Сентябрда автомобилимни техник кўрикдан ўтказиш муддати келади. Уни энди фақат июнь ва августда ўтказишади деб эшитдим. Шундайми?
А.Хрулев.
Тошкент шаҳри.
– Жисмоний ҳамда юридик шахсларга тегишли бўлган транспорт воситаларини техник кўрикдан (ТК) ўтказиш тартиби Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисида низом (ВМнинг 31.01.2003 йилдаги 54-сон Қарори билан тасдиқланган) билан тартибга солинади.
Юридик шахсларга қарашли бўлган транспорт воситалари техник кўрикдан йилига 2 маротаба ўтказилади. Бунда муҳим таъкидни қилиш жоиз. Улар транспортидан тижорат асосида йўловчилар ташиш учун фойдаланиш керак* ёки улар йирик габаритли, оғир вазнли ва хавфли юкларни ташиш учун махсус автомашиналар ва уларга тиркамалар бўлиши керак. Биринчи марта ТК – 1 мартдан 30 июнгача; иккинчи марта – 1 сентябрдан 31 октябргача ўтказилади.
Агар автомобилнинг ишлаб чиқарилганлигига 5 йилдан кўп бўлмаган бўлса (ишлаб чиқарилган йили ҳам шу жумлага киради), бундан юқорида кўрсатилган транспорт воситалари мустасно, 2 йилда 1 марта ўтказиш зарур. Ишлаб чиқарилган йилини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқарилганлигига 5 йилдан ортиқ бўлган, шунингдек ишлаб чиқарилган йили аниқланмаган автомобиллар (юқорида кўрсатилган транспорт воситаларидан ташқари) 1 йилда 2 марта ТКдан ўтказилади. Бунда юридик шахсларга қарашли бўлган автотранспорт техник кўриги 1 мартдан 30 июнгача, жисмоний шахсларга – 1 январдан 31 августгача ўтказилади.
ТК транспорт воситасига боғлиқ ҳолда пулли асосда ўтказилади, бундан иккинчи марта техник кўрикдан ўтказиш мустасно.
● Транспорт воситалари техник кўрикдан ўтказилганлиги учун (мототранспорт, тиркамалар ва ярим тиркамалардан ташқари) – ЭКИҲнинг 0,1 қисми (11 840 сўм) миқдорида йиғим ундирилади.
● мототранспорт, тиркамалар, яримтиркамалар – ЭКИҲнинг 0,05 миқдорида (5 920 сўм) йиғим ундирилади. Тиркамалар ТК ярим тиркамалар учун белгиланган муддатларда (транспорт воситаси ярим тиркама деб топилганда) ўтказилади.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 125-моддасида назарда тутилган ТКнинг мавжуд эмаслиги учун жавобгарлик тўғрисида эслатиш ортиқча бўлмайди: ҳайдовчиларнинг белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилмаган ёки мажбурий техник кўрикдан ўтказилмаган транспорт воситаларини бошқариши, ЭКИҲнинг (0,5) баравари (59 200 сўм) миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Елена ЕРМОХИНА,
«Norma Profi» эксперти.
*Енгил автомобиллар, автобуслар, троллейбуслар, трамвайлар ва ўтириладиган жойлар сони 8 та ва ундан ортиқ бўлган (ҳайдовчининг ўрнидан ташқари), одамларни мунтазам ташиш учун жиҳозланган юк автомобиллари.