Norma.uz

Мени ишдан бўшатишларига ишонч билдираман

Фирмамиз ходимларидан бири телефон қилиб, бошқа шаҳарга кўчиб кетаётганлигини маълум қилди ва шу муносабат билан уни ишдан бўшатишимизни сўради. Офисга кела олмаслигини, шунинг учун у ёзган аризани нотариал тасдиқланган ишончнома билан у ваколат берган шахс олиб келишини айтди. Биз эса нима қилишимизни билмаяпмиз. Ходимни «ишончнома» асосида ишдан бўшатишимиз мумкинми?

М.Келдиёрова, КБ инспектори,

Навоий шаҳри.

 

– Ходим иш берувчидан уни ишончли шахс орқали ишдан бўшатишларини сўрайдиган вазиятни, албатта, кенг тарқалган деб бўлмайди. Бироқ амалиётда бундай ҳоллар баъзан учраб туради.

Умумий қоидага кўра ходим меҳнат шартномасини 2 ҳафта олдин иш берувчини ёзма равишда огоҳлантириб, бекор қилиши шарт (Меҳнат кодексининг 99-моддаси). Аризани у шахсан расмийлаштириши керак. Бироқ бу нарса ходим аризани иш берувчига шахсан топшириши кераклигини билдирмайди. У, масалан, аризани почта орқали юбориши мумкин. Унга бундай қилишни тақиқлайдиган меъёрлар мавжуд эмас. Мантиққа кўра, меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги аризани вакил орқали юборишга ҳам йўл қўйиш мумкин.

Иш ҳақини ҳамда меҳнат муносабатлари билан боғлиқ бўлган бошқа тўловларни олиш ҳақидаги ишончноманинг мумкинлиги Фуқаролик кодексининг (бундан кейин – ФК) 137-моддасида назарда тутилган. Агар у қайднома бўйича амалга оширилса, пул олишга тилхат олдига кассир «Ишончнома бўйича» деб ёзиб қўяди.

Бир шахс (ишонч билдирувчи) томонидан иккинчи шахсга (ишончли вакилга) учинчи шахслар олдида вакиллик қилиш учун берилган ёзма ваколат ишончнома ҳисобланади. Ишончли вакил ўзига ишончнома билан берилган ваколатлар доирасида иш олиб боради (ФК 134-моддасининг биринчи қисми).

Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисида йўриқномада* вакил томонидан ходимнинг меҳнат дафтарчасини олиш мумкинлиги назарда тутилмаган. Унда вакил томонидан меҳнат дафтарчасини олишга тўғридан-тўғри тақиқ ҳам йўқ. Унинг 3.3-бандига кўра меҳнат шартномаси бекор қилинган куни ходим ишда бўлмаган тақдирда, иш берувчи ўша куниёқ унга почта орқали меҳнат дафтарчасини олиб кетиш тўғрисида огоҳлантирувчи хабарнома жўнатади. Ходимнинг меҳнат дафтарчасини яшаш жойига почта орқали жўнатиш фақат унинг розилиги билан амалга оширилади.

Менинг фикримча, вакилда модомики, унинг меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида ариза бериш, иш ҳақи ва меҳнат муносабатлари билан боғлиқ бошқа тўловларни олиш, меҳнат дафтарчаси ва меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқ нусхаларини олиш ҳуқуқлари қайд этилган, нотариал расмийлаштирилган ишончнома бор экан, мазкур ҳуқуқлардан фойдаланишда ҳеч қандай чеклашлар бўлмаслиги керак.

Ходим ўз вакилига амалда ишдан бўшаш билан боғлиқ барча ҳаракатларни амалга оширишни топшириши мумкин. Бунда унинг ўзи иш жойида пайдо бўлмасдан, ишдан бўшаш тўғрисида ўз қўли билан ёзган ариза ва унинг манфаатларини ҳимоя қилишга ишончномани расмийлаштириш билан чекланиши мумкин.

Бироқ ишончнома қонун ҳужжатлари томонидан ушбу ҳужжатларга қўйиладиган талабларга мувофиқ келиши кераклигини ҳам унутмаслик керак. У нотариус ёки нотариал ҳаракатларни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган бошқа мансабдор шахс томонидан тасдиқланади.

Меҳнат муносабатларида ишончномалардан фойдаланишга доир суд амалиёти етарли эмас. Ушбу масалаларни меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида тартибга солиш мақсадга мувофиқ бўларди.

 

Ахтам ҲИКМАТОВ,

адвокат.

 

*Меҳнат вазирлиги ва Ижтимоий таъминот вазирлиги томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 29.01.1998 йилда 402-сон билан рўйхатдан ўтказилган.

Прочитано: 2035 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика