Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2015 год / № 29-30 / Хўжалик юритиш қоидалари

Биржа шартномаси: агар тўлов валютаси ўзгартирилса

ВМнинг 23.02.2015 йилдаги 31-сон Қарорининг 2-бандида белгиланишича, 1.06.2015 йилдан бошлаб юридик ва жисмоний шахслар томонидан хизматларни товар-хом ашё биржалари орқали экспортга сотиш фақат эркин алмаштириладиган валютада амалга оширилади.

Умумий қоидага кўра норматив-ҳуқуқий ҳужжат орқага қайтиш кучига эга эмас.

Биржада ижро муддати ҳали тугамаган, хизмат ва ишларни миллий валютасўмда экспорт қилишга доир рўйхатдан ўтказилган шартномалар мавжуд. Ушбу шартномалар кўрсатилган Қарор қабул қилингунга қадар тузилган эди.

1. Қарор 1.06.2015 йилдан кейин шартномаларнинг амал қилишини чекламайдими ва хизматларнинг қолган ҳажмини ЭАВга доир ҳисоб-китобларга ўтказмайдими?

2. Қарор билан белгиланган фақат ЭАВ учун ҳисоб-китоб қилиш талаби худди ўша биржалар орқали ишларни экспортга реализация қилишга татбиқ этиладими?

Б.Азимов,

«РУАПБ» АЖ бош директори.

 

1. Ҳақиқатан ҳам, ВМнинг 23.02.2015 йилдаги 31-сон Қарорининг (бундан кейин – 31-сон ВМҚ) 2-бандига кўра 1.06.2015 йилдан бошлаб юридик ва жисмоний шахслар томонидан хизматларни товар-хом ашё биржалари орқали экспортга сотиш фақат ЭАВда амалга оширилади.

«Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонуннинг1 31-моддасига мувофиқ айтилган ҳужжатлар орқага қайтиш кучига эга эмас ва улар амалга киритилганидан кейин юзага келган ижтимоий муносабатларга нисбатан татбиқ этилади. Бунда Қонуннинг (айнан Қонуннинг, ҳар қандай норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг эмас) амал қилиши у амалга киритилишига қадар юзага келган ижтимоий муносабатларга нисбатан қонунда тўғридан-тўғри назарда тутилган ҳоллардагина татбиқ этилади. Агар қонун содир этилган пайтда жавобгарликка сабаб бўлмаган ёки енгилроқ жавобгарликка сабаб бўлган хатти-ҳаракатлар учун юридик ва жисмоний шахсларнинг жавобгарлигини жорий этишни ёхуд кучайтиришни назарда тутса ёхуд юридик ва жисмоний шахсларга моддий зарар етказса, қонунга орқага қайтиш кучини бериш мумкин эмас.

Бинобарин, 31-сон ВМҚнинг 2-банди ҳам, Қарорнинг ўзи ҳам орқага қайтиш кучига эга бўлолмайди. Мазкур банд фақат у амалга киритилгандан кейин, яъни 1.06.2015 йилдан бошлаб юзага келган ва юзага келадиган муносабатларгагина қўлланади. Шу сабабли 31-сон ВМҚ 2-бандининг ушбу санадан амалга киритилган норматив қоидаси товар-хом ашё биржалари томонидан кўрсатилган санадан аввал рўйхатдан ўтказилган хизматлар экспортига доир шартномаларни тўлаш шартига таъсир эта олмайди ва таъсир этиши мумкин эмас. Бошқача айтганда, қонун ҳужжатлари 2015 йил 1 июндан бошлаб бундай шартномалар бўйича хизматларнинг қолган ҳажми учун ҳисоб-китобни миллий валютадан ЭАВга ўтказишга мажбур қилмайди.

2. Маълумки, нафақат товар ва хизматлар, балки ишлар ҳам экспорт қилиниши мумкин. Бироқ 31-сон ВМҚ 2-бандида ишлар умуман тилга олинмайди. Ушбу муносабат билан унинг ЭАВда тўлаш тўғрисидаги кўрсатмасини худди шу биржалар орқали ишларнинг экспортга реализациясига татбиқ этиш мумкинлиги масаласини аниқлаш учун ишлар хизматлардан нимаси билан фарқ қилишини билиш лозим.

Фуқаролик кодексининг (ФК) 81-моддасида назарда тутилишича, фуқаролик ҳуқуқларининг объектларига ишлар ва хизматлар киради. Бироқ ФК «иш» ва «хизматлар» тушунчаларига таъриф бермайди. Фикримизча, улар тушунчаларига таъриф берилган бирдан-бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат Маҳсулот тақсимотига оид битимлар ва геология-қидирув ишлари олиб бориш тўғрисидаги битимлар доирасида товарлар, ишлар ва хизматларни харид қилишда танловлар ўтказиш тартиби тўғрисида низом2 ҳисобланади. Унга мувофиқ:

иш – натижалари ашёвий шаклга эга бўлган ҳамда ташкилотлар ва (ёки) жисмоний шахсларнинг эҳтиёжларини қондириши мумкин бўлган фаолият (2-банднинг йигирма бешинчи хатбошиси);

хизматлар – натижалари ашёвий шаклга эга бўлмаган фаолият бўлиб, ушбу фаолиятни амалга ошириш жараёнида рўёбга чиқарилади (2-банднинг ўттиз биринчи хатбошиси).

Кўрамизки, иш ва хизматлар бир-биридан икки мезон бўйича фарқланади.

Биринчи мезон: иш натижаси хизмат натижасидан фарқ қилиб, моддий ифодага эга, ашёланган хусусиятли.

Иккинчи мезон: ишнинг ашёвий натижаси фақат тугалланган кўринишда реализация қилиниши мумкин; хизмат натижаси шу хизматни кўрсатиш жараёнида реализация ва истеъмол қилинади.

Бошқача қилиб айтганда хизмат ўзининг асосий мақсади сифатида жараёнга қараганда (кўпчилик ҳолларда) ушбу хизматни кўрсатиш бўйича фаолиятнинг (ҳаракатларни амалга оширишнинг) ўзини олади. Ишларни бажариш йўналтирилган асосий мақсадга келсак, бу – айни натижанинг ўзидир. Истеъмолчига ишни бажариш босқичлари қизиқарли бўлмаганлиги боис унга натижа, мисол учун, қуриб битказилган бино ёки иншоот муҳим.

Давом этамиз. Ишнинг ашёвий шаклини, ва, аксинча, хизматнинг ашёланмаган шаклини ФКнинг айрим нормалари ҳам кўрсатади. Чунончи:

пудрат шартномаси бўйича бир тараф (пудратчи) иккинчи тараф (буюртмачи)нинг топшириғига биноан маълум бир ишни бажариш ва унинг натижасини буюртмачига белгиланган муддатда топшириш мажбуриятини олади, буюртмачи эса иш натижасини қабул қилиб олиш ва бунинг учун ҳақ тўлаш мажбуриятини олади (ФКнинг 631-моддаси биринчи қисми);

пудрат шартномаси ашёни тайёрлаш ёки уни қайта ишлаш (ишлов бериш) ёхуд бошқа ишни бажариб, натижасини буюртмачига бериш ёки бошқача тарзда топшириш ҳақида тузилади (ФКнинг 632-моддаси биринчи қисми);

ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномаси бўйича ижрочи буюртмачининг топшириғи билан ашёвий шаклда бўлмаган хизматни бажариш (муайян ҳаракатларни қилиш ёки муайян фаолиятни амалга ошириш), буюртмачи эса бу хизмат учун ҳақ тўлаш мажбуриятини олади (ФКнинг 703-моддаси биринчи қисми).

Кўриниб турибдики, «иш» ва «хизматлар» тушунчалари ўртасидаги асосий фарқ уларнинг ифодаланиши бўлиб, бу ҳолат қонун ҳужжатларида ҳам қайд этилган. Иш моддий, хизмат эса, аксинча, номоддийдир.

Ушбу тушунчалар ўртасидаги яна бир фарқ уларнинг йўналишидир: ишни ўзи учун ҳам, бошқа шахс учун ҳам, хизматни эса фақат учинчи шахс фойдасига бажариш мумкин.

Юқорида баён этилганлар иш ва хизматлар турли тушунчалар, фуқаролик ҳуқуқларининг турли объектлари эканлигини таъкидлаш учун асос беради. Бинобарин, 31-сон ВМҚ 2-бандининг юридик ва жисмоний шахслар томонидан товар-хом ашё биржалари орқали экспортга хизматлар реализациясини фақат ЭАВга амалга оширишни белгилайдиган нормаси ишларнинг худди шундай реализациясига татбиқ этилмайди.

 

Камол МУЗАФФАРОВ,

«Norma Profi» эксперти.

 

Вазирликнинг жавоби 

Адлия вазирлиги сизнинг Интерактив давлат хизматлари ягона порталига жойлаштирилган мурожаатингизни кўриб чиқиб, қуйидагиларни маълум қилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 23 августдаги ПҚ-1602-сон Қарори билан тасдиқланган Адлия вазирлиги тўғрисида низомга мувофиқ мурожаатда кўтарилган масалалар бўйича тушунтиришлар бериш вазирликнинг ваколатлар доирасига кирмайди.

Шу билан бирга ахборот тартибида маълум қиламизки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 23.02.2015 йилдаги «Вазирлар Маҳкамасининг "Биржа ва ярмарка савдосининг самарадорлигини оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида" 1999 йил 15 апрелдаги 174-сон қарорига ўзгартириш киритиш ҳақида»ги 31-сон Қарори 2-банди билан белгиланишича, 2015 йил 1 июндан бошлаб юридик ва жисмоний шахслар томонидан хизматларни товар-хом ашё биржалари орқали экспортга сотиш фақат эркин алмаштириладиган валютада амалга оширилади.

«Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонуннинг 31-моддасига мувофиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар орқага қайтиш кучига эга эмас ва улар амалга киритилганидан кейин юзага келган ижтимоий муносабатларга нисбатан татбиқ этилади, ушбу Қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

 

Шокир САИДОВ,

Адлия вазирлигининг Тадбиркорлар ҳуқуқларини
ҳимоя қилиш бошқармаси бошлиғи.

 

114.12.2000 йилдаги 160-II-сон, 24.12.2012 йилдаги ЎРҚ-342-сон Қонун таҳририда.

2ВМнинг 25.06.2009 йилдаги 178-сон Қарори билан тасдиқланган. 

Прочитано: 2019 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика