2 яшар фарзандини ўз вақтида прописка қилмаганлик учун Ўзбекистон қонун ҳужжатларида қандай жавобгарлик назарда тутилган?
Нигина Ўрмонова.
– Ўзбекистон Республикасида паспорт тизими тўғрисидаги низомнинг (Президентнинг 5.01.2011 йилдаги ПФ-4262-сон Фармонига 1-илова) 40-бандига кўра болангизни доимий прописка қилиш учун яшаш жойингиздаги паспорт столига қуйидагиларни тақдим этишингиз керак:
белгиланган шаклдаги ариза;
сизга тегишли Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг биометрик паспорти;
бола туғилганлиги тўғрисида гувоҳнома;
давлат божи тўланганлиги ҳақида квитанция.
Ҳали 16 ёшга тўлмаган ва ота-оналари (васийлари) билан бирга яшайдиган болаларни рўйхатдан ўтказиш (прописка қилиш) туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома бўйича, улар ҳақидаги маълумотларни уй дафтарларига (рўйхатдан ўтказиш карточкаларига) киритиш орқали амалга оширилади.
Фуқароларга шахсий мулк ҳуқуқида тегишли бўлган уйларда прописка уй дафтарлари бўйича амалга оширилади. Уларга яшаш жойи бўйича яшайдиган фуқаролар тўғрисидаги маълумотлар киритилади. 16 ёшга тўлмаган болалар уй дафтарининг 2-устунига ота-онадан бири (васий)га ёзилади (ИИВнинг буйруғи билан тасдиқланган, АВ томонидан 9.04.1999 йилда 698-сон билан рўйхатдан ўтказилган Ўзбекистон Республикасида паспорт тизимини амалга ошириш тартиби тўғрисида йўриқнома, бундан кейин – Йўриқнома).
Прописка карточкалари ва квартира карточкаларини юритиш тартибига асосан хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларининг уйларида фуқаролар прописка карточкалари ва квартира карточкалари бўйича прописка қилинади. Йўриқномага кўра прописка карточкалари яшаш жойи бўйича яшовчи фуқароларга, шунингдек 16 ёшга тўлмаган болаларга тузилади.
Қонун ҳужжатларида 16 ёшга тўлмаган фуқаронинг доимий пропискасиз яшаши учун жавобгарлик белгиланган. Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 223-моддасида ЭКИҲнинг 1 бараваридан 3 бараваригача миқдорда жарима тарзидаги жазо назарда тутилади.
Сиз паспорт столига мурожаат қилишингиз ва болангизни турар жойингизга прописка қилдиришингиз керак. Сизга маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузилади. Бироқ ички ишлар органининг раҳбари, ёзма тушунтиришингизда баён этилган муҳим ҳолатларга асосланиб, енгилроқ жазо қўллаш билан чекланиши мумкин.