ЯСТ тўловчиси бўлган корхона (ХХТУТ бўйича коди – 61134) Ўзбекистонда монтаж ва ишга тушириш-созлаш ишларини бажаради. Иш сайёр тусга эга ва узоқ муддатли хизмат сафарлари (бир ойга ва ундан кўп) билан боғлиқ. Корхонада 5 кунлик иш ҳафтаси ўрнатилган. Бу ҳол ходимлар билан меҳнат шартномаларида ҳам назарда тутилган. Ишлаб чиқаришнинг ўзига хослиги ва муддатларнинг қисқалиги муносабати билан хизмат сафари даврида иш вақтининг давомийлиги 8 соатдан ошади, дам олиш кунларида ҳам иш олиб борилади.
Соатлардаги иш ҳафтаси ва иш кунининг энг кўп давомийлиги қанча?
Ходимларни хизмат сафари даврида 6 кунлик ёки 7 кунлик иш ҳафтасига қандай ички ҳужжатлар асосида ўтказиш мумкин?
Оширилган иш ҳафтасига ўтказиш тўғрисида ДСИ ёки статистика органларини хабардор қилиш зарурми?
Т.Бахтина,
МЧЖ бош бухгалтери.
– Ходим учун иш вақтининг нормал муддати ҳафтасига 40 соатдан ортиқ бўлиши мумкин эмас. 6 кунлик иш ҳафтасида ҳар кунги ишнинг муддати 7 соатдан, 5 кунлик иш ҳафтасида эса 8 соатдан ортиб кетмаслиги лозим (МКнинг 115-моддаси).
Иш ҳафтасининг тури (2 кун дам олинадиган 5 кунлик иш ҳафтаси ёки 1 кун дам олинадиган 6 кунлик иш ҳафтаси) ва иш вақти режими (кундалик иш вақтининг (сменанинг) муддати, ишнинг бошланиш ва тугаш вақти, ишдаги танаффуслар вақти, сутка давомидаги сменалар сони, иш кунлари ҳамда ишланмайдиган кунларнинг навбат билан алмашиниши, ходимларнинг сменадан сменага ўтиш тартиби) корхонада ички меҳнат тартиби қоидалари, бошқа локал норматив ҳужжатлар билан, бу ҳужжатлар бўлмаганда эса, – ходим билан иш берувчининг келишувига биноан белгиланади (МКнинг 120-моддаси).
Олисдаги ва ўта муҳим бўлган объектларда қурилиш-монтаж ва ишга тушириш-созлаш ишларини амалга оширишда одатда меҳнатни ташкил этишнинг вахта режими қўлланади (Давархитектқурилиш томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 28.11.1998 йилда 551-сон билан рўйхатдан ўтказилган Олисдаги ва ўта муҳим бўлган объектларда қурилиш-монтаж ишларини амалга оширишнинг вахта усули тўғрисида низом). Вахта усулида одатда ҳисоб даври учун иш вақтининг йиғма ҳисоби – ой, чорак ёки ундан узоқроқ, бироқ бир йилдан кўп бўлмаган муддат белгиланади. Ушбу даврдаги иш вақтининг муддати Меҳнат кодексида белгиланган ҳафтадаги иш соатлари сонидан (40 соат) келиб чиқиб белгиланади. Вахтанинг давом этиши бир календарь ойдан, кундалик иш муддати эса 12 соатдан ошмаслиги керак. Тегишинча, ходимларнинг кундалик дам олиш муддати овқатланиш учун танаффусларни ҳисобга олганда камида 12 соат бўлиши керак. Агар ишлаб чиқариш зарурати бўйича кундалик дам олиш вақти камайтирилса, ушбу ҳолда фойдаланилмаган соатлар, шунингдек ҳафталик дам олиш кунлари жамланади ва ҳисоб даври мобайнида ишдан бўш бўлган қўшимча кунлар (вахталар ўртасида дам олиш кунлари) тарзида тақдим этилади. Жорий ойда ҳафталик дам олиш кунлари сони ушбу ойда тўлиқ ҳафталар сонидан кам бўлмаслиги керак. Ҳар бир ходимга ойлар бўйича ва ортиб борувчи якун билан бутун ҳисоб даври учун иш вақти ҳамда дам олиш вақтининг махсус ҳисоби юритилади.
Ҳисоб даври доирасида вахтада иш вақти ва дам олиш вақти жадвалини корхона маъмурияти одатда бир йил учун касаба уюшмаси қўмитаси билан келишган ҳолда тасдиқлайди ва ходимлар эътиборига у амалга киритилишидан камида 2 ой аввал етказади. Шу сабабли ходимларни 6 ёки 7 кунлик иш ҳафтасига ўтказишга алоҳида ички ҳужжатларни расмийлаштиришга ҳожат йўқ.
Шуни таъкидлаш лозимки, ходимларни вахтага юбориш хизмат сафари ҳисобланмайди. Солиқ ва статистика органларини корхонада иш вақти режими ўзгарганлиги тўғрисида хабардор қилиш ҳам керак эмас.
Ирина АХМЕТОВА,
«Norma Profi» эксперти.