Norma.uz

Ноадекват алмаштириш

ИШНИНГ МОҲИЯТИ

Сотувчи (МЧЖ) ва харидор (ХФ) 2014 йил сентябрида «D400» русумли бетоннинг 50 млн сўмлик олди-сотди шартномасини тузишди. Унинг шартларига кўра харидор 3 банк куни ичида барча суммани олдиндан тўлаши керак эди. Олдиндан ҳақни олган сотувчи 30 кун ичида товарни етказиб бериш мажбуриятини олди. Иккала тараф шартнома бўйича ўз мажбуриятларини ўз вақтида бажарди.

Бироқ, бетонни қурилишда ишлатишни бошлагач, ХФ у «D250» русумли бетонлигини аниқлади, унда иссиқлик ўтказиш коэффициенти оз ва буғ ўтказиш коэффициенти кўп бўлиб, бу ҳол бетоннинг мустаҳкамлик даражасини пасайтирарди (31359-2007 ДСТ «Автоклав қаттиқлашадиган ғовак бетонлар», 1.07.2008 йилдан амалга киритилган). Бетон русумини тасдиқлаш учун харидор Давархитектқурилиш ҳузуридаги Давқурилишназорат лабораториясида унинг синовларини ўтказди. Бу ердан хулосани олгач, харидор сотувчига у етказиб берган бетонни «D400» русумли бетон билан алмаштириш талаби билан мурожаат қилган эди, рад жавобини олди. Шундан кейин харидор 20 млн сўм асосий қарз, шартнома мажбуриятларини бажармаганлик учун 2 млн сўм жарима, 220 минг сўм давлат божи ва 7 200 сўм почта харажатларини ундириш даъвоси билан хўжалик судига мурожаат қилди.

 

МЧЖнинг ПОЗИЦИЯСИ

– Олди-сотди шартномасига кўра харидор эътирозларини етказиб бериш кунидан бошлаб бир ойдан кечиктирмай изҳор этиши керак эди. Мазкур муддат тугаганидан кейин улар қабул қилинмайди. Муддати ўтказиб юборилган эътирозга жавобимизда биз харидорга «D400» русумли бетонни 90 кун мобайнида етказиб беришга тайёр эдик, чунки уни тайёрлаш учун хом ашёнинг бир қисми хориждан олиб келинади. Бироқ у рад жавоби берди ва бетонни дарҳол етказиб беришимизни талаб қилди. Шу сабабли биз ХФ даъвосига рад жавоби берилишини сўраймиз.

 

ХФнинг ПОЗИЦИЯСИ

– Олди-сотди шартномасига кўра биз олдиндан ҳақ – 50 млн сўм тўладик. Сотувчи бизга сифатсиз бетон («D400» русуми ўрнига «D250» русумини) етказиб берди, у техник талабларга кўра буюртирилганидан паст сифатлидир. Бетон русумининг номувофиқлигини, демакки, унинг сифатсизлигини лаборатория тасдиқлади. Биз судгача тартибда эътироз билан сотувчига мурожаат қилиб, бетон русумини алмаштиришни талаб қилдик, бироқ рад жавобини олдик. Биз «D400» русумли бетон қийматини тўлаб, амалда «D250» русумини олганимиз боис суддан харид нархини 50 млн сўмдан 30 млн сўмга камайтиришни – «D250» русумли бетон ана шундай ҳажмининг қиймати ва МЧЖдан 20 млн сўм фарқни, мажбуриятларни бажармаганлик учун уларнинг 10%и миқдорида шартномада назарда тутилган неустойка – 2 млн сўм жаримани ва суд харажатларини ундиришни сўраймиз.

 

СУДНИНГ ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ

Биринчи инстанция суди иш материалларини ўрганиб, даъвогарнинг важ-далиллари ва жавобгарнинг эътирозларини тинглаб ҳамда муҳокама қилиб, қонун ҳужжатларининг қоидаларини таҳлил этиб, юқорида кўрсатилган низо далиллари тасдиғини топди.

Фуқаролик кодексининг (бундан кейин – ФК) 14, 324, 402, 408 ва 434-моддаларига амал қилиб, ёзма далиллар билан тасдиқланадиган даъво талабларининг асослилигини ва жавобгар важ-далилларининг асосланмаганлигини ҳисобга олиб, суд қарор қилди:

1) асосий қарз қисмида даъво талаблари тўлиқ қондирилсин ва жавобгардан 20 млн сўм ундирилсин;

2) ФКнинг 324 ва 333-моддаларига мувофиқ 2 млн сўм миқдорида жарима тарзидаги неустойка талабининг асослилиги аниқлансин. Шу билан бирга, ФК 326-моддасининг қоидаларини ҳисобга олиб, суд уни 1 млн сўмга қадар камайтириш мумкин деб топди;

3) суд харажатлари жавобгардан тўлиқ ҳажмда ундирилсин.

 

ЮРИСТ ШАРҲИ

ФКнинг 402-моддаси биринчи қисмига асосан сотувчи сотиб олувчига сифати олди-сотди шартномасига мос келадиган товарни топшириши шарт. ФКнинг 408-моддаси биринчи қисмига кўра агар товарнинг камчиликлари сотувчи томонидан маълум қилинмаган бўлса, унга тегишли даражада сифатли бўлмаган товар топширилган сотиб олувчи ФКнинг 434-моддасида назарда тутилганидек, ўзининг танловига қараб: худди шундай русумли (модель, артикуль)даги ёки бошқа русум (модель, артикуль)га мувофиқ сифатга эга бўлган товарга алмаштириб, харид нархини тегишинча қайта ҳисоб-китоб қилишни; товар камчиликларини текинга бартараф этиш ёки уни тузатиш харажатларини қоплашни; сотиб олиш нархини мутаносиб равишда камайтиришни; шартномани бекор қилиб, етказилган зарарларни қоплашни талаб қилишга ҳақлидир.

Бугун кўриб чиқилаётган даъво аризаси сотиб олиш нархини мутаносиб равишда камайтириш ва илгари тўланган 20 млн сўмни ундиришнинг асослилигини тасдиқлайди.

Мажбуриятларни бажариш усулларидан бири неустойка – қонун ҳужжатлари ёки шартнома билан белгиланган, мажбурият бажарилмаган ёки лозим даражада бажарилмаган тақдирда қарздор кредиторга тўлаши шарт бўлган пул суммаси ҳисобланади. Неустойка жарима ёки пеня шаклида бўлиб,қоида тариқасида қатъий пул суммасида ҳисобланади (ФК 261-моддасининг иккинчи қисми). Олди-сотди шартномасига мувофиқ назарда тутилишича, шартнома мажбуриятларини бажармаганлиги учун айбдор тараф мажбуриятлар бажарилмаган қисмининг 10%и миқдорида жарима тарзида неустойка тўлайди.

ФКнинг 326-моддасига мувофиқ қуйидаги ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда суд неустойкани камайтиришга ҳақли: қарздор мажбуриятни қай даражада бажарганлиги; мажбуриятда иштирок этаётган тарафларнинг мулкий аҳволи; кредиторнинг манфаатларини ­эътиборга олиб. Қонун ҳужжатлари суд камайтиришга ҳақли бўлган неустойканинг энг кўп ёки энг кам миқдорини белгиламайди, у ФКнинг 326-моддасини ҳисобга олган ҳолда белгиланади. Ушбу қоидаларнинг барчаси суднинг даъво талабларини қисман қондириш тўғрисидаги қонуний қарорига асос бўлди.

Шунга эътибор қаратиш лозимки, агар МЧЖ судгача тартибда ХФ эълон қилган эътирозни қондирганда, унга пеня ва суд харажатларини тўлашга тўғри келмас эди. Шунингдек харидор сотувчига олди-сотди шартномасига эълон қилинган товарнинг етказиб бериш муддатларини кўпайтирадиган ўзгартиришларни киритиш хусусида битим тузишни таклиф қилиши мумкин эди. Қарзни, қарз ҳисобига тенг қийматли мол-мулкни бериши, кафиллик ва мажбуриятларни бажариш ва таъминлашнинг ФКда назарда тутилган бошқа усулларидан фойдаланиб, у қўшимча харажатларга йўл қўймаган бўлар эди.

 

Павел СИЛЬНОВ,

адвокат.

Прочитано: 1523 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика