Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2015 год / № 29-30 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

ЮРИДИК ШАХСЛАР ТЎҒРИСИДАГИ МАЪЛУМОТ ФОЙДАЛАНИШ УЧУН ОЧИҚ БЎЛАДИ

Вазирлар Маҳкамасининг 3.07.2015 йилдаги 179-сон Қарори билан Корхоналар ва ташкилотларнинг ягона давлат регистри (КТЯДР) тўғрисидаги низомга (ВМнинг 25.09.2012 йилдаги 274-сон Қарорига 1-сон) ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Киритилган ўзгартиришлар билан аниқлаштирилишича, юридик шахсларнинг идоравий мансублиги тўғрисидаги ўзгартиришлар КТЯДР базасига муассисларнинг маълумотлари асосида (бу илгари ҳам шундай бўлган), шунингдек давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг маълумотлари асосида киритилади.

Низомда юридик шахсларни рўйхатдан ўтказувчи статистика органларини хабардор қилиш муддатлари ва тартибига тузатишлар киритилди. Рўйхатдан ўтганлик тўғрисидаги маълумот тадбиркорлик субъектларига 1 кун мобайнида, давлат ва нодавлат тижорат ташкилотларига эса – 2 кунлик муддатда тақдим этилиши лозим.

Шунингдек 2 кун мобайнида статистика органларини юридик шахсларга тегишли қуйидаги барча маълумотларни реестрга киритишлари ҳақида хабардор қилиш керак:

 юридик шахснинг таъсис ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчаларни давлат рўйхатидан ўтказишда;

 юридик шахсни қайта ташкил этишни давлат рўйхатидан ўтказишда;

 юридик шахсларнинг ягона давлат реестрига юридик шахс тугатилганлиги ёки қайта ташкил этилган юридик шахснинг фаолияти тўхтатилганлиги (бирлаштирилганлиги, қўшиб юборилганлиги) тўғрисидаги ёзувларни киритишда;

 рўйхатдан ўтказувчи органдан юридик шахс томонидан молия-хўжалик фаолияти амалга оширилмаётганлиги ёки қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда устав жамғармасининг шакллантирилмаганлиги, шунингдек унинг ихтиёрий тугатиш жараёнидалиги ёки тугатиш жараёнининг тўхтатилганлиги тўғрисидаги маълумотлар олинганда;

 юридик шахснинг почта манзили ўзгарганда;

 юридик шахснинг асосий фаолият тури ва унда ишлаётганларнинг ўртача йиллик сони ўзгарганда – йиллик давлат статистика ҳисоботи асосида.

Маълумотлар давлат статистика органларига дастурий воситалардан фойдаланган ҳолда Интернет тармоғи орқали тақдим этилади. Илгари маълумотлар қоғоз шаклида юборилар эди.

Бундан ташқари, КТЯДРдаги идентификациялаштириш, классификациялаштириш кўрсаткичлари, шунингдек юридик шахсларнинг почта манзиллари, телефон рақамлари, юридик шахсларнинг муассислари, давлат рўйхатидан ўтказилган тартиб рақами ва санаси, шунингдек таъсис ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш, ягона давлат реестридан чиқариш тўғрисидаги маълумотлари барчанинг фойдаланиши учун очиқ ҳисобланади. КТЯДРдаги бошқа кўрсаткичлар махфий тусдаги ахборот ҳисобланади.

 

ЖИНОИЙ ФАОЛИЯТДАН ОЛИНГАН ДАРОМАДЛАРНИ ЛЕГАЛЛАШТИРИШга ҚАРШИ КУРАШИШ БЎЙИЧА идоралар сони учтага кўпайди

Вазирлар Маҳкамасининг 3.07.2015 йилдаги 180-сон Қарори билан Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш миллий тизимининг такомиллаштирилиши муносабати билан Ҳукуматнинг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Қуйидагилар махсус ваколатли давлат органи билан биргаликда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат қоидаларини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди:

Молия вазирлиги – суғурталовчилар ва суғурта воситачилари, лизинг хизматлари кўрсатувчи ташкилотлар (банклар ва бошқа кредит ташкилотлари бундан мустасно), лотереялар ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинлар ўтказувчи ташкилотлар ҳамда аудиторлик ташкилотлари;

Давлат рақобат қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази – қимматли қоғозлар бозорининг профессионал қатнашчилари учун (банклар ва суғурталовчилар бундан мустасно);

Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси – биржа аъзолари ва риэлторлик ташкилотлари учун.

Кўрсатиб ўтилган вазирлик ва идоралар мониторинг олиб боради ва ушбу қоидаларга риоя этилишини назорат қилади. Қонун бузилишлари аниқланган тақдирда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда чоралар кўрилади.

 

ЎЗБЕКЭНЕРГО ҲИСОБРАҚАМЛАРИ УНДИРУВГА ҚАРАТИЛАДИ

Марказий банк бошқаруви, Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасининг қарори (АВ томонидан 29.06.2015 йилда 2342-3-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Хўжалик юритувчи субъектларнинг банк ҳисобварақларидан пул маблағларини ҳисобдан чиқариш тартиби тўғрисидаги йўриқномага ўзгартириш киритилди.

Хусусан, Қонун ҳужжатларига мувофиқ ундирув қаратилмайдиган банк ҳисобварақлар рўйхатидан (Йўриқномага 1-илова) «Ўзбекэнерго» ДАК корхоналари ҳисобварақларидан тўловларни амалга ошириш тўғрисида низомга (МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 6.11.2001 йилда 1078-сон билан рўйхатдан ўтказилган) мувофиқ мақсадли маблағлар тақсимоти бўйича алоҳида тартибларда иштирок этадиган «Ўзбекэнерго» ДАК таркибидаги ташкилотлар иккиламчи ҳисобварақлари чиқариб ташланди. Мазкур ўзгартириш айтиб ўтилган Низомнинг ўз кучини йўқотган деб эътироф этилиши муносабати билан киритилди.

Қарор «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами»нинг 6.07.2015 йилдаги 26 (682)-сонида расман эълон қилинган кундан кучга кирди.

Ҳужжатларга қисқача шарҳларни
«Norma Profi» экспертлари Елена ЕРМОХИНА ва Сардор ЖУМАШОВ тайёрладилар.

Прочитано: 1726 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика