҳисобдан чиқарган ҳолда амалга оширилади.

Ўзбекистон фуқаролари доимий ва вақтинча рўйхатдан ўтиш (прописка) учун қуйидагиларни тақдим этадилар:

турар жойнинг олди-сотди шартномаси ёки тегишли органлар томонидан берилган далолатнома (ордер);

3-сон шаклдаги ариза;

Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг паспорти;

туғилганлик ҳақида гувоҳнома – 16 ёшга тўлмаган, ота-онасидан (васийларидан, ҳомийларидан) алоҳида яшайдиган шахслар учун;

ҳарбий билет ёки шахсини тасдиқловчи гувоҳнома, ҳарбий қисмлар ва ҳарбий муассасалар берган маълумотномалар – казармалар, кемалардан ташқарида яшовчи ҳарбий хизматчилар учун;

ҳарбий ҳисоб ҳужжатлари;

давлат божи тўланганлиги ҳақида квитанция.

Рўйхатдан ўтказиладиган фуқаролар келгандан кейин 3 кун ичида ҳужжатларни рўйхатдан ўтказиш учун ички ишлар органларига топширишлари шарт.

Ҳисобдан чиқишга ҳужжатлар яшаш жойидаги ички ишлар органларига топширилади. Белгиланган тартибни бузган шахслар ЎзР қонун ҳужжатларида назарда тутилган маъмурий жазоларга тортиладилар.

Қуйидаги Ўзбекистон фуқаролари яшаш жойи майдони қанчалигидан қатъи назар, доимий рўйхатдан ўтиш ҳуқуқига эга:

хотин (эр) – эри (хотини)нинг яшаш жойига, никоҳ гувоҳномаси тақдим этилганда;

вояга етмаган фарзандлар ва васийликка олинганлар – ота-оналарининг ва васийларининг яшаш жойларига;

ўз оилаларига эга бўлмаган ёки вояга етмаган фарзандлари бўлган, аммо никоҳдан ўтмаган вояга етган фарзандлар – ота-оналарининг яшаш жойларига, туғилганлик тўғрисида гувоҳнома тақдим этилганда;

ота-оналар – фарзандларининг яшаш жойига, туғилганлик тўғрисида гувоҳнома тақдим этилганда;

вояга етмаган ва ота-онаси бўлмаган туғишган ака-укалар ва опа-сингиллар, шунингдек ёшидан қатъи назар, меҳнатга лаёқатсиз туғишган ака-укалар ва опа-сингиллар, агар улар ўз оилаларига эга бўлмасалар – акаси ва опасининг (укаси ва синглисининг) яшаш жойига, уларнинг қариндошлик алоқаларини тасдиқлайдиган ҳужжатлар тақдим этилганда;

илгари мазкур аҳоли пунктида яшаган, меҳнат шартномаси бўйича ишлаш учун вақтинча бошқа жойга кетган шахслар, шунингдек амалдаги қонун ҳужжатларига кўра вақтинча бошқа жойга кетганда турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқи сақланиб қоладиган фуқаролар – илгариги турар жойларига ёки қариндошлариникига;

жазони ижро этиш жойларидан озодликка чиққан шахслар – илгариги турар жойларига оила аъзолариникига, қариндошлариникига ёки ҳукм этилгунларигача яшаган шахсларникига;

муддатли хизмат тугаганидан кейин Қуролли кучлардан бўшатилган ҳарбий хизматчилар – аввалги яшаш жойларига ёки ота-оналариникига ёки бошқа қариндошлариникига.

Турар жой мулкдори оила аъзолари ва Ўзбекистон Республикасининг фуқароларини, шунингдек белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида истиқомат учун берилган гувоҳномага эга бўлган чет эл фуқароларини ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни, турар жой майдони ҳажмидан қатъи назар, рўйхатдан ўтказиш ҳуқуқига эга.

Бир нечта уйга ёки хонадонга эга бўлган мулкдор улардан фақат биттасидагина доимий рўйхатдан ўтиши мумкин.

Баён этилганлар муносабати билан шуни айтиш мумкинки, Сирдарё вилоят ИИБ чиқиш-келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмасининг ходимлари турмуш ўртоғингизнинг ота-онасини уларга тегишли бўлган квартирага рўйхатдан ўтказишдан бош тортишга ҳақли эмаслар. Ходимларнинг турмуш ўртоғингизни ўз ота-онаси квартирасига доимий рўйхатдан ўтказишдан бош тортишлари ҳам қонунчиликка зид.

 

Санжар ХЎЖААҲМЕДОВ,

эксперт-юристимиз.

Прочитано: 5568 раз(а)

Комментарии к статье (2)

2015-12-30 10:54:48, Гость_:
Президентнинг 5.01.2011 йилдаги ПФ-4262-сон Фармонига 1-иловасига кўра турар жой эгаси оила аъзолари ва яқин қариндошларини рўйхатга қўйишга ҳақли. Бошқаларни рўйхатга қўйиш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.
Қонунчиликда, яъни уй-жой кодексида турар жой майдонининг ижтимоий нормаси 16 м квадрат этиб белгиланган.
Ҳурматли С.Хўжааҳмедов сиз ушбу мақолангиз билан фуқароларда ИИИ ходимларига нисбатан нотўғри фикр тўғдиришга йўл қўйдингиз.
2016-01-01 03:56:21, Гость_Жахонгир:
Хурматли Гость_, сиз ва сиз каби баъзибир инсонларнинг қонунчиликни тўлиқ билмасдан ёки юзаки билдирган фикрлари фуқароларнинг нотуғри фикрлаши уёгда турсин, балки нотуғри қарор қабул қилишига сабаб булади.
Асослаб айтсам: Ҳақиқатдан ҳам қонунчиликда, яъни уй-жой кодексида муниципал, идоравий уй-жой фонди ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондидан турар жойлар фуқароларга уй-жой майдонининг ижтимоий нормасига мувофиқ берилади.
Уй-жой майдонининг ижтимоий нормаси бир киши ҳисобига ўн олти квадрат метрдан кам бўлмаган умумий майдон ҳажмида, кресло-аравачада ҳаракатланадиган ногиронлар учун эса – йигирма уч квадрат метрдан кам бўлмаган ҳажмда белгиланади. Лекин, бу ўз навбатида давлат уй жой фонларига нисбатан амал килади.
Давлат уй-жой фондини хусусийлаштириш тўғрисидаги қонунда хусусийлаштирилган квартиранинг, уйнинг эгаси квартирага, уйга (уйнинг бир қисмига) турар жой майдонининг сатҳидан (м квадратидан) қатъий назар, ушбу Қонун 13-моддасининг биринчи бандида уқтирилган оила аъзоларини, бошқа шахсларни уй рўйхатидан ўтказиш ҳуқуқига эгалиги кўрсатиб ўтилган.
Шу каби холат мен билан хам юз берганлиги туфайли ушбу масала билан боғлиқ конунчилик хужжатларини ўрганиб масалага ойдинлик киритганман.
С.Хожаахмедовнинг юкоридаги холат юзасидан баён этган мақоласи асосли ва тўғридир.

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика