Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2015 год / № 21 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

ИҚТИСОДИЁТ ВАЗИРЛИГИ ҲУЗУРИДАГИ МАРКАЗ БОЗОР КОНЪЮНКТУРАСИНИ ЎРГАНАДИ

Вазирлар Маҳкамасининг 7.05.2015 йилдаги 113-сон Қарори билан Иқтисодиёт вазирлиги ҳузуридаги Товар бозорлари конъюнктурасини ўрганиш ҳамда инвестиция лойиҳалари ва дастурларини экспертизадан ўтказиш Республика маркази тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Марказга товарлар бозори конъюнктурасини ўрганиш; истеъмол товарларининг алоҳида турлари ва номенклатураси бозорлари конъюнктурасини ўрганиш; ҳар ойлик таҳлилий маълумотларни ҳамда ҳар чораклик конъюнктура обзорларини тайёрлаш, истеъмол бозорини товарлар билан тўлдиришга доир тавсиялар ва таклифлар тайёрлаш; истеъмол бозорининг қисқа муддатли прогнозларини ишлаб чиқиш; давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ва бошқа ташкилотлар, шу жумладан хорижий сармоялар иштирокидаги корхоналар буюртмалари бўйича, шартнома асосида маркетинг ва конъюнктура тадқиқотлари ўтказиш; истеъмол товарларини ва ишлаб чиқариш мақсадларидаги маҳсулотларни импорт қилишнинг мақбул вариантини танлаш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқиш; инвестиция (ТИА/ДТИА, ТИА/ДТИҲ) лойиҳаларини Иқтисодиёт вазирлиги топшириғига биноан кўриб чиқиш ва бошқа вазифалар топширилди.

Марказ ҳузурида Ахборот таъминотини ташкил этиш ва товар бозорларида маркетинг тадқиқотларини ўтказиш ҳамда моддий рағбатлантириш бюджетдан ташқари жамғармаси ташкил этилади.

 

ҲАММА НАРСАНИ ГАРОВГА ҚЎЙИБ БЎЛМАЙДИ

Вазирлар Маҳкамасининг 8.05.2015 йилдаги 114-сон Қарори билан Давлат хавфсизлигини таъминлаш манфаатлари нуқтаи назаридан гаров ва ипотека қўлланилиши мумкин бўлмаган объектлар тоифалари рўйхати тасдиқланди. Рўйхатга 23 номдаги объект киритилди. Улар қаторидан қуйидагилар ҳам бор: ер ва ер ости бойликлари, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар, пул белгиларини, қимматли қоғозларни, орденларни ва медалларни ишлаб чиқаришни таъминловчи давлат корхоналари ва объектлар, автомобиль йўллари, қабристонлар ва бошқа объектлар.

 

давлат хизматлари РЕЕСТРи қандай юритилади

Вазирлар Маҳкамасининг 13.05.2015 йилдаги 120-сон Қарори билан қуйидагилар тасдиқланди:

Давлат хизматлари, шакллари ва бланкалари ягона реестрини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисидаги низом;

Давлат хизматлари кўрсатишда давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг идоралараро ахборот ҳамкорлиги тартиби тўғрисидаги низом.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги реестрни шакллантириш ва юритиш юзасидан масъул идора этиб белгиланди. Ягона реестр қуйидаги мақсадларда шакллантирилади ва юритилади:

жисмоний ва юридик шахсларга давлат хизматлари, шакллари ва бланкалари тўғрисида батафсил ахборотни тақдим этиш;

давлат органлари фаолиятининг очиқлиги, ошкоралиги ва самарадорлигини ошириш;

давлат хизматлари тўғрисидаги ахборотни йиғиш, умумлаштириш ва таҳлил қилиш, шунингдек уларни мақбуллаштириш ва амалга ошириш тартибини такомиллаштиришга доир таклифлар ишлаб чиқиш.

Ягона реестр ариза берувчиларнинг ҳуқуқларини белгилаш (битимларни, мол-мулкка бўлган ҳуқуқларни рўйхатга олиш ва шу кабилар) ҳамда ёзма ва бошқа шаклда расмийлаштириладиган юридик фактларни аниқлаш (маълумотномалар, гувоҳномалар, лицензиялар, рухсат бериш тусидаги ҳужжатларни бериш, штамплар қўйиш ва шу кабилар); ахборот бериш (кўчирмалар бериш, ахборотни эълон қилиш ва шу кабилар) ва бошқа хизматларни ўз ичига олади. Ягона реестр давлат тилида шакллантирилади ва юритилади ҳамда рус ва инглиз, шунингдек бошқа тиллардаги тенг қийматли ёки қисқартирилган версияларига эга бўлиши мумкин.

Давлат органлари шакллар ва бланкалар, ҳужжатлар ва бошқа ахборот намуналарини тайёрлайдилар ва электрон кўринишда Ягона реестрга киритадилар. Агар давлат хизмати олиш бошқа органлар томонидан бериладиган тегишли ҳужжатлар ва маълумотномаларни йиғишни назарда тутса, давлат хизматлари тўғрисидаги маълумотларда ушбу ҳужжатларнинг берилиши учун масъул бўлган органлар кўрсатилган ҳолда, мазкур ҳужжатларнинг батафсил рўйхати берилиши керак. Сўров олинган кундан кейинги бир иш куни мобайнида идоралараро электрон сўровни тегишли давлат органларига юборилади.

Давлат хизматлари кўрсатишда давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг идоралараро ахборот ҳамкорлиги тартиби тўғрисида низом мазкур ҳамкорликнинг асосий вазифаларини белгилайди. Бу вазифалар идоралараро электрон сўровларни юбориш, қайта ишлаш ҳамда хизматлар кўрсатувчи давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ўртасида сўровларга жавоб қайтаришдан иборат.

 

БОЖХОНАДА ЭКСПЕРТИЗА УЧУН ПРОБАЛАР ОЛИШ ТАРТИБИ ЎЗГАРТИРИЛДИ

Давлат божхона қўмитасининг қарори (АВ томонидан 4.05.2015 йилда 1269-2-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Ўзбекистон Республикасининг божхона чегарасидан олиб ўтилаётган товарлар пробалари ва намуналари билан божхона органлари тизимида муомала қилиш тартиби тўғрисидаги йўриқномага ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Товарни тадқиқ этиш (экспертиза қилиш) мақсадлари учун пробалар (намуналар) танлаб олиш тартиби чегаралаб қўйилди. «Эркин муомалага чиқариш» божхона режимида жойлаштирилган товардан пробалар (намуналар) танлаб олиш божхона текширувини ўтказаётган божхона органининг мансабдор шахси томонидан, товарга нисбатан ваколатга эга бўлган шахс ва иккита холис гувоҳлигида, зарурат бўлганда эса – мутахассис иштирокида амалга оширилади.

Бошқа ҳолатларда товарни тадқиқ этиш (экспертиза қилиш) мақсадлари учун пробалар (намуналар) танлаб олиш мазкур божхона органининг бошлиғи тайинлаган божхона органининг мансабдор шахси томонидан амалга оширилади.

Шуни эслатиб ўтамизки, илгари бундай чегаралашлар бўлмаган, пробаларни олишда ягона тартиб назарда тутилган. Бу жараён божхона органининг мансабдор шахси томонидан товарга нисбатан ваколатга эга бўлган шахс ва иккита холис гувоҳ, зарурат юзасидан эса – мутахассис иштирокида амалга оширилар эди.

Энди божхона органининг мансабдор шахси уларни Пробалар ва намуналар танлаб олишни рўйхатга олиш журналида қоғоз ёки электрон шаклда рўйхатга олади.

Киритилган ўзгартиришларга мувофиқ пробалар ва намуналарни олишда техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этилиши бўйича жавобгарлик нафақат тадқиқотни (экспертизани) тайинлаган (бошлаган) божхона органи бошлиғи, шунингдек танлаб олишни амалга ошираётган мансабдор шахс зиммасига ҳам юклатилади.

Ҳужжат билан экспертиза ва лаборатория тадқиқотларини тайинлайдиган божхона органларининг ўзаро муносабатлари тартибига тузатишлар, шунингдек бошқа қатор ўзгартиришлар киритилди.

Қарор «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами»нинг 11.05.2015 йилдаги 18 (674)-сонида расман эълон қилинган кундан кучга кирди.

 

ХУМШни КРЕДИТЛАШ ҚОИДАЛАРИГА ЎЗГАРТИРИШЛАР КИРИТИЛДИ

Марказий банк бошқарувининг қарори (АВ томонидан 4.05.2015 йилда 1126-3-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Тижорат банклари томонидан хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларини миллий валютада кредитлаш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритилди.

Ҳужжатда белгиланишича, энди Турар жойларнинг ички муҳандислик коммуникацияларини ва умумий фойдаланиладиган жойларини реконструкция қилиш ва капитал таъмирлашни молиялаштиришни кредитлаш, шунингдек бошқа мақсадлар учун етказиб бериладиган кредитлар муддати банклар томонидан ҳам мустақил равишда белгиланади.

Шуни эслатиб ўтамизки, илгари бошқа мақсадлар учун бериладиган кредитлар муддати, кредитланаётган фаолият турининг хусусиятидан келиб чиққан ҳолда, банклар томонидан мустақил белгиланар эди. Турар жойларнинг ички муҳандислик коммуникацияларини ва умумий фойдаланиладиган жойларни реконструкция қилиш ва капитал таъмирини амалга оширишни молиялашга кредитлар эса муддатини узайтириш ҳуқуқисиз 24 ойгача муддатга берилиши мумкин эди.

Қарздор банкка тақдим этиши мумкин бўлган таъминот турлари рўйхатидан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг кафиллиги чиқариб ташланди.

Шунга ҳам эътиборни қаратиш лозимки, Уй-жой фондини сақлаш ва таъмирлаш учун уй-жойни таъмирлаш-эксплуатация ташкилотларни танлов асосида аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомга (15.02.1999 йилдаги 637-сон) мувофиқ танлов савдолари (тендер) натижалари бўйича пудрат ташкилотини танлаш расмийлаштирилишини назарда тутадиган талаб Низомдан чиқариб ташланди.

Қарор «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами»нинг 11.05.2015 йилдаги 18 (674)-сонида расман эълон қилинган кундан кучга кирди.

 

КОММУНАЛ ХИЗМАТЛАРГА КОМПЕНСАЦИЯЛАР ТЎҒРИСИДАГИ ҲУЖЖАТЛАР ПРЕЗИДЕНТ ФАРМОНИГА МУВОФИҚЛАШТИРИЛДИ

Молия вазирининг буйруғи (АВ томонидан 7.05.2015 йилда 2175-3-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Президентнинг 14.04.2015 йилдаги ПФ–4715-сон «Кексаларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва моддий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига мувофиқлаштириш мақсадида Уй-жой-коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича компенсация пул тўловларининг механизми тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Киритилган ўзгартиришларга мувофиқ қуйидагилар энг кам иш ҳақининг 45%и миқдорида ойлик компенсация пул тўловлари олувчилари ҳисобланади:

а) 1941–1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчиларига тенглаштирилган шахслар. Уруш ногиронлари ва қатнашчиларига тенглаштирилган шахслар доираси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 8.09.2011 йилдаги 252-сон Қарори билан тасдиқланган Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 1 ва 2-сон иловаларида белгиланган;

б) ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз пенсионерлар;

в) Совет Иттифоқи Қаҳрамонлари, Социалистик Меҳнат Қаҳрамонлари ва «Шуҳрат» орденининг учала даражаси билан мукофотланган шахслар;

г) фашист концлагерларининг собиқ вояга етмаган маҳбуслари;

д) Ленинград шаҳри қамали даврида ишлаган фуқаролар;

е) кўриш қобилияти бўйича I гуруҳ ногиронлари;

ж) Чернобиль ҳалокати оқибатида жабрланган фуқаролар;

з) ядро полигонлари ва бошқа радиация-ядро объектларида ҳарбий хизматни ўтаган пенсия ёшидаги шахслар.

1941–1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчилари, уларга тенглаштирилган шахслардан ташқари, ЭКИҲнинг 50%и миқдорида ойлик компенсация пул тўловлари олувчилари ҳисобланади.

1941–1945 йиллардаги уруш давридаги меҳнат фронти қатнашчилари ойлик компенсация (ЭКИҲнинг 25%и) пул тўловларини оладилар.

Буйруқ «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами»нинг 11.05.2015 йилдаги 18 (674)-сонида расман эълон қилинган кундан кучга кирди.

 

Ҳужжатларга қисқача шарҳни «Norma Profi» эксперти Елена ЕРМОХИНА тайёрлади. 

Прочитано: 2800 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика