Norma.uz

Корхона бошқа ҳудудга кўчганда...

Тошкент шаҳрида рўйхатдан ўтказилган МЧЖни бошқа шаҳарга кўчириш мумкинми? Агар мумкин бўлса, бу иш жараёнининг босқичлари ҳақида тушунтириб берсангиз.

 

– Фуқаролик кодекси (ФК) 46-моддасининг бешинчи қисмида назарда тутилганидек, юридик шахснинг номи ва жойлашган ери (почта манзили) унинг таъсис ҳужжатларида кўрсатилади. Шунингдек, «Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонун (6.12.2001 йилдаги 310-II-сон; кейинги ўринларда – Қонун) 13-моддасининг тўртинчи қисмига биноан жамият уставида жамиятнинг почта манзили тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилиши керак.

Бундан келиб чиқадики, агар жамиятнинг почта манзили ўзгарса, унинг устави ҳам шунга оид қисмида ўзгаради.

Жамиятнинг таъсис ҳужжатларига ўзгартишлар жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши1 қарорига биноан киритилади ва бундай ўзгартишлар қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилади (Қонун 11-моддасининг тўртинчи қисми).

Демак, биринчи навбатда жамиятингизнинг олий бошқарув органи унинг почта манзили ўзгартирилиши ҳамда у билан боғлиқ ўзгартиришларни таъсис ҳужжатларига киритиш ҳақида қарор қабул қилиши лозим.

Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатига олиш ва ҳисобга қўйишнинг хабардор қилиш тартиби тўғрисида низомнинг2 33-бандига биноан жамиятингизнинг ваколатли бошқарув органи (одатда, директор) юқорида айтиб ўтилган қарор қабул қилинган пайтдан бошлаб бир ой мобайнида унинг таъсис ҳужжатларига киритилган ўзгартиришларни рўйхатдан ўтказувчи органга ўзи келган ҳолда, почта алоқаси ёки Интернет тармоғи орқали қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

ариза;

тадбиркорлик субъекти ваколатли бошқарув органининг таъсис ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қарори;

ўзгартириш ва қўшимчалар матнининг ваколатли шахс (директор) томонидан имзоланган ва жамиятингизни муҳри билан тасдиқланган икки нусхаси.

Тошкент шаҳрида рўйхатдан ўтказилган МЧЖнинг бошқа шаҳарга кўчирилиши, табиийки, уни давлат рўйхатидан ўтказувчи органнинг ўзгаришига ҳам олиб келади. Шу боис жамиятингиз ПҚ-357-сон Низомдаги қоидаларга риоя қилган ҳолда янги рўйхатдан ўтказувчи органга мазкур Низомда кўрсатилган ҳужжатлардан ташқари, аввалги рўйхатдан ўтказган органнинг реестридан кўчирма ҳам тақдим қилади; кўчирма аввалги рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан мурожаатингиз олинган пайтдан бошлаб 1 кун мобайнида берилади (Низом 38-бандининг биринчи ва бешинчи хатбошилари).

Корхонанинг манзили муай­ян маҳаллий минтақадан (сизнинг ҳолатда – Тошкент шаҳридан) бошқа минтақага кўчар экан, унинг муҳр ва штампи ҳам ўзгартирилиши шарт. Шу боис янги рўйхатдан ўтказувчи органга икки нусхада муҳр ва штамп эскизлари ҳам тақдим қилинади.

ПҚ-357-сон Низом 36-бандининг биринчи хатбошисида белгиланганидек, тадбиркорлик субъектлари ўз почта манзили ўзгарган тақдирда 10 кун муддатда бу ҳақда рўйхатдан ўтказувчи органларни ёзма равишда хабардор қилишлари шарт. Бинобарин, сизнинг жамиятингиз ўзининг таъсис ҳужжатларига почта манзили ўзгартирилиши билан боғлиқ бўлган ўзгартиришлар киритиш ҳақида қарор қабул қилган кундан бошлаб 10 кун муддат ичида бу ҳақда янги рўйхатдан ўтказувчи органни ёзма равишда хабардор қилиши шарт (Аввалги рўйхатдан ўтказувчи органни бу ҳақда ёзма тарзда хабардор қилиш ҳам тавсия этилади). Мабодо жамиятингиз юқоридаги қарор қабул қилинган пайтдан бошлаб 10 кун муддатда (яъни 1 ойлик муддатнинг 11-кунидан бошлаб охирги кунига қадар эмас) таъсис ҳужжатларига киритилган ўзгартиришларни рўйхатдан ўтказиш учун барча тегишли ҳужжатларни янги рўйхатдан ўтказувчи органга тақдим қилса, бу ҳолат сиз ўз почта манзилингиз ўзгарганлиги ҳақида ёзма равишда хабар қилганлигингизни билдиради.

ПҚ-357-сон Низом 33-бандининг ўн олтинчи хатбошисига мувофиқ давлат рўйхатидан ўтказиш муддати, янги давлат рўйхатидан ўтказилганлик ҳақида гувоҳномани бериш билан бирга, 2 иш кунини ташкил этади. Жамиятингизга илгари у давлат рўйхатидан ўтказилган сана ҳамда рўйхатдан ўтказган орган ҳақидаги маълумот кўрсатилган давлат рўйхатидан ўтказилганлиги ҳақидаги гувоҳнома берилади. Тадбиркорлик субъектининг почта манзили ўзгарган ҳолда давлат божи олинмайди.

Янги рўйхатдан ўтказувчи орган икки кун мобайнида аввалги рўйхатдан ўтказувчи органга жамиятингизни давлат рўйхатидан ўтказганлик тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхасини ёки рўйхатдан ўтказиш ҳужжатларини тақдим этиш ҳақида сўровнома юборади. Аввалига рўйхатдан ўтказувчи орган бундай гувоҳноманинг нусхаси ёки тегишли сўровномани олганидан кейин, унинг рўйхатдан ўтказиш ҳужжатларини янги рўйхатдан ўтказувчи органга юборади ва бу ҳақда давлат реестрига тегишли ёзув киритади ҳамда солиқ ва статистика органларига бу ҳақда маълум қилади.

Қайта рўйхатдан ўтказиш жараёнлари (шу жумладан, муҳр ва штамп эскизини тасдиқлаш) якунлангандан кейин, жамиятингиз тегишли корхонага буюртма берган ҳолда янги муҳр ҳамда штамп тайёрлаши керак бўлади.

Шу билан бирга тадбиркорлик субъектининг жойлашган ери (почта манзили) ўзгаргандан кейин унинг лицензиялари ва бошқа тегишли ҳужжатлари ҳам қонун ҳужжатларида ўрнатилган тартибда қайта расмийлаштирилиши шарт.

 

1 Қонуннинг 37-моддасига кўра, бир иштирокчидан таркиб топган жамиятда жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши ваколатлари жумласига кирувчи масалалар юзасидан қарорлар жамиятнинг ягона иштирокчиси томонидан якка тартибда қабул қилинади ва ёзма равишда расмийлаштирилади.

2 Президентнинг 24.05.2006 йилдаги ПҚ-357-сон Қарорига илова (бундан кейин – ПҚ-357-сон Низом).


Камол МУЗАФФАРОВ,

Жавобни «Norma Profi» эксперт-юристи
тайёрлади.

Прочитано: 2242 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика