Ҳозирда ўзга шахс қонуний эгалигида бўлган кўчмас мулкка унинг собиқ мулкдори томонидан зарар етказганлиги учун қонунчиликда қандай жавобгарлик чоралари назарда тутилган?
А.Юсупов,
«Олимп» боғдорчилик-узумчилик ширкати раиси.
– Етказилган зарар энг кам ойлик иш ҳақининг (ЭКИҲ) юз бараваридан ошадиган бўлса, унда айбдорнинг ҳаракатлари Жиноят кодексининг 173-моддаси билан малакаланади.
Ушбу моддада қилмишнинг оғирлигига кўра, айбдор шахсга ЭКИҲнинг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима, ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари, ёхуд олти ойгача қамоқ, ёинки 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазо чоралари қўлланилиши назарда тутилган.
Етказилган зарар миқдори юқорида айтилган миқдордан кам бўлган тақдирда, шахснинг ҳаракатлари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 200-моддаси – «Ўзбошимчалик» билан малакаланиши ҳам мумкин. Унда айбдор шахсга ЭКИҲнинг учдан бир қисмидан бир бараваригача миқдорда жарима жазоси қўлланилиши мумкинлиги белгиланган.
Бунда зарарни ундириш масаласи ишни кўриб чиқувчи судья томонидан МЖТКнинг 38-моддасини қўллаш тартибида ҳал этилиши лозим.
Шу билан бирга иш ҳолатларига кўра, айбдорнинг ҳаракатлари МЖТК ёки ЖКнинг бошқа моддалари (безорилик ва ҳ.к.) билан ҳам таснифланиши мумкин.
Жавобни «Norma Profi» эксперт-юристи, ю.ф.н. Маҳкам ВОҲИДОВ тайёрлади.