Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2015 год / № 29-30 / Ватанимиз мустақиллигининг 24 йиллигига

Мамлакатимиз саноатининг муҳим тармоғи

1996 йил 19 июлда конвейердан дастлабки ўзбек автомобили чиқарилди.

 

Президентимиз Ислом Каримовнинг 1992 йил июнь ойида Корея Республикасига амалга оширган ташрифи чоғида миллий автомобилсозлигимиз пойдеворига асос солинди. Орадан кўп ўтмай «Ўзавтосаноат» акциядорлик компанияси ва Корея Республикасининг «Daewoo Motors» корпорацияси ўртасида Ўзбекистонда автомобиллар йиғиш ва ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхона ташкил этиш ҳақидаги шартнома имзоланди.

 

Шундай қилиб, Андижон вилоятининг Асака шаҳрида «ЎзДЭУавто» автомобиль заводи қурилиши бошланди. Йирик автомобиль заводининг ишга туширилиши билан қатор ишлаб чиқаришга доир ва ижтимоий вазифалар ҳам ҳал этилди. Дастлаб етти кўринишдаги «Nexia», «Damas» ва «Tico» енгил автомобиллари ишлаб чиқариш бўйича учта линия ишга туширилди.

2001 йилнинг май ойида конвейердан икки юз эллик мингинчи автомобиль чиқди. Янги автомобиль моделларини ишлаб чиқиш ва ўзлаштириш борасидаги ишлар жадал суръатлар билан давом эттирилди. 2001 йилнинг август ойида «ЎзДЭУавто» «Matiz» автомобили, 2002 йилнинг сентябрида янги русумдаги «Nexia DOHC» седанини ишлаб чиқаришни бошлади.

2003 йилда автомобиль саноатимиз «Lacetti» русумидаги автомашина ишлаб чиқаришни ўзлаштирди. Компания шу тариқа ҳар йили харидорларни янгиликлар билан хушнуд этиб келмоқда. 2004 йилнинг декабрь ойида бир литр ҳажмли двигатель ва автоматик узатиш қутисига эга «Matiz Best» автомобили, 2006 йилнинг февралидан янги «Damas II» автомашинаси ишлаб чиқарила бошланди.

2007 йили «Ўзавтосаноат» акциядорлик компанияси нуфузли «General Motors» компанияси билан ҳамкорлик ҳақида битим имзолади. Ушбу битимда заводнинг ишлаб чиқариш қувватларини маҳаллийлаштириш, янги русумдаги автомашиналар ишлаб чиқариш назарда тутилган эди. Бунинг самарасида автомобиль бозорида EURO 3 стандартидаги двигатель билан жиҳозланган «Nexia» ва «Matiz» автомобиллари пайдо бўлди.

2008 йилнинг март ойида «Ўзавтосаноат» акциядорлик компанияси ва «General Motors» ҳамкорлигида янги қўшма корхона – «GM Uzbekistan» ёпиқ акциядорлик жамияти ташкил этилди. Завод ишга туширилгач, дастлабки босқичда «Chevrolet» русумидаги «Epica», «Captiva» ва «Tacuma» енгил автомобиллари чиқарила бошланди. Умуман, мазкур йил миллий автосаноатимиз учун чинакам тарихий давр бўлди. Хусусан, завод конвейеридан миллионинчи «Chevrolet Lacetti» автомобили чиқарилди.

2010 йилдан бошлаб компания GМ глобал брендларидан фойдаланишни бошлади. Жумладан, август ойида анча такомиллаштирилган ва технологик ихчамлаштирилган «Chevrolet Spark» автомобилини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. 2011 йилда модернизация қилинган «Chevrolet Captiva» автомобилини йиғиш бошланган бўлса, 2012 йилнинг март ойида 2,4 литр ҳажмга эга тўрт цилиндрли двигатель ўрнатилган «Chevrolet Malibu» автомобилини ишлаб чиқариш линияси очилди. Август ойи охирида эса «Chevrolet Cobalt» автомобили оммавий ишлаб чиқарила бошланди. Сўнгги йилларда миллий автосаноатимиз автомобиллари қаторига янги русумдаги машиналар қўшилди. Хусусан, янгиланган «Lacetti», 2014 йил бошида «Orlando» мини-вени намойиш этилди.

Бугун мамлакатимиз автомобилсозлигини саноатимиз локомотиви деб айтиш мумкин. Негаки, ушбу соҳа бир-бири билан ўзаро боғлиқ тармоқларни ривожлантириш ва аҳоли бандлигини барқарор таъминлаш имконини бераётир. «Ўзавтосаноат» акциядорлик компанияси таркибида 27 мингдан ортиқ иш ўрни яратилган қатор корхона ва ташкилотлар фаолият юритмоқда.

Шуни таъкидлаш жоизки, нафақат енгил автомобиллари, балки юк автотранспортлари, автобуслар, махсус машиналар ва кенг турдаги эҳтиёт қисмларни ишлаб чиқариш ҳам миллий автосаноатимизнинг муҳим йўналишларидандир.

Самарқанд автомобиль заводида автобус ва юк машиналарини ишлаб чиқариш йўлга қўйилган бўлиб, завод Япониянинг «Isuzu Motors» компанияси билан ҳамкорлик самарасида ривожланишнинг янги босқичига кўтарилди.

«JV MAN Auto – Uzbekistan «Ўзбекистон – Германия қўшма корхонасида 15 тоннадан 50 тоннагача юк кўтариш кучига эга ишончли ва замонавий транспорт воситалари ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Ушбу автотранспорт воситаларидан автомобиль ва темир йўллар қуриш ҳамда уларни реконструкция қилиш, шаҳарлараро юк ташишда самарали фойдаланилмоқда. Бундан ташқари, автокранлар, бортли автомобиллар, изотермик фургонлар, сув ташийдиган ва бошқа кўплаб вазифаларни бажарадиган йўл машиналари, бетон қорадиган, дон, пахта ва чиқинди ташийдиган машиналар ҳам кенг оммалашган.

Миллий автосаноатимиз хусусида сўз юритганда, яна бир ўзига хос объект – автомобиль двигателларини ишлаб чиқариш бўйича Марказий Осиёдаги ягона «GM Powertrain Uzbekistan» заводини ҳам қайд этиб ўтиш жоиз. 2011 йил ноябрь ойида ўз фаолиятини бошлаган ушбу завод йилига 200 мингтагача двигатель ишлаб чиқариш қувватига эга.

 

«Ўзавтосаноат» акциядорлик компанияси маълумотларига кўра, жорий йилнинг биринчи чорагида 55 мингта енгил автомобиль, 1,1 мингдан ортиқ «ISUZU», 198 «MAN» русумли юк машиналари, 129,8 минг дона аккумулятор, 30 мингта куч агрегати ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарилган. Айни пайтда компания ишлаб чиқариш ҳажмини янада ошириш ва экспортни кенгайтириш борасида мунтазам иш олиб бормоқда. Бугун МДҲ мамлакатларида юртимиз автомобиль саноатининг 250 дан ортиқ дилери фаолият юритаётир.

Прочитано: 1951 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика