Мана 20 йилдирки, Элмира Турдалиевна Жўраева «Навоийазот» АЖнинг 48-сон цехини бошқаради. Бу ерда бир қатор кимёвий маҳсулотларни ишлаб чиқаришда зарур бўлган техник сувни кимёвий усулда ювиш билан шуғулланадилар.
Томск политехника институтининг муҳандислик кимёси ва кимёвий кибернетика факультетини битиргач, Элмирани ушбу цехга смена бошлиғи қилиб юборишди, ўшанда у бундан хиёл ранжиган ҳам эди. Зеро нуфузли олийгоҳда ўқиш пайтида у органик синтез бўйича йирик корхоналарда ишлаб чиқариш ва дипломолди амалиётидан ўтган, мазкур ихтисосликда ишни давом эттириш умидида эди.
Бироқ тақдири ўзгача тус олди. Бунинг устига Элмира унинг учун янги ҳисобланган ишга ўзига хос бўлган иштиёқ билан киришди. Тез орада сувни кимёвий ювишдек мураккаб технологияни мукаммал эгаллади.
Цех бошлиғи бўлгач, Э.Жўраева тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришнинг режалаштирилган ҳажмлари бажарилиши, ишчилар техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этишлари, қисқаси – ўзига ишонилган ишлаб чиқариш майдончасидаги барча хатти-ҳаракат учун энди у жавоб беришини англаб етди, албатта. Бироқ у ҳамма ишни уддалай олишига ишонарди. «Ўз имкониятига ишонч бўлмаса, ҳатто киши ўз ишининг етук устаси бўлсин, масъул ишга қўл урмагани маъқул. Бу менинг ҳаётий маслагим. Цехдаги арзимас муаммоларни ҳал этиш учун корхона раҳбариятига мурожаат қилишнинг зарурати йўқ. Меҳнат жамоасининг активига суяниш лозим. Бироқ аввал уни яқиндан билиш керак» – дейди Элмира Жўраева.
Амир МАҲМУДОВ,
ўз мухбиримиз.